2025 йил 1 июль куни “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан ташкил этилган “Анор” лойиҳасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа доирасида хориждан келган ўзбек фарзандлари 12 кун давомида Бўстонлиқ туманидаги “Ниҳол” соғломлаштириш оромгоҳида дам олди. Улар учун унутилмас кун — тақдирлаш маросими ва байрам концерти ташкил этилди.

Байрам дастурида бадиий чиқишлар, миллий рақс ва қўшиқлар намойиши бўлиб ўтди, иштирокчилар ижролари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, лойиҳада фаол қатнашган ёшлар тақдирланди ва уларнинг ютуқлари эътироф этилди.


Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан таништириш, миллий ўзлигини сақлаш, шунингдек, турли давлатларда яшаётган ватандошлар учун мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Мен бу лойиҳада иштирок этиш учун Қирғизистон давлатидан келдим. Бу ерда ватандошларим билан танишиб, мароқли вақт ўтказдим. 12 кун давомида турли йўналишларда тўгараклар бўлиб ўтди, улардан кўп янги билимлар олдим. Бу менинг Ўзбекистонга биринчи келишим бўлди ва мамлакатимиз менга жуда ёқди. Ушбу тажриба менга катта таассурот қолдирди, дейди Буллура Тўйчиева.

Лойиҳада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Қатар ва бошқа давлатлардан келган ватандошларимиз қатнашди. Бу 12 кунлик дастур давомида болалар фақат ҳордиқ чиқариш билан чекланиб қолмай, ўзбек тили, маданияти, анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Улар турли кўнгилочар, маърифий тадбирлар, шеърлар, викториналар ва экскурсияларда иштирок этди.
Хориждаги ёш ватандошлар орасида талаб жуда юқори бўлганлиги сабабли, давлатимиз раҳбари фармони билан бу лойиҳа мустаҳкамланди ва 2025 йилда учта мавсумда оромгоҳ ўтказишни режалаштирдик. Ҳар бир кун ўзига хос мавзу асосида ташкил этилди: истеъдод ва ижод, спорт, саломатлик, ўлкашунослик, туризм ҳамда миллий қадриятларга бағишланган кунлар бўлиб ўтди. Ҳар бир кун учун соатбай қизиқарли ва мазмунли дастурлар тузилган бўлиб, бу оромгоҳ бошқа мавсумий ва одатий оромгоҳлардан фарқ қилади. Хориждаги ватандошларимиз Ўзбекистондаги ёшлар билан бирга бу муҳитда дам олди. Биз эса улар учун янги муҳит яратишга, янгиликлар кашф этишга интилдик. Бунинг учун ўз соҳасининг энг яхши мутахассисларини таклиф қилдик. Ҳар бир йўналиш бўйича мутахассисларимиз болаларнинг истеъдодларини кашф этишда ёрдам берди, дейди “Ватандошлар” жамоат фонди етакчи мутахассиси Муниса Умурзакова.

Бу йил ушбу лойиҳага қатнашиш учун тўрт юздан ортиқ ватандошлар талабгор бўлгани боис Фонд томонидан махсус танлов уюштирилиб, 50 нафар ёшлар саралаб олинди. Фонд ёшларни эришган ютуқлари, таълим муассасасидаги баҳоларига қараб танлаб олди. Иштирокчилар орасида “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан жорий йилнинг май ойида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Халқаро Ўзбек тили олимпиадаси ғолиблари борлигини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли.
Тадбирлар давомида хориждаги ёш ватандошлар ўзбек тилини доимий ўрганиб боришлари учун “Ўзбекистонликмиз” мобил иловаси ишга туширилди ва унинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бундан кейин хориждаги ёш ватандошлар ўзбек тилини масофадан туриб исталган вақт ва жойдан туриб ўрганишлари мумкин. Келгусида ўзбек тилини ўрганишнинг А2, В1,В2 даражаларини ишлаб чиқиш устида ишлар давом этмоқда.

“Анор” лойиҳаси бу оддий оромгоҳ эмас, балки Ўзбекистон ва унинг ташқарисида яшаётган ёш юракларни боғловчи кўприкдир. Ҳар бир иштирокчининг қалбида унутилмас хотиралар, янги дўстлар ва Ватанга бўлган чуқур муҳаббат қолди.
Изоҳ (0)