Meduza нашри ўз муштарийларидан инсульт билан боғлиқ оилавий ҳикояларини улашишни сўради ва юзлаб жавоб хатларини олди. Бу мактубларда дард кўп, муҳаббат кўп, ҳар бирининг якуни фарқли. Meduza ушбу мактублар орасидан бир нечтасини катта қийинчилик билан танлаб олиб, эълон қилди, «Дарё» эса уларни ўзбек тилига ўгирди — мазкур ҳикоялар ҳаётий ва таъсирли эканлигидан ташқари, инсульт борасидаги билимларни ҳам оширади.
Александр
Бобом инсультга чалинганда эндигина 12 ёшда эдим. Биз қайиқда балиқ овлаётгандик. Шу пайт унинг нутқи ўзгариб, ноаниқлашди, юз ифодаси эса кўпроқ томчи балиқникини эслатарди. Мен даҳшатга тушдим, нима бўлаётганини англолмасдим, чунки мени ҳеч ким бундай ҳодисага аввалдан тайёрламаганди. Қирғоқдаги учраган биринчи балиқчининг олдига етгунча тўхтовсиз эшкак эшишда давом этдим, бобом эса бу пайтда жони борича йиғлаб, гўё нимадир демоқчидай ув тортишни қўймасди.Буларнинг барчаси руҳиятимга салбий таъсир қилиши мумкин эди, лекин, аксинча, тезроқ улғайишимга ёрдам берди. Ушбу ҳодиса оиламизни анча жипслаштирди. Мен ҳам, ўз навбатида, ҳаммаси яхши бўлиши ё бўлмаслиги ҳақида бош қотирмасдим. Бунга вақтим йўқ эди, чунки бор кучимни ўзим учун қадрли бўлган инсон ёнида бўлиб, уни қўллаб-қувватлашга сарфлаётгандим. Бобомдаги инсульт асоратларсиз ўтди. У ҳозир 82 ёшда, ўзини мутлақо тетик ҳис қилмоқда.
Оғир руҳий кайфият, ҳатто шок ҳолатидан кейин бу вазият бир нарсани англаб етишимга туртки берди: бу исталган вақтда содир бўлиши мумкин, ҳеч ким ундан мустасно эмас, оқибатлари эса қақшаткич ва ўнглаб бўлмасдир, чунки ҳар дақиқа ғанимат бўлиб қолади.
Мен ўша воқеа бошимдан ўтганидан мамнунман, чунки инсульт ҳақида билганларим икки ой аввал дадамнинг ҳаётини сақлаб қолди. Дадам текис ерда ҳушини йўқотди ва, натижада, бошини деворга қаттиқ уриб олди. Онам иккимиз унинг ёнига чопиб чиққанимизда юзини кўриб, зудлик билан тез ёрдамга қўнғироқ қилдим.
Ёшим бу вақтда икки баравар катта эди ва шу боисдан бўлиб ўтаётган воқеани анча тийракроқ кўра олардим. Ҳамма нарса менинг зиммамга тушди.
Сериал кўришдан бошқа ғами йўқ, ўзига нимадир бўлганини тан олмаётган отанинг кўнглини олиш ва қўллаб-қувватлаш керак эди. Қанча қийинчиликларни енгиб ўтган, ёши улуғ, кучли ва қатъиятли эркак бир лаҳзада ота-онасидан дашном эшитишдан чўчиётган ширакайф мактаб ўқувчисига айланиб қолганди. Шифохонага ётмаслик учун ҳамма нарсага тайёр эди. Сен эса жазавадан титраганча, қаққайиб турибсан.
Шусиз ҳам ўта таъсирчан бўлган, энди эса бу машмашага йўлиққан онамга далда ҳам беришим керак эди. Шифохонадаги ҳар турли қоғозбозликлар ва бошқа муаммолар; коронавирус шароитида парвариш, дори-дармон, транспорт, реабилитация қилиш масалалари ҳам бор.
Бу сени эзиб, силлангни қуритиб, ҳаётдан буткул совитиб юборадиган даражада даҳшатли нарса. Уни ҳеч кимга раво кўрмайсан, лекин у ҳар қандай инсоннинг бошига тушиши мумкин бўлган фалокатдир. Ахир ҳаётингни лаҳзалар ҳал қилади ва ҳар бир лаҳза тобора кучлироқ зарб билан қоқилаётган михга ўхшайди. Бахтимизга, дадам бўш келмади ва бу нарса бизга ҳам куч берди, аммо энди мен икки дунёда ўз ихтиёрим билан интенсив терапия бўлимига қадам босмайман.
Дарвоқе, касаллик дадамда ҳам деярли асоратсиз кечди. Қўл ва оёқлар моторикасида енгил бузилиш бор, лекин умуман олганда, бу юз бериши мумкин бўлган воқеаларнинг энг яхшиси эди.
Екатерина
2020 йилнинг октябрида бувим инсультдан вафот этди. У ўша пайтда 77 ёшда бўлишига қарамай, жуда ҳаракатчан ва ёшига нисбатан анча тетик бўлган.Инсультга чалинишдан беш йил аввал унда юрак артемияси фонида тромбоэмболия хасталиги мавжуд эди. Ўшанда тромб қўлга «сузиб» ўтган. Оғриқдан қақшаб, бўзариб кетган қўл билан салкам бир ҳафта Киселёвск шаҳри (Кемеровск вилояти) шифохонасига қатнагач, жарроҳ унга «хондроз» ташҳисини қўйиб, жавобини берганди. Мен ўша вақтда бошқа шаҳарда эдим ва, афсуски, бор бўлганимда ҳам, унга ҳеч қандай ёрдам бера олмасдим. Лекин, юрак ютиб, вилоят қон-томир маркази билан алоқага чиқдим ва келаси куниёқ Новокузнецкдан келган жарроҳ бувимни операция қилди. Тромб олиб ташлангач, унга бир умрлик антикоагулянт терапия тайинланди.
Ҳаммаси яхши кетаётганди, мен бувимнинг препаратларни қабул қилишини назоратга олгандим, лекин орада фарзандим дунёга келиб, ўзим билан андармон бўлиб қолдим. Антикоагулянт терапия (кейинчалик аён бўлишича) бир ой давомида ўтказиб юборилганидан сўнг навбатдаги юрак тромби бувимдаги оғир инсультни келтириб чиқарди.
У воқеа тунда, тонгга яқин содир бўлганди, бувим ҳожатхонага етиб боролмай, йиқилган ва ўғлини чақирган (у тоғам билан бирга яшарди). Тез ёрдам чақириб, зудлик билан уни Новокузнецк шаҳридаги ихтисослаштирилган шифохонага ётқизишган. Ўшанда тез ёрдамни кутиб олишга турмуш ўртоғим чиққанди, мен эса болаларим билан уйда эдим ва бувим ўлиб қолишидан қўрқиб, дағ-дағ титрардим. Эримнинг айтишича, бувим уни олиб кетишаётган пайтда ҳушида бўлган, ўзи ҳақида гапирган ва болаларимизни сўраган.
