Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари тенг бўлиб дунёга келади. Ирқи, тана ранги, жинси, эътиқоди ва сиёсий қарашлари, табақаси ҳамда ижтимоий келиб чиқиши жамиятдагилардан фарқ қилгани камситилиш, таҳқирлаш, ерга уриш ва ажратилишга сабаб бўлмаслиги керак. Бундай дискриминацияларга қарши курашган шахслар нафақат ўзи балки, бутун инсоният тараққиёти, равнақи ва ҳаётнинг тинч кечишига ҳисса қўшади.

«Дарё» «Тарихда қолган аёллар» рукнида ирқий айирмачилик, тенгсизликка жим қараб туролмаган, қачондир бунга барҳам бериш кераклигини ўз журъати мисолида исботлаган Роза Паркснинг ҳаёт йўлига назар ташлайди.

Болаликдан бошланган нотенглик

Роза Паркснинг болалиги

Роза Паркснинг болалиги
Фото: Getty Images

Қора танли америкаликлар, айниқса аёлларнинг камситилишига қарши курашган, уларнинг манфаатлари учун жон куйдирган аёл сифатида тарих саҳифаларида қолган Роза Паркс 1913 йил Таскиги шаҳрида, дурадгор ва ўқитувчилар оиласида дунёга келди. Келиб чиқиши афроамерикалик, шотланд, ирландияликларга бориб тақалган Паркснинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар безовта қилади. Сурункали тонзиллитдан азият чеккан қизалоқнинг ота-онаси у 5 ёшга тўлар-тўлмас ажрашишга қарор қилади. Онаси турмуш ўртоғи билан муносабатларига чек қўйгач, икки фарзандини олиб ота уйи — Алабамадаги фермага кўчиб кетади.

Онаси иш баҳонасида ҳафталаб йўқ бўлиб кетар, болалар бўлса асосий вақтини бува ва бувиси билан ўтказарди. Кун келиб онаси қайта турмушга чиқади. Аммо 8 йил бирга яшаган бўлса-да, Роза кейинчалик бирон марта ҳам ўгай отасининг исмини тилга олмайди. 11 ёшигача қишлоқ мактабида таҳсил олган қиз, ўқувчилик йилларидаёқ ирқчилик билан боғлиқ дискриминацияга дуч келади — оқ танлилар мактаб автобусидан фойдаланганда, қора танлилар пиёда қатнашга мажбур бўларди. Камига уларнинг оқ танлилар билан бирга дарсда ўтириши мумкин эмасди.

Қора танлилар учун мўлжалланган мактабдаги аҳволни эса қониқарли деб бўлмас, ўқувчилар кўпроқ вақтини қишлоқ хўжалиги ишларига сарфлаши учун дарс соатлари сони кам ажратилганди. Бошланғич мактабни тамомлаган Роза кейинроқ Мисс Уайт қизлар мактабида ўқий бошлайди. У ерда тикиш-бичишни ўргангани ҳаёти давомида асқатади. Ўқиш вақти у ўзи сингари қора танли америкаликларнинг ҳуқуқлари учун курашувчи фаол Раймонд Паркс билан танишади. Аксарият вақтини бирга ўтказган жуфтлик дин, сайловда иштирок этиш ва умумий эркинлик борасида соатлаб суҳбат қурар, уларнинг бу борадаги фикрлари бир-бирига тўғри келарди.

16 ёшида бувисининг саломатлиги сабаб мактабни ташлаб кетган Роза орадан уч йил ўтиб Раймонд билан оила қуради. Умр йўлдоши ўқишни давом эттиришга кўндиргани боис 1933 йилда дипломни қўлга киритади. Бир қарашда бу факт ғайриоддий туюлмас, лекин 1930 йилларда ўрта таълим дипломига эга мутахассислар АҚШдаги қора танли аҳолининг атиги 7 фоизинигина ташкил қиларди.

Таҳқирланган инсон шани

Фото: Getty Images

Фуқаролик уруши ва қуллик тақиқланганидан сўнг жанубий штатларда ирқий сегрегация ва озод қилинган қора танлилар дискриминациясига қарши «Жим Кроу қонунлари» қабул қилинади. Аммо ирқий айирмачилик билан боғлиқ можаролар тобора орта бошлайди. Шунчалик жиддийлашган вазият қора танлиларнинг калтакланиши-ю, ўлдирилишигача боради, ҳатто.

Розанинг буларни бошқалар сингари одатий қабул қилмаслигига бобосининг тақдири ҳам сабаб бўлганди. Савдогар ва унинг қўлида қул бўлиб ишлаган қора танли аёлдан никоҳсиз туғилган бобоси болалигида ўз отаси томонидан таҳқирлангани, бошқалар хўрлаганда ҳам шунчаки кузатиб турганини айтиб берарди. АҚШда қулликка чек қўйилиши ҳам унинг ҳаётини осонлаштирмаган. 1900 йилларда Алабамада Ку-клукс-клан тобора машҳурлашган, бора-бора қирғинлар одатга айланганди.

