Ҳар қандай ота-она учун фарзандининг улғайганини ва мустақил ҳаётга тайёрлигини кўришдан каттароқ қувонч йўқ. Бу масалада машҳурлар ҳам оддий одамлардан фарқ қилмайди. Ўзларининг шон-шуҳратига, карьераси ва бойлигига қарамай, улар биринчи навбатда фарзандларининг бахтли ва муваффақиятли бўлишини хоҳлашади.
Пирс Броснан ва ўғли Дилан
Дилан — беш фарзанднинг тўртинчиси. Дилан ҳар доим отасини ажойиб йигит деб таърифлаган. Унинг сўзларига кўра, у болалигида отасининг машҳур одам эканини билмасди, одамлар кўчада Пирсга яқинлашганда, у шунчаки отамнинг дўстлари кўп деб ўйлаган. Гарчи актёр ўғиллари билан жуда яқин муносабатда бўлса-да, болалари касб танлашда ундан ўрнак олишмайди, чунки Пирс уларни касб машаққати ҳақида огоҳлантирган.
Дилан 2020 йилда коллежни тамомлагач, мағрур ота ўғлини қучоқлаб турган суратини ижтимоий тармоқларга жойлаштирди, изоҳда эса шундай ёзилганди: «Бу катта дунёга йўл ол ва уни ўзингники қил. Жасур, сахий ва мард бўл».
Дуэйн Жонсон ва қизи Симоне
Симоне — Дуэйн Жонсоннинг тўнғич қизи. Ҳозир у 21 ёшда ва отасининг изидан бормоқда. Қиз яқинда мусобақаларда рестлер (курашчи) сифатида қатнаша бошлади, шу тариқа ушбу спорт тарихидаги 4-авлоддаги биринчи рестлерга айланди.
Дуэйн қизининг қароридан фахрланади ва бошқа болалари каби уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бир неча йил олдин актёр Симоне ҳақида шундай деган эди: «У туғилганда қўлимга олиб: Мен ҳар доим сенга ғамхўрлик қиламан. Умрингнинг охиригача хавфсиз бўласан, — деб ваъда бергандим».
Риз Уизерспун ва қизи Ава
46 ёшли актриса ва 23 ёшли қизи Ава ўртасида жуда кучли ришталар мавжуд. Бу йил Аванинг туғилган кунида фахрга тўла она шундай деб ёзди: «Сенинг ҳар куни ажойиб аёл бўлиб улғайишингни кузатиш мен учун ҳақиқий совғадир».
Гарчи кўпчилик учун улар эгизак опа-сингилларга ўхшаса ҳам, она ва қизнинг бу борада ўз фикри бор. Ризнинг сўзларига кўра, у ва Ава буни пайқашмайди.
Кетрин Зета-Жонс ва қизи Керис
19 ёшли Керис 53 ёшли актриса ва Майкл Дугласнинг кенжа қизи. Кетрин қизи билан ўхшашлигини намойиш қилиш учун биргаликдаги фотосуратларини тез-тез ижтимоий тармоқларга жойлаштиради.
Юлдузли мақомига қарамай, Кетрин ва унинг эри фарзандларини оддий оиладек тарбиялашга ҳаракат қилган. «Мен ишлаган пайтда Майкл болалар билан уйда ўтирарди ёки аксинча. Фарзандларим ўз илдизларини билишларини, ақл билан ўйлашларини ва одоб-ахлоқни унутмасликларини жуда хоҳлайман», — дейди Кетрин.
Арнольд Шварценеггер ва қизи Кетрин
Кетрин — Арнольд Шварценеггернинг иккинчи фарзанди. 2019 йилда у Крис Праттга турмушга чиқди. Арнольд қизи актёрга турмушга чиққанидан жуда ҳайратда қолганини тан олади. Болалигида у отаси билан суратга олиш майдончасига боришни ёқтирмасди. «Бошқа фарзандларим камералар олдида рол ўйнашимни томоша қилишни яхши кўришарди, лекин Кетрин суратга олиш вақтида доим йиғларди», — дейди у.
Шундай бўлса ҳам Арнольд қизининг бахтли эканлигидан хурсанд ва куёвини осон тил топишадиган ажойиб йигит сифатида тасвирлайди. Ўз навбатида, Кетрин отасини туғилган куни билан ижтимоий тармоқларда табриклади ва унга бўлган меҳрини изҳор қилди: «Сиз дунёдаги энг яхши ва энг қувноқ дадасиз! Сизнинг борлигингиз — бизнинг бахтимиз».
София Вергара ва унинг ўғли Маноло
Актриса Манолони 19 ёшида дунёга келтирган ва унинг болалиги бахтли бўлиши учун қўлидан келганини қилган. «Одамлар ўғлимни одобли, келишган ва қувноқ эканлиги учун мақташса, барча қурбонликларим беҳуда кетмаганини тушунаман», — дейди София.
Ҳозир Маноло 31 ёшда ва унинг онаси билан кўп умумий жиҳатлари бор, жумладан, итларга бўлган катта муҳаббат. У ҳатто итлар учун ҳашаматли брендни ишга туширди ва София унинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Мадонна ва ўғли Дэвид
Мадонна Дэвидни Африканинг Малави давлатидаги болалар уйида кўрганидаёқ у билан боғлиқ нимадир борлигини ҳис қилади. Шундан сўнг хонанда 1 ёшдан ошган болакайни асраб олади. Ҳозир Дэвид 17 ёшда ва онаси у билан жуда фахрланади. Ўғли 16 ёшга тўлган кунида у шундай деб ёзган эди: «Дэвид, бирпасда катта бўлиб қолганингга ишонолмаяпман! Сен рассом, спортчи ва шунчаки харизматик йигицан».
Мадонна Дэвидни ўзига жуда ўхшаш деб ҳисоблайди: «Менимча, бошқа болаларимга қараганда унда генларим кўпроқ».
Мавзуга доир:
- Хит бўлган биргина қўшиғи туфайли умрининг охиригача етадиган бойлик орттирган юлдузлар (видео)
- «Менинг энг хавфли душманим ўзим эканимни биламан» — актриса ва хонанда Линдси Лоҳан 3 ёшида бошланган карьерасидаги туб бурилишлар ҳақида
- Фильмдаги қаҳрамонларига ўзларининг дидига ишониб кийим танлаган актёр ва актрисалар (фото)
- Актриса, официант, психолог, сузувчи ва веб-дизайнер: оддий қизларга уйланган шаҳзодалар (фото)