Қирғизистон—Ўзбекистон автомобиль заводи очилишида Тulpar Motors директори Мирбек Дубанаев битта машина йиғиш учун тахминан 15-20 дақиқа вақт сарфланишини айтди. Бу ҳақда АКИпресс хабар берди.
Завод раҳбарига кўра, лойиҳа уч босқичда амалга оширилмоқда. Айни пайтда завод биринчи босқичда бўлиб, унга 10 миллион доллар сармоя киритилган, бу босқичда ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 минг автомобилни ташкил этади, кейинги босқичларда эса йилига 30 минг автомобилга етказилади.
“Айни пайтда Chevrolet Tracker, Onix, Cobalt, Labo, Damas русумли автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Isuzu савдо ускуналари ҳам мавжуд: NPR75L ва NMR77H асосидаги ўртача 3-5 тонналик Isuzu юк машиналари, Isuzu D-MAX пикаплари. Ишлаб чиқариш аллақачон йўлга қўйилган ва автомобиллар харидорлар учун мавжуд”, дея тушунтирди Дубанаев.
18 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тulpar Motors автомобиль заводи ишлашига старт берди. Чуй вилоятининг Оқсув қишлоғидаги завод майдони 47 минг квадрат метрни ташкил этади ва General Motors ишлаб чиқариш технологиясидан фойдаланади.
Изоҳ (0)