Ўзбекистонда бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларга бюджет маблағлари ҳисобидан 2024 йил июнь ойининг II ярми иш ҳақи учун тўлаб берилган тўловлар тўғрисида маълумот берилди.
Унга кўра, Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларга бюджет маблағлари ҳисобидан 2024 йил июнь ойининг II ярми учун жами 5 840,7 миллиард сўмлик иш ҳақи тўлаб берилди.
Ғазначилик хизмати қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида бюджет ташкилотлари томонидан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун якуний ҳисоб-китоблар бўйича тақдим этилган сўровномаларга асосан тўлаб берилиши таъминланаётгани қайд этилди.
Жорий йил I чорагида Ўзбекистондаги ўртача ҳисобланган номинал иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида — 8,1 миллион сўм қайд этилди. 2024 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистондаги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 миллион сўмга етди (2023 йил мос даврида 4,1 миллион сўм).
Ҳудудлар кесимида энг юқори миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 8 миллион 116 минг сўм. Шу билан бирга, қолган ҳудудларга нисбатан юқори ўртача ойлик даромадлар Навоий (6,5 миллион сўм), Тошкент (4,7 миллион сўм) ҳамда Андижон вилоятларида (4,4 миллион сўм) кузатилган. Энг кам ўртача ойлик иш ҳақи эса Сурхондарё вилоятида — 3,5 миллион сўм.
Биринчи чоракда иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келган — 13,2 миллион сўм.
Изоҳ (0)