Бугунги дунёда кечаётган ўта зиддиятли вазият чуқурлашиб бориши билан бир вақтда сиёсий жараёнларда янги истиқболли тенденциялар, трендлар шаклланмоқда. Шундай трендлардан бири давлатлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, такомиллаштириш янги имкониятларни яратиш бўлаётир. Ўз навбатида давлатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларда стратегик ҳамкорлик шакли янги тенденция сифатида ривожланиб бормоқда.
Асосийси бу соҳадаги фикрлар, қарашлар, баҳолар академик ёки алоҳида мутахассислар доирасидан кенг жамоатчилик доирасига айланиб бормоқда. Бошқа айтадиган бўлсак, оммавий ахборот воситаларида, айниқса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Бу қувонарли тенденция, демак ички ва ташқи сиёсатга нисбатан ва халқаро сиёсатда бўлаётган жараёнлар моҳиятини тушунишга нисбатан фуқароларнинг ижтимоий сиёсий маданияти замонавий руҳда шаклланиб бораётганидан дарак беради.
Лекин шуни айтиш керак, бу соҳадаги жараёнларни тушуниш, унинг асл моҳиятига, унда яширинган ижобий ва салбий жиҳатларни, таъсир этиши нимага қаратилганини англаш учун ўта масъулият билан бир вақтда профессионал ёндашувни, профессионал билимни талаб қилади. Воқеани охирига тушунмасдан, тагига етмасдан фикр билдириш ёки бошқаларга ўз фикрини тиқиштириш беқарорликка олиб келиши мумкин. Чунки сиёсий жараёнлар соҳасида тарқатилаётган хабарлар, постлар, мақолалар ва билдирилаётган баҳоларнинг асл мақсади ҳар бир давлатнинг сиёсий манфаатларидан келиб чиққан бўлади.
Бундан ташқари, айрим сиёсий кучлар, гуруҳлар, террористик ва экстремистик, шунингдек, жиноий гуруҳлар ижтимоий гуруҳлар орқали ўзларининг салбий фаолиятини олиб бормоқдалар. Улар учун етарли билим ва тажрибага эга бўлмаганлардан фойдаланиш қўл келади. Бундай шароитда албатта давлатимизнинг олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатини тушуниш унга нисбатан объектив, ватанпарварлик мезони асосида муносабат билдириш керак, бу ҳолат ўз навбатида объектив ва профессионал билимни талаб қилади.
Келинг, шу маънода Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Хитой билан ўзаро муносабатларнинг, жумладан стратегик шерикликнинг ўрни ва истиқболи, икки томонлама алоқаларнинг мазмуни ва ривожланиш суръатлари қандай бормоқда? Бунда қайдай янги тенденциялар, аналитиклар тили айтганда қандай янги трендлар вужудга келмоқда ва истиқболи қандай бўлади? Икки томонлама алоқаларнинг жаҳонда кечаётган янги жараёнлар билан уйғунлиги қандай? Ўзаро алоқалардаги асосий трендлар нималардан иборат? Ўзаро муносабатларни ривожланишига тўсқинлик қиладиган ёки ёрдам берадиган шарт шароитлар, омиллар борми? Ўзаро ҳамкорлик учун халқаро миқёсдаги ўзгаришлар қандай имкониятлар афзалликлар беради? Каби саволларга жавоб берайлик.
Авваламбор шуни айтиш керакки, ўзаро алоқаларнинг мазмуни ва унда пайдо бўлаётган ўзгаришларга қизиқиш борган сари ўсиб бормоқда. Қуйидаги ҳолатларга эътибор берайлик, биринчидан, ўзаро алоқаларимиз узоқ тарихга бориб тақалади, аммо мустақилликдан сўнг тенг ҳуқуқлик ва суверенлик асосида стратегик шериклик характер касб келмоқда. Икки мамлакатда фаолият юритаётган тадбиркорлар, олимлар, мутахассислар билан, ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, давлат ташкилотлари, олий ўқув юртлари, илмий ташкилотлараро алоқалар кенгайиб бормоқда. Айниқса, 2016 йилдан буён бу жараёнларни суръати ошиб боряпти.
