Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида дори воситаларини дорихонадан ташқарида сотиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ш.С. дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, 100 қути «Гепарен-белмед» ва 600 қути «Клексан» номли дори воситаларини фуқаро Д.га сотмоқчи бўлган. У 134,5 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.