Туркиянинг “Фенербаҳче” клуби “ПСЖ” ҳужумкор ярим ҳимоячиси Марко Асенсиони ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Бу ҳақда L’Equipe нашри хабар берди.

Манбаларга кўра, Истанбул жамоаси футболчи учун 15 миллион евролик таклиф юборган. Ушбу сумма — Асенсионинг 2026 йилга қадар амал қиладиган шартномасининг сўнгги йили учун белгиланган трансфер нархи ҳисобланади.
Қайд этилишича, “Фенербаҳче” вакиллари футболчи билан учрашиб, шартнома шартларини муҳокама қилган. Клуб бош мураббийи Жозе Моуриньо музокараларда бевосита иштирок этмоқда. У ҳужумнинг чап қанотини кучайтиришни истамоқда ва Асенсиони идеал номзод деб билмоқда.
Шунингдек, собиқ “Реал Мадрид” футболчиси Саудия Арабистони клубларидан ҳам қизиқишлар келиб тушаётганини инобатга олиб, бир нечта вариантларни кўриб чиқаётгани айтилмоқда.
Марко Асенсио ўтган мавсумнинг биринчи ярмида “ПСЖ” сафида, иккинчи ярмида эса “Астон Вилла”да ижарада ўйнади. У жами 37 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 10 та гол ва 5 та голли узатма ёздириб қўйган.
Изоҳ (0)