У реанимация бўлимида саккиз кун ётди, мен ҳар куни қўнғироқ қилиб, аҳволини шифокорлардан суриштириб турдим. Шифохонага кириш қатъиян та’қиқланганди: ўша пайтда ковиднинг кузги тўлқини айни авжига чиққан, ҳаммаси жуда жиддий эди. Мен вилоят ва минтақавий қон-томир марказларидаги ўнг келган рақамга, неврологларга ва, умуман, савол билан мурожаат қилиш мумкин бўлган барча кишиларга қўнғироқ қилиб, бувимнинг тирик қолиш имконияти қанча экани ва унга қандай ёрдам бера олишим мумкинлиги ҳақида сўраб-суриштирардим. Менга қулоқ тутган ва, ҳатто, муаммони ўз назорати остига олмоқчи бўлган барча мутахассисларга ташаккур. Назаримда, ўша вақтда шифокорларнинг миясини эговлаб юбордим (ўзим ҳам шифокорман ва бошқа минтақадаги кардиомарказида фаолият юритаман, лекин ҳозир туғруқ таътилидаман).
Бувижонимнинг аҳволи, афсуски, оғирлашди, қўлимдан келган ягона нарса эса унинг ёнига руҳонийни киритишларини сўраш бўлди – у тақводор аёл эди. Илтимосимни бажаришган деб умид қиламан.
Осмонни булут қоплаган, жала қуяётган бир кунда эримга қўнғироқ қилиб, бувимнинг оламдан ўтганини хабар қилишди. Шундан сўнг ҳаммаси туман ичида рўй бераётгандай содир бўлди, уни ҳатто дафн маросимида ҳам ёдга олмадим. Ўзимни ҳалигача ўша ичирилмаган даҳшатли таблеткалар учун айблайман — бир муддат вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйганим эвазига азиз инсонимни йўқотдим.
Георгий
Бир йил олдин онам инсультга чалинди. Синглим қўнғироқ қилди: «Уйга кел, онам инсульт бўлиб қолди!». 15 дақиқада етиб бордим. Онам полда ҳушсиз ётганди. Атрофида тез тиббий ёрдам врачлари, турли дорилардан қолган бир нечта синиқ колба, шприцлар. Унинг тирик қолиши ё қолмаслигини муҳокама қилаётган врачлар. Ҳаммаси кечагидай ёдимда.Онамни қутқариб қолишди. Олдимизда қандай машаққатли ишлар турганини билмагунимизча бошимиз осмонда эди. Онамнинг чап ёни бутунлай фалаж бўлиб қолганди, гапира олмасди. Бу ҳодиса COVID-19 пандемияси бошланган вақтларга тўғри келгани сабабли биз ҳатто касалхонага бориб, унга далда ҳам бўлолмасдик. Вақт ўтиб, у ерга кириш унча қийин эмаслигини тушундик, лекин курашишга мадори қолмаган одамга яна бир касалликни юқтириш қўрқуви ушлаб қоларди ва олиб келган нарсамизни яна назорат пунктида қолдириб, ортга қайтардик.
Бир ой ўтгач, онамни реабилитацияга ўтказишди. У ҳали ҳам мустақил ҳаракатлана олмасди ва гапиришга қийналарди. Реабилитация марказида уни бир ой даволаб, оёққа турғазишди. У ҳасса билан юришга ўрганди. Тушунарлироқ тилда гапира бошлади. Лекин чап қўлидаги фаоллик ўша бўйи қайта тикланмади.
Икки ойлик айрилиқдан сўнг уни уйга олиб кетаётганимизда кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Ниҳоят, уйдамиз, касалликни енгишга аҳд қилганмиз, йўқотилган барча функцияларни қайта тиклаш ишларини давом эттиришга чоғланганмиз. Бу эса иккинчи мураккаб босқич эди.
Яқин вақтгача бутунлай мустақил бўлган ва ҳеч кимдан ёрдам кутмаган одамни ҳар куни ва ҳар соатда машқ қилишга кўндириш жуда қийин вазифа экан. Онамни машқ қилишга кўндириш учун ҳар сафар янги нарса ўйлаб топишга тўғри келарди. Ҳар сафар кескин қаршиликка дуч келардик. Синглим иккимиз онамни бу ишга бир амаллаб кўндириш учун яхши ва ёмон фарзандлар ролини ўйнашимизга тўғри келарди. Лекин биздаги ғайрат узоққа бормади.
Биз уйга тўлиқ реабилитация қилишда ёрдам бериши мумкин бўлган мутахассисларни чақирдик, аммо бундан фойда чиқмади. Бир йилдан ошди. Онам реабилитация марказидан қай аҳволда чиққан бўлса, ўша аҳволда эди. Кўп нарсада қўлимизга қараб қолганди. Шу нарса ҳаётимизни кескин ўзгартириб юборди.
Яқин кишингиз инсультни бошидан кечирган бўлса, унинг тўлиқ реабилитация қилиниши учун қўлингиздан келган барча чораларни кўришга ҳаракат қилинг. Бунинг учун баъзан шифохона ва поликлиникадаги тушунмовчиликларга қарши курашишга, бош шифокорга ва ишонч телефонларига қўнғироқ қилишга, соғлиқни сақлаш идорасига шикоятлар ёзишга тўғри келади. Лекин натижа шунга арзийди. Сиз яқин инсонингизга ҳаракатланиш қобилиятини тўлиқ тиклашда ва одатий ҳаётга қайтишида ёрдам берасиз. Бу орқали ўз ҳаётингизни ҳам осонлаштирасиз.
Бир ой муқаддам дадам инсультга чалинди. Унинг жисмоний фаоллиги сақланиб қолди, лекин (оғзаки ва ёзма) нутқи буткул йўқолди ва ақлий тиниқлиги ҳам заифлашди. Биз энди иккинчи бор жангга киришдик. Энди бошқа одам учун ва яна ўзимиз учун.
Анастасия
Ярим йил аввал ўзим инсультга чалиндим. 29 ёшда. Университетда бизга айтиб берилган инсультнинг барча белгилари ёдимда эди, аммо ўзимдаги белгиларни таний олмадим.Аҳволим оғирлашди: бошим қаттиқ оғриб, иситма чиқиб, кўнглим айний бошлади. Болалигимда бошим тез-тез оғриб турарди, бош оғриғи нима эканлигини билардим, лекин бу галгисини ҳеч қачон унутмайман: бошимни чарм тасма билан қаттиқ қисаётгандай бўлди. Оғриқдан қимир эта олмасдим — дўстимнинг уйида, каравотда, миқ этмай, чала-ярим нафас олишга ҳаракат қилиб ётардим, чунки арзимасгина ҳаракат ҳам танамни сирқиратиб юборарди. 20 дақиқалардан сўнг кучли кўнгил айниши бошланди. Яна 15 дақиқа унитазни қучоқлаб ўтиргач, уйга кетишга қарор қилдим. Буларнинг барчаси уйда ҳам давом этди, мен эса шунчаки овқатдан заҳарланганман деб ўйладим ва бешта кўмир таблеткани ичиб, жойимга ётдим. Қолганини эслолмайман.
Кейинг гал тахминан бир ойдан сўнг ниманидир эсладим. Мени аравачада шифохонанинг биринчи қаватига олиб келишганди. У ерда катта шиша девор ортида онам ўтирарди. Мени у ёққа олиб борган аёл қўлимга телефон тутқазди ва онамнинг овозини эшитдим:
— Настя, сен ўзингни руҳий касалхонадаман деб ўйлаяпсанми?
— Ҳа.
— Йўқ, сен Склифосовскийдасан (тез тиббий ёрдам илмий-тадқиқот институти). Инсультга чалиндинг, анча жиддий. Ҳозир бу ерда гаплашиб турганимизнинг ўзи катта мўъжиза.
— Ойи, ҳазиллашяпсизми?
— Йўқ.
— Энди 29 га кирган бўлсам, қандай инсульт?!
Кейин яна зулмат.
Бир неча кундан сўнг дўстларим менга янги телефон юборишди, мен дўстларим ва онамнинг ҳикоялари орқали ўша ойда ўтган воқеаларни хотирамда тиклашга ҳаракат қилдим. Маълум бўлишича, ўша куни онам мени 15 соат Telegram’га кирмаганимни кўргач, хавотирга тушган. У эски дугонамга қўнғироқ қилган, дугонам эса яқин дўстларим билан алоқага чиққан ва дўстларим уйга келиб, эшикни бузиб кирган. Қизиғи, айтишларига кўра, уларни йўлакда кутиб олганман, лекин одам танийдиган аҳволда бўлмаганман.
Мени инсульт бошланганидан фақат икки сутка ўтиб, шифохонага ётқизишган. Шу икки кун давомида нималарнидир гапирганман ва, ҳатто, ўрнимдан турганман. Дўстларим менга нима бўлганини тушунмаган, лекин ёнимда бўлишган. Албатта, ҳали ёш эканлигим учун менда инсульт бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Лекин бу содир бўлганди. Мени тез ёрдам машинасида, билишимча, истамайгина олиб кетишган. «Ёшгина қиз. Эҳтимол, бирорта ўтиришга ё бошқа қаергадир боргандир», — деган улар. Шунга қарамай, бир кундан кейин реанимацияга ётқизишган.
Дўстларимнинг айтишича, реанимациядан сўнг биринчи марта ўзимга келгач, барча шифокорларни сўкиб ташлабман. Улар мендан ранжимаган деб умид қиламан, чунки ўшанда эсим жойида бўлмагани аниқ. Шундан сўнг мен учун энг даҳшатли уч ҳафта бошланган — ўша вақтда содир бўлган воқеалардан дўстларим ва ота-онам ҳикоялари орқалигина хабардорман. Видеоалоқа орқали онам, шифокорлар ва дўстим билан нималарнидир гаплашганман, аммо яхши суҳбатдош бўлолмаганим аниқ. Асосан, қандайдир бемаъни нарсаларни гапириб, эшитганларимни тушунмаганман. Онам шифохонага келиб, менга нима бўлганини ўзи айтиб бермагунича шу кўйи давом этган. Ўйлашимча, айнан ўша куни ўзимга кела бошладим ва, ниҳоят, тушундим.
Ҳозир аҳволим яхши. Инсультдан сўнг ярим йил ўтиб, соғлиғимни деярли тиклаб олдим. Ўртача статистика бўйича ажойиб натижа. Мен ногирон бўлиб қолишдан қаттиқ қўрққандим, лекин бундай бўлмади. Тўғри, ҳозир аввалгидан кўра тезроқ чарчаб қоламан, аксар спорт турлари билан шуғулланишнинг имкони йўқ, иккинчи инсультни бошдан кечирмаслик учун эски одатларимни ўзгартиришга тўғри келади. Бироқ тирик қолганимдан хурсандман.
Алёна
2015 йилнинг май ойида турмуш ўртоғимнинг бувиси 78 ёшида инсульт билан шифохонага тушди. Бахтга қарши, инсульт уни дала-ҳовлида қулатганди; қўшни эркак топиб олгунича у ерда қанча ётгани бизга номаълум. Тез ёрдамни ҳам ўша киши чақирибди. Энг қизиғи, буви набирасига қўнғироқ қилишга улгурган. Сўзлари тушунарсиз эди, лекин шу қўнғироқ туфайли биз нимадир рўй берганини тушундик ва зудлик билан дала-ҳовлига чиқдик. Тафсилотлар шифохонада ойдинлашди. Биринчи хулоса: зарур пайтда яқинлари билан алоқага чиқишга қийналмаслиги учун, кекса кишида доимо шахсий уяли алоқа воситаси бўлиши шарт.Туман шифохонасига олиб борган кунимизоқ у ерда бувимиздан айрилиб қолишимиз мумкинлигини фаҳмладик. Аҳволи буни кўтара оладиган даражада яхшиланиши билан уни шаҳарга ўтказиш йўлларини қидира бошладик. Инсультдан сўнг бир неча кун давомида жуда қийналди, ўзини буткул йўқотиб қўйганди, ихраганча ухлаб ётарди, бизни танимасди ва, умуман, «биздан йироқда эди», танасининг чап ёни фалаж бўлиб қолганди. Туман касалхонасига олиб бориб хато қилгандик, бувимизга ғамхўрлик қилишлари учун ҳамшираларни «рози қилишга» уринардик, лекин ҳар тонгда қариянинг яна эътиборсиз қолдирилганини кўрардик. Кейин ҳаммасини ўзимиз бажарардик: ювиб-тарардик, овқатлантирардик ва ҳоказо.
Бувимиз Ленинград қамали фахрийси эканига қарамай, Петербургдаги шифохонага кўчириб ўтиш осон иш эмаслиги маълум бўлди. Лекин охири тез ёрдам машинасида уруш фахрийлари госпиталига олиб бордик. Бувимизга алоҳида қаровчи кераклигини деярли борибоқ тушундик, сабаби у ерда ётган касалванд қарияларга ғамхўрлик ҳаминқадар эди. Омадимиз бор экан: эълон орқали украиналик бир ажойиб аёлни топдик. У ҳар куни бувимнинг ёнида бўлиб, нафақат гигиенага амал қиларди, балки вақти-вақти билан, аҳволи бирмунча яхшилана бошлаган пайтда, бувимизни кўпроқ гапга солиб, фалажланган оёқ-қўлларини уқалаб қўярди. Бунинг натижасини кўрдик. Бувим аста-секин ўзига келиб, бизни таний бошлади.