Иккинчидан, албатта бу муносабатлар халқаро миқёсда бўлаётган воқеалар ва ҳодисалар таъсири остида шаклланиб мослашиб уйғунлашиб бормоқда.
Учинчидан, ўзаро алоқаларнинг ривожланиш тенденциялари янги трендлари билан Россия, АҚШ, Европа ва Осиё минтақасининг давлатларида катта қизиқиш пайдо бўлиб манфаатдорлик нуқтаи назаридан кузатиб бормоқдалар. Бунинг асосида Хитойнинг бугунги кундаги дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири эканлиги бўлса, иккинчи томондан Ўзбекистоннинг Осиё ва Европани боғловчиси сифатидаги салоҳияти ва олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатининг мазмуни ташкил этмоқда. Албатта бу ҳолатлар икки томоннинг манфаатларидан келиб икки томон масъулиятлари асосида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган ва ҳар бир давлатнинг масъуллиги ва манфаатлар аниқ белгилаб берилган ва шу асосда ривожланиб келмоқда.
Ўзбекистон—Хитой муносабатларининг асосий манфаатлари ва тамойиллари, ўзаро масъулиятлар ҳар томонлама асосланган қуйидаги сиёсий ҳуқуқий ҳужжатларда «Дўстлик ва ҳамкорликнинг шерикчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома» (2005 йил), «Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация» (2012 йил), «Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома» (2013-й.), «Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация» (2013-й.), «Ўзбек—Хитой ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисидаги қўшма декларация» (2014 йил), Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув битими (2016-й.) ва Халқаро автомобиль транспорт йўли тўғрисидаги битим (2017-й.).
Стратегик шерикчилик тизимли характерга эга бўлиб, давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқотларида, аниқ кузатилмоқда, ўз навбатида кўп қирралик муносабатларни янги йўналишларни аниқлаб бермоқда. 2016 йилдан бошлаб алоқалар ўзининг янги трендларини келтириб чиқарди. Яъни давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишончга асосланган мулоқотни механизми доимий характерга эга бўлди, мазмун ва суръати тезлашди. Шунингдек ўзаро муносабатларда янги импулслар, янги имкониятлардан ўз вақтида самарали фойдаланишга интилиш янгича аҳамият касб этди.
Бу мулоқатлар ўзгарувчан янги даврнинг талабларидан ва унинг ижобий таъсир омилларидан келиб чиқиб «янги ўсиш нуқта»лари аниқлаб олишга ва уни амалга ошириш бўйича барча имкониятлардан фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқишга олиб келди. Қуйидаги ҳолатларга эътибор берайлик, 2017 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг ХХР раҳбари Си Цзиньпин билан музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун янги устувор йўналишларни белгилаб олдилар. 2018 йили ШҲТ саммити доирасидаги учрашув эса икки томонлама муносабатларга янгича импулс берди. 2019 йилда «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми доирасидаги мулоқотларда кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг «янги ўсиш нуқта»лари аниқлаб олинди. 2020 йил 7 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти чоғида Cовид-19 касаллигига қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этишда биргаликда фаол ҳаракат қилиш, барча соҳаларда ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди. Ўз навбатида шу йилнинг 8 февралида Ўзбекистон раҳбарининг қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Хитойга амалга оширган ташрифи давомида икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан мулоқот олиб боришди.
Муҳими, ўзаро алоқаларнинг стратегик шериклик даражасида олиб борилаётганлиги, икки давлат учун ҳам, жаҳон ҳамжамияти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга воқелик бўлиб, улкан супер Евро Осиё минтақасида янги тартиботлар келишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳам вертикал ҳам горизонтал ривожланиш векторига эга бўлди, унинг мазмуни яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат билан бойиб бормоқда. Албатта булар ўз самарасини бера бошлади, яъни анъанавий ҳамкорликка қўшимча равишда янги трендлар иқтисодий дипломатия, саноат кооперацияси, илғор технологияларга асосланган ва янги талабларидан келиб чиқиб ишлаб чиқариш корхоналарига инвестициялар киритиш, энергетика, транспорт коммуникациялари бўйича кўп қиррали ҳамкорлик ҳамда минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни жадал ривожланиши кузатилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Жўраев Сайфиддин Аҳматович
Изоҳ (0)