Ижтимоий тармоқларда «Наманган вилояти Чортоқ туманида Nexia автомобили ёниб кетди» сарлавҳали хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 12 декабрь куни соат 16:53 да Чортоқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими 101 қисқа рақамига хабар келиб тушган. Унда Мустақиллик шоҳкўчасида ҳаракатланиб кетаётган фуқаронинг ишонч қоғози орқали бошқарувида бўлган Nexia-2 автомашинасида ёнғин содир бўлаётгани билдирилган.
Келиб тушган хабарга асосан ёнғин қутқарув экипажи воқеа жойига юборилган ва соат 17:00 да ёнғин қутқарувчилар томонидан бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида автомобиль мотори қисман, салон ҳамда ҳайдовчига тегишли ҳужжатлар ёниб зарарланган. Содир бўлган ёнғинда куйиб, тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: