Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Миришкор туманларида Янги йил байрами арафасида 16 нафар ижтимоий оғир аҳволдаги хотин-қизга янги хонадон калити топширилди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган «Дарё» мухбири хабар берди.
Қайд этилишича, байрам арафасида вилоятнинг Китоб туманида 10 нафар, Миришкор туманида 6 нафар ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизга янги хонадон берилган.
Китоб тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Оқиловнинг маълумот беришича, туманда 10 нафар хотин-қизга уй олиб бериш учун маҳаллий бюджетдан 180 миллион сўм сарфланган бўлиб, уйнинг дастлабки бадал тўлови тўлаб берилган. Миришкор туманида эса олти нафар хотин-қизга олиб берилган уйларнинг дастлабки бадал тўлови учун 93 миллион сўм маблағ сарфланган.
«Янги йилни янги уйда, ўз хонадонида кутиб олиш бахти насиб этган аёлларимизни янги хонадон билан табриклаймиз. Президент ташаббуси билан нафақат Миришкорда, республикамизнинг барча ҳудудларида ижтимоий оғир аҳволдаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга имкон қадар кўмаклашиш ишлари давом этмоқда. Мана шу ишларнинг давоми сифатида бугун олти нафар хотин-қизга янги хонадон бериляпти», — дейди Миришкор тумани ҳокими Шерали Санаев.
Қўшимча қилинишича, вилоятдаги арзон уй-жойлар «Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида қуриб битказилган бўлиб, 2021 йил давомида бундай уйлардан 35 та қурилган.
Мавзуга доир: