Жорий йил июнь ойида Ўзбекистонда мавсумий дефляция қайд этилиб, товар ва хизматлар нархлари 0,2 фоизга пасайди.
Статистика агентлиги 2024 йил июнь ойидаги истеъмол нархлари индексини эълон қилди. Қайд этилишича, ўтган ойда мамлакатда 0,2 фоизлик мавсумий дефляция (товарлар ва хизматлар нархлари умумий даражасининг пасайиши) кузатилди. Йиллик инфляция эса 10,6 фоиз даражасида сақланиб қолди (май ойида ҳам 10,6 фоиз бўлган).
“Нархлар ўртача даражасининг пасайиши мева–сабзавот маҳсулотлари нархларининг мавсумий пасайиши фонида содир бўлди”, — дейилади агентлик таҳлилида.
Июнь ойи давомида озиқ–овқат маҳсулотлари 1,8 фоизгача арзонлашган бўлса, ноозиқ–овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, хизматлар 0,9 фоизга қимматлашган. Йиллик нисбатда эса озиқ-овқатлар нархида 3,5 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотларида 7,9 фоиз, хизматларда 27,9 фоиз ўсиш кузатилган.
Асосий озиқ–овқат маҳсулотларидан суякли мол гўшти 0,7 фоиз, қўй гўшти 1 фоиз, гуруч 0,3 фоиз қимматлашган. Буғдой уни 0,4 фоиз, сут 0,5 фоиз, тухум 1,1 фоиз, кунгабоқар ёғи 0,1 фоиз, шакар 1,2 фоиз арзонлашган.
Сабзавотлардан бодринг нархи 37,8 фоиз, булғор қалампири 41,3 фоиз, помидор 42,8 фоиз, бақлажон 53,9 фоиз, пиёз 13,9 фоизга сезиларли пасайган.
Электр энергияси, газ, иссиқ сув таъминоти тўловлари миқдори ошмаган. Дори воситаларининг қимматлашиши тўхтамаган ва нархлар июнь ойида 1,4 фоизга ошган. Бензин 1,4 фоизга, пропан 1,9 фоизга арзонлаган.
“Бензин ва пропан нархларининг пасайиши фонида жорий йилнинг июнида метан 11,9 фоизга қимматлашди”, — дея қайд этган Статистика агентлиги.
Ўтган ой давомида темирйўл транспорти 1,8 фоизга, ҳаво йўллар 0,2 фоизга ошган. Шу билан бирга, мактабгача ва бошланғич таълим хизматлари нархи 15,4 фоизга кўтарилган.
Июнда республикада давлат боғчалари учун ойлик тўлов 20 фоизга, хусусий боғчаларда 2,4 фоизга оширилди. Олий таълим соҳасида нархлар ўзгармади.
Изоҳ (0)