Қирғизистонда Жогорку Кенеш депутатларига таътилга қадар хорижий ва ички хизмат сафарларига чиқиш тақиқланди. Бу ҳақда спикер Нурланбек Турғунбек ўғлига таяниб 24.kg хабар берди.

Спикер сессия тугашига атиги олтита мажлис қолганини айтди. Паламент сессияси 26 июнь куни якунланади.
Кейин икки ой таътил бўлади: бир ой — сайловчилар билан учрашувлар, бир ой — таътил. Шунинг учун, ҳурматли депутатлар, айниқса, фракция ва депутатлар гуруҳлари раҳбарлари, қўмита раислари, барча хорижий ва ички хизмат сафарларини, ҳатто таклиф этаётган томон тўлайдиган хизмат сафарларини ҳам бекор қилинг.
Ҳеч кимга рухсат берилмайди. Хафа бўлманг. Бизда жуда муҳим қонун лойиҳалари бор, кворум бўлиши керак, деган Нурланбек Турғунбек ўғли.
Маълумот ўрнида, 2024 йил июнь ойида ҳам қирғизистонлик депутатларга сафарга чиқиш тақиқланган эди. Депутатлар фуқаролар учун муҳим қонун лойиҳаларини қабул қилиши бунга сабаб қилиб кўрсатилганди. Жуда муҳим хизмат сафарларига фақат бир-икки киши бориши мумкин бўлган.
Кворум — бу йиғилиш ёки мажлис ўтказиш учун керак бўлган энг кам иштирокчилар сони. Агар белгиланган кворум тўпланса, мажлис ўз ишини бошлаши ва расмий қарорлар қабул қилиши мумкин. Агар кворум етарли бўлмаса, мажлис ўтказилмайди ёки ҳеч қандай қарор кучга эга бўлмайди.
Изоҳ (0)