Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Сўнгги пайтларда онлайн қимор ўйинлари айрим тоифадаги инсонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бундай ўйинлар натижасида нафақат молиявий таъсирга, балки қарамликни келтириб чиқарувчи ҳиссий таъсирга ҳам тушиб қолиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Миллий урф-одатларимиз ва менталитетимизга, шунингдек, диний қарашларимизга ёт бўлган қимор ўйинларини ноқонуний равишда ташкил этиш ҳолатлари, айниқса, онлайн тарзда оммалашиб, ўсмир ва ёшларни ўз домига тортаётгани ачинарли ҳолатлардан биридир.

Ҳаттоки, бундай ўйинларда кўп миқдоридаги пулини ютқазиб қўйиб, охир-оқибат ўз жонига қасд қилиш ёки ютқазиб қўйган пулини тўлаш учун жиноят содир қилиш ҳолатлари ҳам юз бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда республикада тотализатор ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш ва албатта, бундай хизматларни реклама қилиш ноқонуний ҳисобланади. Бу борада 2021 йилда ўтказилган 1 105 та ўрганишларда 102 та ҳолатда бундай ноқонуний хизматлар рекламаси аниқланган. Ахборот ва оммавий коммуникасиялар агентлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 30 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди.

Бинобарин, мамлакатимизда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ҳамда ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддасида жиноят сифатида белгилаб қўйилган. Қолаверса, бундай ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш, шунингдек, вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилган.

Жумладан, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади».

Бу борада хориж тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Германияда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан боғлиқ жиноятлар Жиноят кодексининг «Ғаразли жиноятлар» бўлимидан жой олган ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этган шахс учун белгиланган жазо эса 6 ойгача этиб белгиланган.

Францияда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик масалалари 1983 йилда қабул қилинган «Қимор ўйинлари тўғрисида»ги қонунда баён этилган. Ўтган вақт давомида мазкур қонунга бир неча бор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Қонуннинг 1-моддасига биноан, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузиш, яъни мазкур фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ёки лицензия талабларига риоя этмаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 90 минг еврогача жарима қўллаш билан жазоланади. Агар қилмиш бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса, жазо 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 200 минг еврогача жарима солишгача оғирлашади.

Буюк Британияда қимор ўйинларини тартибга солиш мақсадида 2005 йилда «Gambling Act 2005» номли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда казинолардаги ўйин бизнесини, ўйин автоматларидан фойдаланишда, лототереялар ташкил этишда, шунингдек, букмекерлик идораларининг фаолиятида юзага келувчи ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан назорат қилувчи моддалар назарда тутилган. Шунингдек, ушбу ҳужжат ўйинга оид фаолият билан шуғулланиш учун лицензия бериш тартибини ва мазкур турдаги фаолиятни назорат қилувчи орган – Гамблинг комиссияси (Gambling Comission)нинг ваколатларини белгилайди.Бундан ташқари, «Gambling Act 2005»да вояга етмаган шахсларни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб этиш масаласига алоҳида тўхталган. Вояга етмаган шахсларга қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ҳар қандай шаклда реклама қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган. Қонуннинг 46-моддасида вояга етмаган шахсларга қимор ва таваккалчиликка асоланган бошқа ўйинлар ҳақида маъумотлар бериш ва уларда бу каби ўйинларга қизиқиш уйғотиш жиноят таркибини келтириб чиқариши белгиланган.

Шунингдек, қонуннинг 47-моддадасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ташкил этиладиган ҳудудларга вояга етмаган шахсларнинг киришига имкон берган шахсларнинг жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

АҚШнинг Федерал миқёсдаги ва 50 та штат миқёсидаги Жиноят кодекслари, шунингдек, Колумбия Федерал округининг жиноят кодекси асосида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ҳамда ўтказиш жиноятларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, АҚШ қонунлари (United states Code)нинг «Гамблинг» («Қимор ўйинлари») деб номланган бобида қонунга хилоф равишда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этганлик учун жавобгарлик масалалари ёритилган.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларнинг қонунга хилоф равишда ташкил этилиши ва ўтказилиши фуқароларга нафақат руҳий таъсир ўтказади, балки молиявий қарамликка дучор этиб, оилавий низоларга ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, ушбу фаолият нақд пулларнинг банкдан ташқари муомаласи кўпайишига, солиқлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товланишига йўл очади ҳамда шу орқали мамлакатимизнинг иқтисодий равнақига путур етказади.Шунга кўра, фуқароларнинг огоҳлигини ошириш, давлатнинг бу борадаги назоратини кучайтириш ҳамда ота-оналар томонидан ўз фарзандларининг бўш вақтларидан унумли фойдаланиши устидан мунтазам назорат олиб борилиши юқоридаги каби салбий иллатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Юлдуз Жонузоқова,

Адлия вазирлиги ҳузуридагиҲуқуқий сиёсат тадқиқот институтимасъул ходими

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди