Тошкентда 3 март куни «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусида халқаро анжуман бошланди. Унда иштирок этаётган БМТ бош котибининг ўринбосари – Аксилтеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков Президент матбуот хизматига интервью берди.
Воронков интервьюда террорчиликка қарши курашда Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида гапириб ўтди.
«Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев билан учрашдим. Биз Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида суҳбатлашдик. Террорга қарши кураш масаласига келсак, ҳеч иккиланмай шуни айтишим керакки, Ўзбекистон бу борада етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бугунги кундаги конференцияга айнан Ўзбекистон раҳбарлик қилаётгани ҳам шундан гувоҳлик беради», – дейди Воронков.
Шунингдек, Воронков Ўзбекистон ҳукуматининг «Меҳр» операцияси доирасида бажарилган ишлари ҳамда Афғонистон билан олиб бораётган ҳамкорлик масалаларини юқори баҳолади.