Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги Қўғай қишлоғида жойлашган автомобилларни ювиш шохобчаси бир қарашда бошқа шохобчлардан деярли фарқланмайди. Ҳатто бироз одмироқ ҳам. Лекин истисноси бор: бу ерда фақат аёллар ишлайди. «Дарё» мухбири ушбу шохобчада бўлиб, «мойкачи» аёлларнинг ҳикоялари ва дардларини тинглади.

«Тирикчилик ўтяпти, лекин орттиролмаймиз»

Камола Раҳимова, автомобилларни ювиш шохобчаси раҳбари

«Бошида бу ерлар атрофи дов-дарахтга тўла оддий тупроқ жой эди. Темир сўритоклар ясаттирдик, тепасини енгил ёпдик. Иш бошлаганимизга 5 йилдан ўтди. Битта кичкина сув пуркайдиган карчер билан бошлаганмиз. Ҳозиргача ариқ суви ишлатамиз. Тепасини охиригача ёпиб, ёнини ўрашга кучимиз етмади барибир. Ўзимиз учун шароит қилолмадик.

Уч киши — мен ва икки келин ишлаймиз. Турмушимдан ажраганман, икки нафар болам бор, онамнинг уйида тураман. Ака-укаларнинг топгани ёки ойимнинг пенсиясига қараб ўтирмай деб шу ишни бошладим, кейин келинларни ҳам қаторга қўшдик.

Камола Раҳимова.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

Кўряпсиз, ҳатто қиш чилласида ҳам ишлаяпмиз. Лекин қийинчиликни баҳона қилиб, уйда ўтирсак, тирикчилик ўтмайди. Менда икки, келинимиз Ҳимоятда уч бола бор. Уларни боқиш, оёққа турғизиш керак.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

Эркаклар машинани қандай ювади, билмадим, лекин аёллар тоза ювади деб мижозлар кўп келади. Беш йилдан бери ишлаётган бўлсак, ҳали ҳеч кимдан ‘мана бу жойи чала бўпти’ ёки ‘яхши қарамабсизлар’ деган эътирозни эшитмадик.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

Кунига ўртача 15-20 тача машина ювамиз. Даромадимиз тузук, 400-500 минг сўм топган кунларимиз ҳам бўлган. Лекин шунга яраша чиқимлар ҳам бор-да! Кунига камида 100 минг сўм еди-ичдига кетади. Болалар касал бўлади, дори-дармон, ‘памперс’ оламиз. Свет, солиқ, экология бор, кредит тўлаймиз. Карчер бир кун ишласа, иккинчи кун бузилиши бор, уни фалон пулга таъмирлатамиз.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

Нолимаймиз, тирикчилик ўтяпти, лекин орттиролмаймиз. Қачондан бери шу шохобчани устини ёпамиз деб режа қиламиз, охирига етмайди. Иш эрталаб соат 6-7 да бошланади, буёғи кечки 22 гача чўзилиб кетади. Ёз кунлари ундан ҳам кеч бўлиши мумкин. Мижозлар келганида ‘йўқ, беркитдик’ деёлмаймиз.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

Битта машинани ювиб, тозалаб беришимиз 25 минг сўм. Шаҳарларда анча қиммат деб эшитамиз, лекин нарх ҳозиргидан баланд бўлса, қишлоқ шароитида мижоз қочиб кетади. Агар автомобилни бозорбоп қилиб ювиб, моторигача тозалаб, чиннидек ярақлатиб берадиган бўлсак, хизмат ҳақи 100 минг сўм бўлади. Лекин вақт ҳам шунга яраша кетади-да!  Пули камроқ ёки юраги торроқ мижозлар келиб, карчерда ўзим ювиб оламан дейди. Бунинг учун 10 минг сўм тўлашади.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

‘Мойка’ осон ишга ўхшаб туюлади, аммо кечгача сув ичида юраверсангиз, оғири кейин билинади. Асли аёлларнинг иши ҳам эмас-да бу! Ишонсангиз, кечга бориб ичимизда нимадир санчгандек бўлади. Лекин нолимаймиз: шу ерда ишлаб, ризқимизни топяпмиз, бола-чақа боқяпмиз. Бошқа жойда ишласак, кимнингдир қош-қовоғига қараш, берадиган пулини кутиш керак. Ундан кўра қийналсак ҳам, шундай эмин-эркин юрганимиз яхши. Кейинчалик, маблағ тўплай олсак, бу ерда ошхона очиш ниятимиз бор. Буниси энди аёлларга кўпроқ ярашадиган иш.

