Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонга экспорт қилинадиган кўмир нархини 37 фоизга оширган. Бу ҳақда “Tazabek.kg” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, жорий йилнинг январь—май ойларида Қирғизистон Ўзбекистонга кўмирни 37 фоизга қимматроқ нархда экспорт қилган. Бу маълумотлар Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган.
Департамент маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки 5 ойи давомида Қирғизистон Ўзбекистонга 12,7 миллион долларлик 302 минг тонна кўмир экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 минг тоннага кам деганидир.
2023 йилнинг дастлабки ойларида Қирғизистондан Ўзбекистонга 303 минг тонна кўмир импорт қилинди. Маҳсулот учун эса 9,2 миллион доллар миқдорида тўловлар амалга оширилган.
Ушбу рақамлар Қирғизистон кўмирни 37 фоизга қимматроқ сотишни бошлаганини кўрсатади. Кўмир етказиб берувчилар нега нархларни бунчалик юқори этиб белгилангани маълум қилинмаган.
2024 йилнинг дастлабки 5 ойида экспорт қилинган кўмирнинг бир тоннаси учун ўртача қиймат 42 долларни ташкил этган. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 30,9 доллардан ошмагани хабар қилинган.
Изоҳ (0)