Ярим йиллик газ импорти ҳажми аввалги даврларнинг йиллик кўрсаткичидан ҳам сезиларли юқори бўлди.
Импортдаги рекорд
2024 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон 809,5 миллион долларлик табиий газ импорт қилди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълумот берди. Бундай юқори ҳажмдаги импорт охирги 8 йил давомида йиллик рақамларда ҳам қайд этилмаганди.
Ўзбекистон Россиядан газ импорти ҳажмини ошира бошлагач, жорий йилда газни хориждан сотиб олиш ҳажми рекорд даражада ортиши мумкинлиги прогноз қилинганди.
Таққослаш учун, республикада бутун 2023 йил давомида (олдинги йиллардагидан энг кўп) 694,9 миллион долларлик газ импорт қилинган.
Газ экспорти
2024 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон 241,4 миллион долларлик табиий газ экспорт қилган. Ўтган 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида республика 341,9 миллион долларлик газ экспортини амалга оширганди.
Таққослаш учун, чет элдан 2020 йилнинг биринчи 6 ойида 278,6 миллион долларлик, 2021 йилнинг мос даврида 265,6 миллион долларлик, 2022 йилнинг ярмида 525,4 миллион долларлик табиий газ сотиб олинган.
Газ қазиш ҳажми камайиб бормоқда
Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг ҳар ойлик саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилиб келади. Сўнгги статистик рақамларга кўра, 2024 йил биринчи ярим йиллигида мамлакатда 22,2 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинган. Ўтган 2023 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 23,5 миллиард куб метр бўлган. Орадаги йиллик тафовут —1,3 миллиард куб метрни ташкил этган.
Агентлик пресс-релизида 2019 йилнинг дастлабки 6 ойида 30,3 миллиард куб метр, 2020 йилнинг мос даврида эса қазишда сезиларли пасайиш кузатилиб, 25,1 миллиард куб метр газ олинган. 2021 йил январь июнь ойларида 26,2 миллиард куб метр, 2022 йилнинг биринчи ярмида 26,1 миллиард куб метр газ қазилган.
Изоҳ (0)