Олти ёшда биз аслида озод эмаслигимизни англаш учун етарлича катта эдим.

Роза Паркс

Номи ўлим билан синонимга айланган Ку-клукс-клан ташкилотига 1865 йилда асос солинганди. Улар қотиллик, ўт қўйиш ва калтаклаш каби жиноятларни осонгина амалга оширар, аҳолининг қора танли қисми клан аъзоларининг ваҳшиёна ҳаракатларидан юрак ҳовучлаб яшарди. Роза ҳам 1920 йилда бувасининг Ку-клукс-клан ҳужумидан қўрқиб милтиқ сақлагани, кечалари эшик ёнида қўриқчилик қилиб чиққанини яхши эслайди.

«Бобомнинг милтиғи доим шай турар, мен эса кечаси билан унинг ёнида ўтириб чиқардим. Бошимдан ўтказган айрим нарсалар сабаб ҳалигача сурункали уйқусизликдан азият чекаман», — деганди Роза Паркс.

Бобосининг болалигидаги юки оғир ҳикояларини тинглаб катта бўлгани етмагандек, ўзи ва укасининг тенгдошлари томонидан мазах қилинаверишига кўз юмиб бўлмасди. Ҳаммаси бир бўлиб, ахири бир кун сабр косаси тўлади ва укасини ўкситганлардан бирининг таъзирини бериб қўяди. Ушбу воқеадан кейин бувисига набирамни «самосуд» қилишса-чи, — деган ўйлар тинчлик бермайди. Розанинг айтишича, ундаги камситилишларга қарши курашиш ҳисси болалигида, укасини бошқалардан ҳимоя қилишга бел боғлаган вақтда аланган олган.

Тикувчилик ортидан кун кўрган «активист»

Фото: Getty Images

Роза 1932 йил 18 декабрда касби сартарош-у, ўзи камситилишларга қарши фаол бўлган Реймонд Паркс билан оила қуради. Турмуши давомида фарзандли бўлмаганига қарамай, иш ва фаоллик борасида фикрлари доим бир жойдан чиқади. Шундай бўлса-да, тери ранги туфайли иш топиш билан боғлиқ муаммолар кузатилади. Алалоқибат тикувчилик ортидан кун кўра бошлайди.

Жуфтлик ноҳақлик ва камситилишларга жим қараб туриб бўлмаслиги, бунга қарши курашиш кераклигини тушуниб етади. 1943 йилда NAACP (Рангли аҳолининг тараққиётига кўмак бериш миллий ассоциацияси)га қўшилган Роза кейинроқ Монтгомери шаҳридаги маҳаллий бўлим котибасига айланади. NAACP’нинг аъзоси бўлган Паркс скоттсборолик йигитлар ишига ёрдам сифатида маблағ йиға бошлайди. Бир неча ўн йиллар ўтса ҳамки, муҳокама қилишдан тўхталмаган судга 1931 йилнинг баҳорида бўлиб ўтган воқеа сабаб бўлганди.

Алабама штати бўйлаб ҳаракатланаётган поезддаги йигитлар орасида чиққан муштлашув, полиция ходимларининг 9 нафар қора танли йигитларни олиб кетиши-ю, икки аёлнинг зўравонликдан азият чеккани айтилган кўрсатмаси билан давом этади. Фақатгина оқ танлилардан иборат судьялар эса йигитларни бараварига айбдор топиб, улардан саккизтасини ўлимга ҳукм қилади. Бунга жим қараб бўлмас, адолатсизликка қарши чиққанлар орасида эса табиийки Паркс ҳам бор эди. Узоқ давом этган суд жараёнига Коммунистик партия аралашувидан сўнг 1937 йилда айбдорлардан бештаси оқланади.

Адолат излаб

Полиция идорасига олиб кетилган Роза Паркс

Полиция идорасига олиб кетилган Роза Паркс
Фото: Getty Images

Паркс хоним NAACP аъзоси сифатида Алабама бўйлаб кўп кезади. Сафари давомида ирқий айирмачилик, камситилиш ва «самосуд»дан азият чекканлардан интервью олади. Улар орасида 1944 йилда 6 нафар оқ танли эркак олиб қочиб зўравонлик қилган, шундай бўлса-да, ўзининг жабрдийдалигини исботлолмаган 24 яшар Рейси Тэйлор ҳам бор эди. Тэйлор зўравонлар қилмишларига яраша жазолансин, дея маҳаллий шерифга мурожаат қилган, лекин авж олган ирқчилик сабаб Алабама судини бунга ишонтириш қийин бўлган.