«Ҳалол меҳнат ортидан болаларимни боқяпман. Бу ишимдан ҳеч ҳам уялмайман»

Ҳимоят Исмоилова, автомобилларни ювиш шохобчаси ходими:

Ҳимоят Исмоилова.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

«Фарзандларим ҳали кичкина, уларнинг олдида бўлиш, тарбияси билан шуғулланиш учун шу ишни танладим. Қиз бола тарбиясида онанинг ўрни муҳим. Уч болам ҳам қиз бўлгани учун шундай қарорга келдим. Қайнсинглим, овсиним билан бирга қайнонамнинг олдида оилавий ишлаяпмиз.

Машиналарни ювишнинг айтарли қийин жойи йўқ, лекин Damas баланд бўлгани учунми сал қийналаман. Энг осони — Matiz билан Tico. Ўзи ҳамма машинани одатда 7-10 дақиқада ювиб чиқариб юборамиз.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

‘Мойка’нинг соғлиғимизга зарари ҳам кўп. Айниқса, гел билан ишлаган пайтларимиз қўлларимизга қараб бўлмайди. Кечга бориб ачишади, оғрийди, ёрилади. Совуқ сувда ишлаймиз, чақалоқ болам бор, уни эмизиш учун кириб чиқаман. Сувни ушлаб кирганим учун шамоллайди. Ҳар икки куннинг бирида дўхтирга югурамиз. Болалар касал бўлганида пулимиз етмай, аптекалардан қарз бўлиб қолган пайтларимиз бўлган.

Фото: «Дарё» / Шохруҳ Кенжаев

Мунтазам, ҳар куни ишлаймиз деб айтиб бўлмайди. Ёмғир ёғади, свет ўчади, сув бўлмай қолади, карчер бузилади. Байрам кунлари, айниқса, Янги йил байрами арафасида машиналар тумонат йиғилиб кетади, қолган пайт насибага яраша. Tracker, Malibu, Captiva каби қиммат машиналар ҳам келади. Эгалари бизга ишонади, тозалаб қўярсизлар деб машина калитини ҳам бериб кетишади. Айниқса, жума кунлари. ‘Машинам қиммат’, деб тепамизга келиб турволмайди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Уй-жойимиз бор-йўғи 3 сотих. Каталакдек ҳовлида 5 хўжалик, 16 жон яшаймиз. Уч қайноғам, икки келин, турмушидан ажралиб келган қайнсинглим бор. Ҳали оила қурмаган қайноғам эрта-индин уйлангудек бўлса, унга жой бўшатиш керак.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Турмушга чиққанимга 7 йил бўлди. Эрим билан севишиб оила қурганмиз. Ҳозир бир жанжалга аралашиб қолгани учун айбсиз айбдор бўлиб қамоқда ўтирибди. 26 га кирдим, тиббиёт коллежини битирганман. Тенгдошларимга қараб ҳавас қиламан. Мен ҳам болаларим билан иссиқ уйда, эримнинг топганига қараб ўтирсам бўларди, лекин пешонамда шундай кунлар ҳам бор экан-да.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Сабр қилиб, тишимни тишимга қўйиб, яхши кунлар умидида вақт ўтказяпман. Шу ёшимда анча-мунча оғир кунларни кўрдим. Қилаётган ишимни масхаралайдиганлар топилиши ҳам мумкин. Лекин ҳалол меҳнат қилиб, болаларимни боқяпман. Мен бу ишимдан ҳечам уялмайман».

Расулжон Мадраҳимов.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Учқўрғондаги аёллар ишлайдиган автомобилларни ювиш шохобчасида шундай гаплар. Сафаримиз давомида бизга ҳамроҳлик қилган туман ҳокимининг матбуот котиби Расулжон Мадраҳимовнинг айтишича, қийин ҳолатдан чиқиб кетиш учун ҳаракат қилаётган бу оиланинг шароитидан туман мутасаддилари ҳам хабардор. Ҳокимлик томонидан уй-жой шароитини яхшилаш учун Камола Раҳимовага 20 миллион сўмдан ошиқ пул ажратилган. Жуда катта маблағ бўлмаса ҳам, ҳарна-да...

Муаллиф:Азизбек Абдувалиев