Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» табиий газ қазиб чиқарилиши, геология-қидирув ишларини кенгайтириш борасида бажарилаётган вазифаларни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.

«Ишчи гуруҳ» аъзолари Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида янги майдонларда углеводородлар захирасини ошириш, конларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва технологик объектларни қуриш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ўрганишларнинг иккинчи кунида, бошқарув раиси раҳбарлигида «Зеварда» конида жойлашган штабда департамент бошлиқларидан иборат «Ишчи гуруҳ» аъзолари, Муборак бошқармаси раҳбарияти, кон бошлиқлари, бош мутахассислари ҳамда қудуқларни бурғилаш, капитал таъмирлаш ишларини олиб бораётган пудратчи ташкилотлар, шунингдек, қурилиш ташкилотлари раҳбарияти иштирокида Муборак ҳудудида олиб борилаётган ишлар бўйича сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Муборак бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида бажарилган ва 2022 йил охиригача углеводородларни қазиб чиқариш кўрсаткичларини ошириш учун конларда режалаштирилган тадбирлар ва уларнинг ижросини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида бошқарма директори Гулмурод Мавлонов, директор ўринбосари Улуғбек Тўраев ҳамда Бош геолог Бобир Абдураимовнинг ҳисоботи тингланди.

Ҳисобот даврида Муборак бошқармаси бўйича геолого-техник тадбирлар доирасида 21 та янги ишлатиш қудуқлари бурғиланди, 231 та қудуқларда таъмирлаш ва интенсификация ишлари бажарилди. Шу билан бирга, 16 та технологик объектлар ишга туширилди. Ушбу тадбирлар ҳисобидан январь июль ойларида қўшимча 524,1 миллион куб метр табиий газ ва 10,6 минг тонна газ конденсати қазиб олишга эришилди.

Муборак бошқармаси «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги энг йирик корхона ҳисобланиб, унда йилига қарийб 16 миллиард куб метр табиий газ ва 111 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқарилади. Ҳисобот даврида Муборак бошқармасида 8,9 миллиард куб метр табиий газ, 57,9 минг тонна нефть, 160,2 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди. Шундан 8 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди.

Муборак ҳудудида олиб борилаётган геологик излов-қидирув ишлари ҳолати бўйича Геология департаменти бошлиғи Анвар Гадоев ҳисоботи тингланди. Маълум қилинишича, 2022 йилда ушбу йўналишда Муборак ҳудудида «Чўллиота», «Янги алат», «Янги тегирмон», «Олтинкўл» каби 7 та янги майдонларни бурғулашга киритиш ва йил охиригача 19 та излов-қидирув қудуқлари қурилиш ишлари билан тугатилдт. Натижада газ заҳирасини 12 миллиард куб метрга ва суюқ углеводородлар захирасини 280 минг тоннага ўстириш режалаштирилган. Шунингдек, Муборак ҳудудида катта чуқурликлардаги янги истиқболли майдонларни, хусусан, терриген-юра ётқизиқларининг истиқболлигини ўрганишга қаратилган янги йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг ҳисоботи берилди.

Ҳудудда амалга оширилаётган янги излов-қидирув ва ишлатиш қудуқларини бурғулаш ишлари ҳолати тўғрисида Бурғулаш ишларини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Элёр Маматов ва «Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари» МЧЖ директори Улфат Аманов ҳисобот берди.

2022 йилнинг август декабрь ойларида бошқармада 13та янги ишлатиш қудуқларини ва 11 та излов-қидирув қудуқларини бурғулаш билан топшириш режалаштирилган бўлиб, ушбу қудуқларни ўз вақтида топшириш учун зарур моддий-техник ресурслар билан таъминлаш ҳамда бурғилаш ишларини жадаллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва муаммолар муҳокама қилинди.