Ёши катталиги ва миясининг жиддий зарарланганига қарамай, таслим бўлмадик ва шифохонада ўтган уч ҳафтадан сўнг уни шу госпиталда жойлашган пулли реабилитацион марказга ётқиздик. Асли, бувимиз у ерда бепул даволаниши мумкин эди, аммо бепул ўринларга навбат жуда узун экан, биз эса кутиб вақт йўқота олмасдик. Қаровчи реабилитацион марказда ҳам бувимизга ҳамроҳ бўлди ва врачлар тавсияси остидаги машғулотлар сони ҳам кўпайди: ҳарфларни ёдга олишди, сўзларни талаффуз қилишга ўрганишди ва ҳоказо. Бир ой ўтиб, бувимизни уйга олиб кетдик, қаровчи эса бувимиз билан машғулотларни давом эттириш ва бизнинг кундузи ишга боришимизга имкон яратиш учун уйимизга ҳам қатнай бошлади.
Бир неча ой ичида жиддий ўзгариш сезилди: бувимиз ўтира оларди, бизнинг кўмагимизда каравотдан қўзғалиб, тик оёқда туриб, кўмагимиз билан, аста-секин бир неча қадам ташлай оларди. Нутқи ўша бўйи тикланмади, лекин сўзларни доналаб талаффуз қила оладиган бўлди. Энг муҳими, фикри тиниқлашиб, энди бизни тушунаётганди. Иккинчи хулоса: вақтни йўқотмаслик керак — қарши кўрсатмалар бўлмаса, дарҳол реабилитация билан машғул бўлиш ва, агар бутун вақтингизни беморга сарфлашга ўзингизда имкон бўлмаса, чин дилдан ёрдам беришни истайдиган, яхши қаровчи топиш зарур.
Барчамиз учун оғир дамлар эди. Эрим иккимиз ёш эдик (28-30), бувимизга ва уйга боғланиб қолгандик, сабаби унга ғамхўрлик қила оладиган бошқа қариндошлари йўқ эди. Кундузлари қаровчи аёл ёрдамга келарди, лекин тунлари ҳаммасини ўзимиз бажарардик, тунлар эса жуда безовталикда ўтарди, чунки бувимиз тез-тез уйғониб, бизни тинмай ёнига чақирар, сабабини ўзи ҳам англамаган ҳолда, таглигини ечиб ташлашга уринарди, бу эса, ўз навбатида, нохуш оқибатларга олиб келарди. Буларнинг барчаси бизни ҳам жисмонан, ҳам руҳан эзиб ташлади.
Ярим йил ўтгач, мен вазиятни ўзгартириш кераклигини тушундим, чунки биз чарчоқ ва асабий зўриқишдан тамом бўлгандик. Натижада, бир-биримизга ва бувимизга заҳримизни соча бошладик. Мураккаб қарор қабул қилинди: шу яқин атрофдан ижарага уй оламиз ва қаровчига бувимиз билан доимий яшаш учун кўчиб келишни таклиф қиламиз. Эрим узоқ вақт бир қарорга келолмади, хавотир олди, йиғлади, бувисига нисбатан ноҳақлик қилаётганига амин эди, лекин мен барчамиз учун энг тўғри қарор шу эканлигига ишонардим.
Охир шундай қилдик: уйимизга қарама-қарши томондан квартира олдик, ҳатто бувимизнинг хонасида ёниқ чироқ ҳам кўринарди. Бошда ҳар куни йўқлаб турдик, вақт ўтиб, қадамимиз бироз узилди — икки кунда бир борадиган бўлдик. Қаровчи берган рўйхат билан, керакли озиқ-овқатларни олиб келардик ёки озиқ-овқат сотиб олиши учун пул берардик. Бувимиз бошида норози бўлди, бироқ кейин тинчланди, вазиятга кўнди ва ҳар бир ташрифимиздан қувонадиган бўлди — биз у билан суҳбатлашардик, машғулотлар ўтказардик, янгиликлардан айтиб, бирга чой ичардик.
Учинчи хулоса: агар имкони бўлса, кундалик ҳаётни йиғиштириб, ҳафтада 24 соатни касал қариндошга сарфлаш шарт эмас — ўзингизни ва ўз ҳаётингизни четга суриб қўймаслик керак. Яхшиси, ўзингизнинг жисмоний ва руҳий ҳолатингизни сақлаш, оиладаги тотувликка путур етказмаслик учун, ўзаро келишув йўлларини қидириб кўринг.
Бувимиз биз билан яна беш йил яшади! Қаровчилар ўзгариб турарди ва ҳар доим ҳам яхшисига дуч келавермасдик, ҳар хиллари учрарди. Лекин биз доимо бирга бўлиб, бувимизни ранжитишларига йўл қўймадик. Уни яна бир неча марта реабилитация марказига ётқиздик ва ҳар сафар яхши натижаларга эришдик. Эҳтимол бувимизнинг фалаж оёғи ҳам соғайиб кетган бўларди, аммо бир сафар тонгда (қаровчи келгунича) реабилитация марказида назоратсиз қолдиришибди ва у каравотдан қулаб, тос суяги бўйинчасини синдириб олибди. Шундан сўнг юролмай қолди, лекин қаровчилар кўмаги билан, ўтириш имконияти сақлаб қолинди.
Кейинчалик бувимиз яна иккита инсультни бошдан кечирди, иккисида ҳам омон қолди, лекин, албатта, катта йўқотишлар билан. Афсуски, тез тиббий ёрдам врачлари бирдан ташхис қўя олмаган, коронавирус билан биргаликда келган тўртинчи инсультга дош бера олмади.
У 83 ёшда эди, чеварали бўлган вақтда бу оламни тарк этди ва ҳатто 3 яшар чевараси билан The Beatles’нинг Yellow Submarine ва бошқа хит қўшиқларини мириқиб куйлашга ҳам улгурди (у 35 йил давомида университетда инглиз тилидан дарс берган).
Ижарага уй олиб, алоҳида яшашга қарор қилганимиз шу нарсага ҳар томонлама имкон яратди.
Севимли бувижонимизнинг хотираси шод бўлсин.
Л.
Инсульт оиламизга анча вақтдан бери таниш бўлганлиги сабаб, биз учун одатий ҳолдай кўринади. Дадам эндигина 50 дан ўтган вақтда инсультга чалинган. Мен ўшанда 4 ёшда эдим, ҳозир эса 28 даман — дадамнинг аввалги кўринишини фақат фотосуратлардангина эслай оламан.Бу дадамдаги учинчи инсульт эканлигини билардим, шундан сўнг у қайта оёққа туролмади: чап томони фалажланган, нутқи эса ноаниқ, ёши ўтган сари янада тушунарсиз бўлиб бормоқда. Дадам билан мунтазам алоқа қилмайдиган кишилар уни аранг тушунади. Болалигимда мен унинг таржимони эканимни кўп таъкидлардим.
Дадам ташқарига кам чиқади, чунки лифтсиз уйнинг тўртинчи қаватида яшайди, чиқса ҳам, қаерга борарди? Подъезд ёнида дўконча ҳам йўқ. Дадам ҳар куни бадантарбия билан шуғулланиб, уй ишларида ҳам қўлидан келганича ёрдам беради, масалан, идиш ювади. Онам илгари профилактика қилиш мақсадида уни танишлари орқали шифохона билан боғлашга ҳаракат қиларди, лекин энди имкони йўқ, чунки аҳволи бу даражада оғир беморларни қабул қилишмайди.