Адолат қарор топишини истаган Роза Рейсига ёрдам беришга енг шимариб, суриштирув олиб борган, терговда хатога йўл қўйилганини фош қилишнинг уддасидан чиққан. Ҳимоячилар жамоасини шакллантиришдан ташқари, ОАВ вакилларини ҳам жалб қилган. Аммо буларнинг бари бесамар кетади — тажовузкорлар оқланиб, сувдан қуруқ чиқади. Аммо эгилса ҳам синмайдиган ҳақиқат — 2011 йил Алабама штати Тэйлор олдида бўлиб ўтган ҳодиса учун узр сўраши билан қарор топади.

Ҳаётини ўзгартирган воқеа

Фото: Getty Images

Паркснинг ўзи ҳам доимий равишда камситилишларга дуч келаверган, лекин 1943 йилдаги автобусда бўлиб ўтган ҳолат ҳаммасидан ўтиб тушади. Доимий кунларнинг бирида қора танли йўловчиларга қўпол муносабатда бўлиб, уларнинг шаънини таҳқирлашга ўрганиб қолган Жеймс Блейк исмли ҳайдовчи, автобуснинг олди эшигидан чиққан Розадан тушиб, орқа эшикдан қайта чиқишни талаб қилади. Паркс итоат қилиб тушганида эса Блейк бошқарувидаги автобус юриб кетади.

«Мен бошқа бу одам ҳайдайдиган автобусга чиқишни умуман хоҳламадим. Ушбу воқеадан кейин автобусга чиқишдан аввал уни ким бошқараётганига эътибор бера бошладим. Бундай нобакор билан бошқа тўқнашгим келмасди», — деган Паркс болиб ўтган ишдан кейин.

Бироқ бу Блейк билан боғлиқ охирги машмаша эмасди. Паркс минг эътиборли бўлишга уринмасин, жини суймаган ҳайдовчи бошқарадиган автобусга чиқишдан қочиб қутилолмаган. Аммо навбатдаги воқеа аввалгисидан фарқли ўлароқ нафақат Роза, балки АҚШдаги барча афроамерикаликларнинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборади.

Фото: Getty Images

1955 йилнинг 1 декабрь куни ишдан уйга қайтаётган аёл шунчалик чарчаганидан, узоқ вақтдан буён биринчи марта рулда ким эканига парво қилмасдан автобусга чиқиб ўтиради. Қайсидир лаҳзада Блейк «оқ» йўловчи ўтирмоқчи эканини айтиб, Розадан жойни бўшатишни талаб қилади. Ўша кунгача бўлган қоидага кўра, Паркс сўзсиз итоат қилиб, ўрнидан туриши, оқ йўловчига жой бериши керак эди. Бундан сал аввалроқ Розанинг таниши ҳайдовчининг «гапига кирмагани» учун автобусдан жуда ҳам қўпол тарзда ҳайдалган, бундан эса табиийки Розанинг хабари бор эди.

Муттасил хўрланган бобоси, калтакланган укаси, ёқиб юборилган мактаб, мазах ва таҳқирларга нуқта қўйиш вақти келганди. Буни ич-ичидан англаган, нотенгликлар ҳиқилдоғига келган аёл жим туриб, ҳаракатсиз исён қилади, яъни оқибатини жуда яхши билса-да, ҳамма қатори йўл ҳақи тўлаб ўтирган жойидан турмайди. Ҳайдовчи унинг гапига «қулоқ солмаган» йўловчига: «Полицияга қўнғироқ қиламан», — дея пўписа қилади. Роза эса: «Қилавер», — деганча пинагини ҳам бузмайди. Орадан кўп ўтмай етиб келган полиция ходимлари «жой бермаган» аёлни қўлларига кишан тақиб олиб кетади. Суд уни айбдор топиб, 10 доллар миқдорда жарима белгиланади.

«Мен чарчамагандим. Одатдагидан кўпроқ жисмоний толиқмагандим ҳам. Мен ҳис қилган ягона чарчоқ — ноиложликдан бўйсуниш билан боғлиқ эди», — дейди у ўша кун ҳақида гап кетганда.

Бўлиб ўтган машмашадан кейин ёш ва ҳали танилиб улгурмаган Мартин Лютер Кинг исмли пастор (протестант мазҳабидаги руҳоний) Розани ҳимоя қилишга киришади. У бошчилигида жамоат транспортига бойкот эълон қилинади.

Паркс яшайдиган шаҳар — Монтгомеридаги деярли барча қора танлилар автобусга чиқмай, иш ва ўқишга пиёда ёки велосипедда қатнай бошлайди, транспорт воситалари бўшаб қолади. Ўзини қоплолмаётган автобус линияларининг бир нечтаси ҳукумат томонидан ёпилади. 381 кун давом этган норозиликка 40 мингга яқин киши қўшилади.