Конларни геологик ва гидродинамик моделлаштириш, технологик режим бўйича ишлатиш ва янги қудуқларни бурғулаш ўринларини белгилаш ва мукаммал таъмирлашга қудуқларни саралаб олиш борасида жорий йилнинг етти ойида бажарилган ва 2022 йил охиригача углеводородларни казиб чиқариш прогноз кўрсаткичларини бажарилиши учун режалаштирилган чора-тадбирлар бўйича Конларни ишлатиш департаменти бошлиғи Сирожиддин Маллаев ва бошқарманинг бош геологи Бобур Абдурайимовлар ҳисоботи тингланди. Хусусан, «Помуқ» конидаги 15-сонли қудуқда олиб борилган ишлар ҳисоботи берилиб, ушбу йўналишда конларнинг қудуқлар фонди билан ишлаб тугатилган фондаги қудуқларни ишлатишга қайтариш, қудуқларда ёнлама ўзанни бурғулаш билан муракккаб таъмирлаш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилгани ва август декабрь ойларида 25 та қудуқларда шу каби ишларни амалга ошириш режалаштирилгани айтиб ўтилди.

Бошқармадаги мавжуд сиқув компрессор станцияларнинг иш ҳолати, двигателларни таъмирлаш, зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш йўналишида 2022 йилниг ўтган даврида бажарилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азизхон Раҳмонов ва Харидлар департаменти бошлиғи Дилмурод Бурхонов ҳисоботлари ҳам тингланди.

Бошқарув раиси томонидан куз-қиш мавсумида табиий газни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш учун Муборак бошқармасидаги мавжуд 15 та сиқув компрессор станцияларидаги 7 та двигателларни йил охиригача таъмирлаб етказиб беришни ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

«Кўкдумалоқ», «Денгизкўл» станциялари газ ҳайдаш агрегатларига эҳтиёт қисмлар харид қилишни жадаллаштириш, «Сомонтепа» сиқув компрессор станцияси учун Чехиядан 1 дона «Taurus-70» русумли газтурбинали двигателни қисқа муддатда етказиб келиб ишга тушириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, конлардаги табиий газ захирасини максимал даражада қазиб олиш ва технологик жараёнларни яхшилаш мақсадида «Гирсан», «Чўлқувар», «Шўмак» каби кичик конлар учун қудуқ усти компрессорларини харид қилиш бўйича тегишли хулосаларни олиш ва тендер савдолари ўтказиб шартномалар тузиш юзасидан ҳам кўрсатмалар бериб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш давомида Муборак ҳудудида 2022-2026 йилларда углеводородлар қазиб чиқаришни барқарорлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш, лойиҳалаштириш ишлари ва конларнинг инфраструктураларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган илмий-техник ечимлар, истиқболли йўналишлар, 2022-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган янги йўналишларда углеводородларни қазиб олишни амалга оширишга қаратилган тадбирлар юзасидан «ЎзЛITIнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Улуғбек Назаров ҳисобот берди.

Шундан сўнг, 2022 йилнинг ўтган етти ойида бажарилган ва йил якуни билан бажариладиган қудуқларни мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ бош директори Руфат Қудратов, «Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш» МЧЖ директори Низомиддин Қаҳҳоров ва «Махсусэнергогаз» АЖ бошқарув раиси Дилшод Ҳақбердиевларнинг ҳисоботлари тингланди.

Бошқарув раиси томонидан, Муборак ҳудудида қудуқларни мукаммал таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, қудуқлар фонди билан ишлаш шунингдек, барча корхоналар бир-бирига яқиндан ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлаши орқали қудуқларда амалга оширилаётган ишларни жадаллик билан олиб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

Йиғилиш давомида кон бошлиқларининг табиий газ қазиб чиқариш бўйича амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳам эшитилиб, уларнинг муаммоли масалалари ва таклифлари тингланди. Кўтарилган масалаларни ҳал қилиш бўйича тегишли рахбарларга топшириқлар берилди.

Йиғилиш якунида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан Муборак ҳудудида геологик қидирув ишларини олиб боришни жадаллаштириш, қудуқларни мукаммал таъмирлаш, бурғулаш ишларини кучайтириш, 2022 йил якуни билан белгиланган режа кўрсаткичларини бажаришни таъминлаш йўналишдаги устувор вазифалар бўйича бошқарма раҳбарияти, тегишли департамент бошлиқларига аниқ кўрсатмалар ва топшириқлар берилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати

Изоҳ
Асосий янгиликлар