Онамнинг қисмати ҳам юракни ачитади, чунки бу ходиса рўй берган вақтда турмушга чиққанига эндигина 5 йил бўлганди, лекин ҳеч қаерга кетмай, ҳалигача дадамга ғамхўрлик қиляпти. Илгари амаким ҳафтада бир уни чўмилтириш учун келиб турарди, лекин энди ўзининг ҳам тоби қочгани учун бу юмуш ҳам онамнинг зиммасига тушган.
Ўшанда жуда кичкина бўлганимга қарамай, дадамнинг бошда қандай азоб чекканини яхши эслайман: кўп йиғларди, онам эса унга жаҳл қиларди. Яқинда онам айтиб берди, ўша пайтлар дадам дўстларига қўнғироқ қилиб, нимадан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўраркан. Дадам — кимёгар, бу саволнинг жавобини ўзи ҳам билади, лекин ўша пайтда у ўзига эътибор қаратишни истарди. Унга психолог ёрдами керак бўлганини биламан, лекин ўшанда бу ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.
Дадам ҳозир кўникди десак ҳам бўлади. Ҳа, у вақтининг катта қисмини телевизор қаршисида ўтказади, лекин ўз фарзандлари ва набиралари қандай яшаётгани билан қизиқади, улар учун қувонади. Гарчи бир оғиз эътироз билдирмаган бўлса ҳам, қариндошлар ундан тўйга келмасликни сўраганда қаттиқ оғринди.
Бундай вазиятда мен алоқани узмаслик, янгиликлардан хабардор қилиб туриш ва фотосуратлар юборишдан бошқа ёрдам бера олмасам керак.
Михаил
Бувим мен учун ҳам ота, ҳам она ўрнида эди. Аниқроғи, ота-онам аслида бор бўлса ҳам, менинг ҳаётим билан қизиқмасди — бошқа ташвиши етиб-ортарди, мен эса ортиқча ва бегонадай эдим. Бир сўз билан айтганда, эътиборга арзимас гўдак эдим. Бувим билан эса китоблар ўқирдик, пианинода қўшиқлар куйлардик ва сайр қилардик. Унинг уйи алоҳида эди, аммо вақти-вақти билан ота-онамникига бориб турардик.Ўша куни келганимизда бувим томорқада ишлаш учун чиқиб кетди. Кун иссиқ. Қайтиб киргач, ошхонада ўтириб, гап бошлади, лекин сўзларини умуман тушуниб бўлмасди. «Пля-пля-пля ла-пла-пау-ка-па-пля...». Ranги ҳам бир бўзариб, бир қизариб кетарди, боши эса бир томонга бир оз оғиб қолганди.
Мен ҳали жуда кичкина, 6 ёшдаман. Анграйганча, ундан кўзимни узмай ўтирибман. Назаримда, ўша аёл, лекин уни таний олмаяпман. Шунчаки бир нотаниш кимса томорқадан қайтиб киргандай эди. Ахир, у мен учун яккаю-ягона яқин кишим эди-да. Энди эса кутилмаганда бошқа одамга айланди. Мен шу кўйи устимдан бетон қуйиб ташлангандай серрайиб ўтирардим.
Опам уни эшитиб кўрди, вазиятни англади ва бошқаларни ҳам чақирди. Тез ёрдам келди. Бувим каравотда яна икки сутка гувраниб ётди. Айтишларича, у мени қўли билан кўрсатиб, ёнига чақирган — танасининг бир ёни ишлаётганди. Мен эса бормадим. Тушуняпсизми, қўлимдан келмади. Менга айтишди, лекин кўзимни бошқа ёққа олиб, жавоб бермадим. Боролмадим. Ҳаммаси кечагидай ёдимда. Ҳалигача ўзимни кечира олмайман ва кечирмайман. Нима учун бормаганимни билмайман. У томорқадан қайтган пайтда бошқа одамга айланиб қолганди... Ҳатто овози ҳам қандайдир баланд, кучсиз бўлиб қолганди. У эмасди. Кўзлари ҳам. Ола-кула, нам. Ҳаммамизга кўз тикиб ётарди.
Бувижон, кечиринг. Мен яхши одам бўлиб ўсдим. Сиз айтгандай, мусиқачи бўлдим.
Светлана
Бир неча йил аввал дадам (72 ёшида) инсультга йўлиқди — мия аневризмаси (қон томирлари) ёрилиб кетди. Операциядан сўнг у гапирмай қўйди, танасининг чап томони ишламай қолган, яқин кишиларининг ҳаммасини ҳам таний олмасди.Яхши, бизни реанимацияга киритишди, операциядан бир неча соат ўтибоқ, дадам билан кўришдик. У палатага ўтказилгач, эри ўша ерда ётган бир аёл билан танишдик, у инсультга чалинган синглисига қараб, тажриба орттирган экан. Агар у аёл бўлмаганида, биз дадамнинг қўлидан тутганча, унинг тинчини бузишга ботинолмай ўтирган бўлардик. Бу каби беморларга эса тинчлик даво бўлмайди. Шундай қилиб, дадам учун курашишга бел боғладик.
Ғамга ботиб, умидсизликка тушишга вақт йўқ эди, оиламиз билан алмашиниб ва бир-биримизга кўмаклашиб, бир жамоа бўлиб ишладик. Аввал нутқ тикланди, баъзан сўз ва ҳарфлар чалкашиб кетарди. Машғулотларга мақоллар, маталлар, болалар учун ёзилган шеърлар ва энг содда масалалар ечимини қўшдик. Бир ойдан сўнг биз ҳудудий шифохонадан реабилитация марказига кўчиб ўтдик. У ерда МТ (машқлар терапияси) ўқитувчисининг дарслари ҳам қўшилди. Биз ҳам ўз ишимизни давом эттирдик. Ўнг томон оёқ-қўллар ҳаракатида бир оз ноқислик сезиларди, лекин унча жиддий эмасди.
Биз ўшанда янги реалликни борича қабул қилдик, шунчаки энди ҳеч қачон аввалгидай бўлмаслигини тушундик. Дадам тирик эканлигидан, ҳаракатланаётганидан ва суҳбатлашаётганидан хурсанд эдик, у ҳам ўзининг янги аҳволига хотиржамлик билан қарарди ва бир ой аввал қимир этмай ётганини эслай олмасди.
Энг қийини нима эди? Биласизми, энг қийини касалликнинг ўзи эмас, балки тиббий хизматга ишимиз тушгани бўлди. Тўғри, врачлар бизга жуда яхши муомала қилди ва, менимча, қўлларидан келган барча чораларни кўрди. Лекин биз ўрта тоифадаги тиббий ходимларни тушуна олмадик. Санитарларнинг айтишича, энди улар фақат тозалов ишлари билан шуғулланаётган экан. Чойшабни янгилашга, беморнинг таглигини алиштиришга, уни даволанишга олиб бориш учун аравачага ўтқазишга ҳеч ким ёрдам бермайди. Нимжонгина аёллар ўз эрлари ва оталарини кўтариб юрарди. Мутахассислар байрам кунлари ишламайди ва агар реабилитация навбатдаги байрам кунига тўғри келиб қолса, шифохонадаги вақт беҳудага кетади. Тренажорлар жуда эски, кўп бузилади. Беморларнинг узлуксиз оқими туфайли, вақт ҳаммага етмайди, тренажордан фойдаланишда қўл ёки оёқни танлаш керак, ҳар иккисига ёзмайди. Сизга эса униси ҳам буниси ҳам зарур!
Иккинчидан, бу бизнинг ҳаёт ҳақиқати билан тўқнашувимиз эди. Биз дадамнинг бирор жойда жисмоний машқлар билан шуғулланишини, бассейнга боришини жуда истардик. Лекин миллион кишилик шаҳримизда бундай кишилар билан пуллик ёки бепул машғулот ўтказадиган бирорта гуруҳ тополмадик. Сувга тушиш учун махсус ўриндиқли битта ҳовуз бор, лекин у ерда ҳам машғулотлар ўтилмайди.
Атроф-муҳит ҳам, албатта, бешафқатликка тўла. Ўшандан бери ерости ва ер усти йўлларини кўришга кўзим йўқ, қаёққа қарама, тўсиқлар, деворлар, чиқиш қийин бўлган автобуслар. Ахир, кундалик ҳаётда бу тўсиқлар инсультга чалинганларга ва бошқа кўплаб инсонларга, шу жумладан, қарияларга қандай оғир машаққатлар туғдиришини пайқамаймиз. Ҳа, энди биз ҳамма жойда тўсиқсиз муҳит яратмоқдамиз, аммо бу қулайлик учун эмас, балки хўжакўрсинга қилинмоқда. Масалан, ота-онам истиқомат қилувчи уй подъездига кириш йўлида суянчиқлар ўрнатишди. Лекин улар фойдаланишга яроқсиз эди, чунки паст ўрнатилганди. Уни қайта ўрнатишлари учун шаҳар маъмуриятига мурожаат қилишга тўғри келди. Уни икки марта тўғрилашди ва фақат бизникини тоғрилашди, холос.
Бу жуда ғалати, тушунмайман, агар Россияда деярли ҳар бир оила (улар эса қанчадан-қанча!) инсульт билан тўқнаш келган бўлса, унда нега архитекторлар бундай лойиҳалаштиради, қурувчилар ва йўлчилар бу тарзда қуради, автобус ҳайдовчилари бундай бекатларга келиб, тўхтайди, автобусга чиқиш учун эса бекатдан йўл бўйига тушиб бориш, сўнгра автобусга кўтарилиш керак ва ҳоказо — санаб адоғига етиш қийин.
Маша (исми ўзгартирилган)
Энг даҳшатлиси — одам тирик бўла туриб, мавжуд бўлмаса. Ахир, унинг энг катта бойлиги — ақли, хулқ-атвори, ўткир ҳазиллари, феноменал хотираси, ўз касбининг устаси бўлишига имкон яратган ажойиб аналитик хусусиятлари йўқ қилинди. У мавжуд, лекин энди мен билан эмас. У менинг ёнимга қачондир қайтиши мумкин ё йўқлигини ҳеч ким айтиб бера олмайди.Уч йил аввал бу менинг эрим билан содир бўлди. Фалокат кўламини жуда кенгайтириб юборяпман: у ҳеч қачон чинакамига ақлдан озмаган. Унинг ҳатто дастлабки кунларда ҳам ақли заифлашмаганди — фақат вақт ўтиб энг оддий нарсаларни ҳам тушунмай, алаҳлай бошлади. Шунга қарамай, у ортиқ у эмасди. У менга ўзи қўйиб олган барча лақабларни унутди. Мени тўлиқ исмим билан чақирган куни ҳаётимдаги энг даҳшатлиларидан бири эди — ўз амакисининг қизини танимаган пайтдагидан ҳам даҳшатлироқ.
Ҳозир у аста-секин ўзига келиб бормоқда. Ҳатто ақлий фаолият билан шуғуллана бошлади. Қўл ва оёқлари ҳозирча ёмон ишлаяпти, аммо унинг шахсияти деярли бутунлай қайтди ва, ишонаман, кун келиб, ҳозирча қайтмаганлари ҳам қайтиб келади. У бир бўғма илондай гап: боши қаршимизда, думи эса ҳозирча нарида.
Тахминан, бир йил давомида унинг ҳақиқийси мен билан бўлмади ва унинг қайтишини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмасди. Биз бирор ёққа борсак, масалан, шифокор ҳузурига, одамлар менга мурожаат қиларди, у эса ёш бола каби ёнимда жимгина, бошини эгиб турарди. Кафега кирган пайтларимиз, гарчи, у аввалги иш костюмида бўлса ҳам, официантлар ичимизда ким «катта« эканлигини осонгина пайқаб оларди. Официантлар менга мурожаат қилиб, ҳисобни ҳам менга беришарди ва у буни кўриб турарди. Бу нарса унинг учун оғриқли эди. Аммо улар нима учун ўз саволларини унга эмас, менга бераётганини тушунарди. Ахир, бир пайтлар одамлар билан муомала қилиш ва уларни ром этишда ҳеч ким унинг ёнига туша олмаган.
Мен ҳаётдан безиб қолгандим. Лекин ўлишга ҳаққим йўқ эди: мен унга керак эдим. Унинг ўлимидан даҳшатлироқ нарса йўқ деб ўйлардим. Билсам, ундан ҳам даҳшатлироқ нарсалар бор экан.
Мен шундай яшашга ўргандим, лекин мен ҳам энди аввалги мен эмас. Масалан, китоб ўқиёлмай қолдим. Диққатимни жамлай олмайман, нимадир халақит беради. Илгарилари, 3 ёшимдан бошлаб, бош кўтармай ўқирдим.
Алексей Салтиков
2004 йил, май ойининг эрта тонгида, мен мактабга кетаётгандим. Ўзгача кун эди — 3-синфни битиряпман. Чораклик ва йиллик баҳолар чиқиши керак. Онамнинг кайфияти жойидамас: бувим тунда «йиқилиб тушган».Мактабдан келиб, бувимнинг уйда йўқлигини кўраман. Онамга қўнғироқ қиламан. У бувимнинг тоби қочганини, улар ҳозир шифохонада бирга эканликларини айтади. Мен ҳаётимдаги энг оғир олти йиллик ҳаёт бўсағасида турганимни ҳали англамайман.
2010 йилнинг 2 октябри. Мен мактабдан қайтяпман, энди 10-синфда ўқийман, бир ой аввал отам вафот этди. Ўша эски квартирага кириб, ойналарга парда тортиб қўйилганини кўраман. Ҳаммаси тамом бўлганини англайман.
