Россияда рус тилини билиш тўғрисидаги сертификати ҳақиқий эмас, деб топилган мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳақда “Российская газета” хабар берди.
Давлат думасига тегишли қонун лойиҳасини Леонид Слуцкий бошчилигидаги Россия Либерал-демократик партияси (ЛДП) вакиллари киритган. Агар мигрантнинг ватанига кетиши учун маблағи бўлмаса, у ўз мамлакатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ҳисобидан депортация қилинади.
“Бизга фақат талаб юқори бўлган, тилимиз ва мамлакатимиз тарихини ўрганишга ҳаракат қилган мутахассислар келиши лозим. Россияга алдов йўли билан келиб, жиноятчилик билан шуғулланаётган ва ўзига ҳужжатлар сотиб олганлар бюджетимизга зарар етказмасдан зудлик билан депортация қилинсин”, деди Слуцкий.
“Бизга фақат маданий муҳитга қўшилишга тайёр одамлар келиши керак. Бунда тил ҳам асосий рол ўйнайди. Бизга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, лекин қадриятларни, анъаналарни тушунадиган, рус тилини ўрганишга ва мамлакатимиз тарихини билишга тайёр мутахассислар керак.
Мигрантларнинг фарзандлари тил билмай мактабга қандай боришини кўряпмиз, чунки уларнинг ота-оналари Россияга алдов йўли билан кириб, ярим қонуний фаолият олиб бормоқда ёки мамлакатда қолиш учун ҳужжат сотиб олган. Уларни, албатта, депортация қилиш керак. Ушбу миграциянинг кулранг каналини, шу жумладан, қонунчилик йўли билан ҳам беркитиш керак”, дейди ЛДП депутати Владимир Сипягин.
“Тил сертификати — бу мамлакатимизда ишчи кучи сифатида қонуний бўлиш учун зарур шартдир. Сўнгги пайтларда меҳнат мигрантларига сертификат бериш мақсадида рус тили, Россия тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилик асослари бўйича имтиҳонларни сохта қабул қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу ерда мигрантларни чиқариб юбориш эмас, айнан сертификат берувчи институтлар устидан назоратни кучайтириш керак”, деган ЛДП депутати Жамаладин Гасанов.
Изоҳ (0)