Розанинг ўзи ҳам намойишларда иштирок эта бошлайди, у аъзо фаоллар гуруҳи бойкот тарафкашлари учун хусусий машиналарда сафар ташкиллаштиради. Шу тариқа 1956 йил 21 февралда Паркс такроран, қисқа муддатга қамоққа олинади. The New York Times эса унинг полиция идорасидаги фотосуратини чоп этади.

1956 йил 13 ноябрда АҚШ олий суди жамоат транспортида сегрегацияни қонунга хилоф деб топади. Бу Мартин Лютер Кинг ва оддий тикувчидан ирқий айирмачиликка қарши курашган аёл — Роза Паркснинг илк ғалабаси эди. Бироқ Розанинг машҳурлиги оилавий ҳаётига ижобий таъсир қилмайди.

Раймонд ишидан айрилади — унинг раҳбари газеталар «гапиришдан» тўхтамаётган қўзғолончининг турмуш ўртоғи билан ишлашни истамайди. Розанинг ўзи ҳам ишсиз қолади, унга ўлдириш билан боғлиқ пўписалар ҳам кўпаяди. Шу ва бошқа сабаблар Парксларнинг Монтгомеридан Детройтга кўчиб ўтишига олиб келади.

Детройтда ҳаёти аста-секин изига туша бошлайди. Конгрессмен кичик Жон Конерснинг ёрдамчиси бўлиб иш бошлайди. Унинг вазифаси ижтимоий дастурлар билан шуғулланиб, уйсизларга турар жой топишга ёрдам беришдан иборат эди. Мартин Лютер Кинг ва бошқа фаоллар билан биргаликдаги ҳаракатлари боис кейинчалик «фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракатининг онаси» номини олади.

Нафақат Америка, балки бутун дунёни ўзгартирган

Алабамадаги Роза Парксга атаб қўйилган ҳайкал

Алабамадаги Роза Парксга атаб қўйилган ҳайкал
Фото: Getty Images

1977 йилда бева қолган Розада молиявий муаммолар кўпаяди, уйидан айрилишига сал қолади. Ёши ўтиб қолгани ҳисобига иш топиши ҳам осон бўлмайди. Лекин қўшнилари, маҳаллий черков вакиллари молиявий кўмак учун бирлашиб, уни ёлғиз ташлаб қўймайди. 2005 йилнинг 24 октябрь куни, 92 ёшида ҳаётдан кўз юмган Роза билан хайрлашиш маросимига 30 мингдан ортиқ киши ташриф буюради.

Билл Клинтон томонидан Озодлик медали билан тақдирланди, Обама эса: «У Америка ва бутун дунёнинг ўзгаришига ёрдам берган», — дея таъкидлаган Роза Паркс ирқий айирмачиликнинг айрим кўринишлари ўтмишда қолишига ҳисса қўшган. Ҳаёти қийинчилик ва муаммоларга тўла бўлганига қарамай, Паркс хоним қилган ишидан афсусланмаган.

Мен тўла ҳуқуқли фуқаро бўлишга муносибман, хоҳлайман ва шу учун курашганман.

Роза Паркс

Унинг ҳаёти ҳақиқат учун курашиш, ноҳақликларга исён кўтариш ирқ, жинс ва ижтимоий келиб чиқиш билан боғлиқ эмаслиги, биргина ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жамият ва дунёдаги кўп нарсаларнинг ўзгаришига туртки бўлишига исбот бўла олади.

Иқтибослари:

  • «Инсон бошқаларга намуна бўладиган ҳаёт кечириши керак»
  • «Тангри менга ҳақиқатни айтиш учун ҳамиша куч берган»
  • «Дунёда фақат бир ирқ бор. Бу ҳам бўлса инсоният»
  • «Одамзод эркинликдан баҳра олиб яшаши керак»
  • «Кимдир биринчи қадам ташлаши кераклигини билган ҳолда, қимирламасликка қарор қилдим»
  • «Ёшлардаги энергия ижобий ўзгаришлар учун ҳақиқий куч»
  • «Мени доим эркинликка интилган инсон сифатида эслаб қолишларини хоҳлайман»
  • «Менга иккинчи тоифа (нав) одамдек муносабатда бўлишларидан чарчаганман»
  • «Одамлар ҳиссиётсизликдан, орзулар эса жасорат ва илҳом йўқлигидан ўлади»
  • «Тўғри иш қилишдан ҳеч қачон қўрқманг»

Фото: «Дарё»

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Украинадаги урушни Россия бошламаган» — Путин (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига газ қуйиш вақтинча тақиқланди
Маҳаллий
Тошкентда Cobalt йўлдан ўтаётган она-болани уриб юборди (видео)