Бувимдаги инсульт ва унинг вафотидан кейинги ўша олти йил ичида шунча воқеа содир бўлди. Шу олти йил алоҳида бир умрдай кўринади. Дастлабки уч ойликда бувим аста-секин ақлдан оза бошлади. Алаҳлаш бошланди, у доим ўзини кимдир ўғирлаб кетмоқчидай сезаверарди. Ўйлашимча, бу унинг ёшлиги билан боғлиқ: у урушда қатнашган, оиласи репрессияга учраган. Қайсидир вақтда уни шифохонага ётқизишган ва ўша ердан буткул шалтоғи чиққан ҳолда қайтиб келган. Мени чек-чегарасиз яхши кўрган инсон кўз ўнгимда мангу даҳшатга эврилди.
Мен бувимга ғамхўрлик қилишни ўз зиммасига олган дадамдан (бувимга ичкуёв) беҳад миннатдорман. У ўша пайтда нафақага чиққанди ва вақти етарли эди. Онам ишлаб, бутун оилани тебратишга ҳаракат қиларди.
Ҳар куни уйғонганда, мактабдан қайтганда, кўчада сайр қилиб келганда ва сайрга чиқаётганда хаёлимга битта нарса келарди: «Бувимнинг аҳволи яхшимикин?».
У қичқиради, ёрдамга чақиради, ўтмишини эслайди. Ҳар тун топишмоқ каби ўтарди — у ухлайдими ё йўқми. Ёдимда, телевизор қаршисида ўтириб, кўпинча бор вужудинг қулоққа айланади — бувинг ухлаяптими ё яна қичқиряптими? Ухлаган бўлса, сен ҳам хотиржам тортасан.
Онам бундай ҳаётга қандай дош берганини тасаввур қила олмайман. Эҳтимол, мен ва менга бўлган муҳаббати, мени бахтли қилиш истаги унга куч берган. Бизнинг бутун ҳаётимиз шу истакка йўғрилганди. Дадам дош бера олмади. Бувимдан уч ҳафта аввал қазо қилди.
Бу ҳол менга мени ўраб турган барча нарсадан кўра муҳимроқ туюлди. Уйдаги аҳвол шу бўлса, мактабдаги баҳонинг қандай аҳамияти бор?
Аста-секин кўникасан. Шу нарса ҳаётингнинг бир қисми эканлигини англаб етасан. Ўша олти йил давомида ҳеч ким ўз кулфати учун бечора қарияни айбламади. Биз бувимни у бизни яхши кўргани каби чин дилдан яхши кўрдик. Чексиз бахтиёрликда ўтган болалигим учун ундан ўла-ўлгунча миннатдорман.
Ўшандан бери ўн йил ўтди. Бироқ мен ҳалигача буни ичимга сиғдира олмайман. Катталар ва ўсмирлар буни қандай кўтаради? Бу нарса такрорланмаслиги учун қандай чора кўриш керак эканлигини билмайман. Бундай вазиятда ўзимни қандай тутишни билмайман. Билганим, бу муаммо — Россияда энг даҳшатлиларидан бири ва, биламанки, унга қарши туриш осон кечмайди.
Яна битта билган нарсам, инсультга чалинган кишиларнинг бунда айби йўқ. Уларни аввалгидай севишда давом этиш керак.
Анастасия
Дадам бутун умр инсультдан ва 68 рақамидан қўрқиб яшади. Унинг отаси ва акаси 68 ёшида вафот этганди. Иккиси ҳам шу касалликдан. Дадам кўп такрорларди: «Инсульт ва саратон — ўз жонингга қасд қилишни оқлайдиган ягона нарса». Сўнгги бир неча йилда биз қўрқиб яшадик. У телефонни кўтармаган пайтлари менинг юрагим орқага тортиб кетарди. Сўнгра у қайта қўнғироқ қилиб, куларди: ҳали ўлмабди.Айни ўша қўнғироқни мен ўтказиб юбордим. Ишга ҳалақит бермаслиги учун уни ўчириб қўйгандим. Дадамнинг хотинининг синглиси қўнғироқ қилди. Мен: «Йўқ, йўқ». У: «Ҳа». Мен такси ушлаб, унинг ёнига бордим.
Биз тез ёрдам машинасида борардик. Дадамнинг юзи қийшайиб кетганди, баъзан инграб қўярди. Ортимиздан Москванинг турли бурчакларидан дадамнинг хотини, акам, бўлажак турмуш ўртоғим келарди. Барча йўллар нурсиз қабулхонага элтарди, у ерда биз каби инсонлар ўтирганди — бувиси учинчи зарбадан азият чекаётган она ва бола.
Мен қайнаётгандим. У бобой эмас, балки буюк рус таржимони, дея врачларга заҳримни сочардим, дадамнинг билакузук ва соатларини ечардим, ҳазил қилардим. Бир пайт бизнинг нигоҳларимиз тўқнаш келди. Мен бидирлай кетдим: «Менга шундай жилмайиб қараб турганингдан бахтиёрман». Унинг юзида табассум порлади ва менга: «Сени севаман», деди. Унинг менга айтган охирги гапи шу эди. МРТ ўта жиддий қон кетишни кўрсатди. Мен саросимага тушган қариндошларим орасида турардим ва ақлим етиб турган нарса битта эди: дадам ўлаётганди.
Унинг ўлими яна уч кунга чўзилди. Ички аъзолари ишдан чиқди, инфаркт кетидан инфаркт. Яхшиям, у тиббий комада эди. Биз қаёқдаги бемаъни нарсалар билан овора эдик: агар у ўзига келса, уй ҳайвонларини қаёққа олиб бориш ҳақида бош қотирардик. Врачлар умид борлигини айтишарди — оғир аҳволдаги бемор. Уни шу нарса чўчитарди. Мен, иродасизлик қилиб, унга ўлим тилардим. Унга бундай ҳаёт керакмаслигига ўзимни ишонтирардим, аслида эса шунчаки қўрқоқлик қилаётгандим.
Якшанба куни мени реанимация бўлимига киритишди. Қўшни хонадаги биз билан бир кунда келган буви ўзига келибди — қизи ва набираси унга йогурт берарди. Қошиқни ўзи ушлаб олганди. Дадам найчалар ичида ётарди. Мен ҳазил қилардим.
Тонгда унинг жони узилди.
Ундан кейинги тўрт йил бир нави ўтди. Мен ҳалигача инсультга қарши ижтимоий рекламаларни кўришга қийналаман. Уни қаттиқ соғинаман.
Шу йил қўшнимиз вафот этди. У инсультдан сўнг 12 йил ётганди.
Нина
Бир куни тунда опам бувимга қўнғироқ қилиб, унинг аҳволи яхши эмаслигини пайқабди. Бувим, худди, ўзи билан гаплашгандай, пойма-пой сўзларни айтган. Унинг ёнига зудлик билан бориб, тез ёрдам чақиришди. Бу инсульт эди.Бувим ўша пайтгача жуда ҳаракатчан, фикри тиниқ аёл бўлган: китоблар ўқирди, ҳужжатли фильмлар томоша қиларди ва дугоналари билан гурунглашишни севарди, ҳазилкаш эди, тансиқ таомлар тайёрларди. Инсульт у 80 ёшдан ўтганда содир бўлди ва бирдан ҳаммаси ўзгарди.
Доимо мустақил ва матонатли бувим ота-онамникига кўчиб ўтди. Унга қарашни отам ўз зиммасига олди — у бувимга куёв саналади. Улар доим ўзаро мураккаб алоқада эдилар: таъна-дашномлар, келишмовчиликлар, бир-биридан норози бўлишлар. Аммо дадам қандай ўзгарганини ўз кўзим билан кўрдим: у бувимга ўз ўғлидан ҳам кўра яхшироқ ғамхўрлик қилди.
Инсультдан сўнг бувимнинг хотираси панд берди. У бизга қараб, ўтмишдаги одамларни кўрарди, қачонлардир ўлиб кетган қариндошлари билан адаштириб юборарди. Буни кўриш оғир эди.
Бир куни онам мендан келиб, навбатчилик қилишни сўради — у бирор ёққа кетиб қолмаслиги ва йиқилиб тушмаслиги учун ота-онам туни бўйи қоровуллик қилиб чиқарди. Мана, мен бувимни тўшакка ётқизиб, ухлатишга уриняпман. У эса 10 дақиқа ўтиб, ўрнидан яна туриб олади, аммо қаерга ва нима учун кетаётганини тушунтириб беролмайди. Бу мен билган ўша инсон — ўтмишда гўзал ҳаёт кечирган иродали, ёрқин аёл эканини ақлимга сиғдиролмасдим.
Бувим 2013 йил 11 майда дунёдан кўз юмди. Биз доим 9 майда йиғилиб, қўшиқлар куйлардик, бу оиламиз анъанасига айланганди. Ўша куни мен кечгача ишлаб, ота-онамникига бормагандим. Бувим билан сўнгги бор бирга куйлаш имкониятини қўлдан бой берганимдан қаттиқ афсусдаман.
Надя
Инсульт дадамда 2014 йилнинг ноябрида содир бўлди. Яхшиям, у тиғиз вақтга яқин марказий метро бекатларидан бирининг ёнида юз берган — атрофда одамлар, шу жумладан, полиция ходимлари ҳам, кўп бўлган. Ҳеч ким дадамни маст деб ўйламаган, ўша заҳотиёқ тез ёрдам чақиришган. Бошланганидан касалхонага ётқизилгунича бир соат кетган. Сўнгра бир ярим ойлик реанимация ва интенсив терапия, шифохона бўлимларидаги сифатли реабилитация.Тикланиш яхши ўтаётганди, фикрий тиниқлик, нутқ ва ҳаракатлар мувофиқлиги қайтди. Бироқ ярим йил ўтгач, бошқа профил бўйича операция қилишга тўғри келди ва анестезиядан сўнг дадамнинг аҳволи оғирлашди.
Кўриш қобилияти сусайган, ўзи юришга қўрқади, гимнастика билан шуғулланиш истаги йўқолган. Тўғри, ақлий салоҳиятга путур етмади, бу бизни жуда қувонтирди. Онамнинг ҳаёти буткул ўзгариб кетди, у эртаю-кеч бир касалманд, инжиқ одамнинг ихтиёрида. Кўзи ярим юмуқ, сергак ухлайди — бирор эҳтиёж билан ё шунчаки мени ҳамма ташлаб кетди деган қўрқувда уни чақираётган бўлиши мумкин.
Коронавирус туфайли юзага келган чекловлар сабаб вақтинча ишсиз қолганимда мен бир ой дадам билан бирга қолдим, онамни эса дала-ҳовлига юбордим. Онам қайтган пайти уни таниёлмадим — ҳатто ёшариб кетганди, чунки, ниҳоят, тўйиб ухлаганди ва ихтиёри ўзига қайтганди.
Дадамнинг бизга оғирлиги тушмайди, унга мажбурият юзасидан ёрдам бермаяпмиз, балки чин муҳаббат туфайли, лекин барчамизга оғир. Эҳтимол, унга ҳаммамиздан ҳам кўра оғирроқдир: куч ва орзу-ҳавасларга тўла, ёш инсон эди. Мана, энди бир неча йилдан бери тўрт девор ичида, ўзининг ночор аҳволини ҳис қилиб яшамоқда.
Юлия
Онам инсультни бир неча марта бошидан кечирган. Дастлабки иккитаси мен учун деярли сезилмай ўтиб кетди: онам шифохонада ётди, биринчи сафар бир ҳафта, иккинчисида эса икки ҳафта, биз учун эса ташқаридан қараганда ҳеч нарса ўзгармади. Онам ўз аҳволи ҳақида бизга ҳеч қачон оғиз очмасди ва мен ҳозир шу нарса учун афсусдаман.Учинчи инсульт жуда оғир келди: онам юрмай қўйди, вақтни адаштириб юборарди, аммо нутқи равон эди. Ўша вақт биз хатога йўл қўйдик: ҳамма ўз қобиғига ўралиб олди (дадам, опам иккимиз, менинг анчагина катта бўлиб қолган қизим) ва, одатдагидай, онам биз учун, муҳокамаларга қўшилмайдиган, аммо кўрсатмалар олиб турадиган беморга айланди. Бу жуда ёмон эди ва онам сўнгги инсультни бошдан кечирди. У фикрлаш, ҳаракатланиш ва овқатланиш лаёқатини буткул йўқотди.
Реанимацияда кўпи билан бир ҳафта қолганини айтишди ва уни видолашув бўлимига ўтказишни тавсия қилишди. Бир ҳафта ичида олти кишилик палатада қаровсиз қолган учтаси вафот этганди. Биз онамни бир дақиқа ҳам ёлғизлатиб қўймасликка қарор қилдик: шифохонада навбати билан унга қарадик, онам билан энг кўп вақтни дадам ўтказди ва бир ҳафта ўтгач, биз уйга рухсат беришларини сўрадик.
Ҳа, у энди бизни танимасди, суянчиқсиз юра олмасди, ақли бир ёшли боланики каби эди, аммо онам биз билан яна 10 ой бирга яшади ва шу нарса кейинчалик бизга катта ёрдам берди. Мен ҳеч қачон яқинларим билан бундай ишончли алоқада бўлмаганман. Боз устига, уялмадик: аравачада сайр қилдик, итларни айлантирдик, дала-ҳовлига бордик, болалар майдончасида ўйнадик, дўстларимиз ва қариндошларимизни чақирдик (тўғри, унча кўп одам келмади), ҳали унча кексаймаган буви нима сабабдан аравачада юргани ва қумда ўйнаётганини болаларга тушинтирдик.
Ҳа, жуда қийин бўлди, жуда, аммо биз ҳаракат қилдик ва онам вафот этган пайтда унинг ўлимини қабул қилиш осонроқ кечди.
Изоҳ (0)