Буюк Британиянинг юраги ҳисобланган Лондон бетакрорлиги билан ҳар йили миллионлаб сайёҳ ва мигрантларни ўз бағрига чорлайди. Бу шаҳарда таҳсил олаётган ёхуд карьера қилаётган юзлаб ўзбекистонликларни учратиш мумкин. Андижонлик 36 яшар Элбек Алиев ҳам хорижда ўз ўрнини топишга улгурганлардан. «Дарё» мухбири Лондондаги VivaldiPro бренди асосчиси ва раҳбари бўлган тадбиркор билан суҳбатлашди. У суҳбат давомида Англияга кетиши, хориждаги ҳаёт тарзи ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

«Онамнинг вафотидан кейин хорижга кетишга қарор қилдим»

Асли водийликман. Андижон шаҳрида шифокорлар оиласида туғилиб, вояга етганман. Оилада уч фарзандмиз: акам ва укам бор. Провизор (доришунос) бўлиш орзусида 18 ёшимда Тошкент фармацевтика институтига ўқишга кирганман.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

У пайтларда ҳам пойтахтда хорижнинг кўплаб фармацевтика компаниялари бўларди. Агар инглиз тилини билсангиз, 3-курсда ҳам сизни ишга олишарди, ишга кириш осон ва маоши кўпроқ эди. Олий ўқув юртига кирган давримданоқ инглиз тилидан IELTS олишга тайёргарлик кўришни бошлаганман.

2006 йилнинг февраль ойида онам вафот этди, у пайтда 3-курсда ўқирдим. Ўшанда кучли депрессия ҳолатига тушганман. Кўп нарсага нисбатан қизиқишим қолмаган: ўқишга кам борардим, одамлар билан гаплашгим келмасди. Фикр-у хаёлим фақат чет элга кетиш, хорижда инглиз тилини мукаммал ўрганиш эди.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Худди шу йили 1 августда яқин қадрдоним билан Тошкентдаги бир хорижий фирма орқали виза олишга таваккал ҳужжат топширдик. Фирма ходимлари «Тўловни виза чиққанидан кейин амалга оширасизлар», дейишди. Бу кутилмаган имконият бизни қувонтириб юборди. Бир кундан сўнг менга виза чиқди, оғайнимга эса йўқ. Орадан ўн етти кун ўтиб, Лондонга учдим. Унгача АҚШга кетиш мақсадида бир неча маротаба виза олишга ҳаракат қилганман. Аммо уринишларим натижа бермаганди.

«Аэропортда тўрт кун яшаганман»

Тоғамнинг ўғлидан уч ой муддатда қайтариш шарти билан уч минг доллар қарз олиб, виза пулини тўлаганман ва Англияга чипта харид қилганман. Лекин бегона юртга бориб яшашга: еб-ичиш ва ижара уйига пулим бўлмаган.

Лондонга етиб боргач, аэропортда тўрт кун яшаганман. Бекзод исмли ўзбекистонлик йигит билан у онасини Тошкентга кузатгани чиққанида танишиб қолганмиз. У мени ижара уйига таклиф қилган. Саккиз нафар ўзбек бир хонадонда яшаркан. Мен ҳам ўша уйда яшай бошлаганман.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Эртаси куни иш қидиришга тушганман. Чўнтагимда умуман пул йўқ, яшаш учун курашиш керак. Пицца дўконидаги эълонга кўзим тушиб, иш сўраб кирганман. У ердагилар ҳайдовчилик гувоҳномам борлигини сўрашди. «Ҳа», деб жавоб бердим. Аммо менда йўқ эди. «Мотоцикл бошқаришни биласанми?», дейишди. Яна «ҳа», дедим, лекин ҳайдашни билмайман.

Дўкондаги ҳайдовчилардан мотоцикл тезлигини биринчи даражага қандай уришни сўраб, шу тезликда мижозга пицца етказиб бериш учун таваккал йўлга тушдим. Қўлимда мижоз манзили бор, аммо у ерга қандай етиб боришни билмайман. Йўл-йўлакай одамлардан сўраб-суриштириб, икки соатга яқин вақтда манзилни топиб бордим. Лекин биринчи тезликда юрганим учун уловнинг мотори ёрилиб кетди. Кейин дўкондаги Раж исмли ходимга қўнғироқ қилиб, унга ҳолатни тушунтирганман. У олдимга етиб келиб, ёрдамлашган ва уйга кетишимга рухсат берган.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Эртаси куни яна дўконга бордим ва мижоз манзилини беришди. Пиццани олиб чиқаётсам, покистонлик Усмон деган йигит мотоцикл тезлигини биринчи, иккинчи ва кейинги даражаларга кўтараётганини кўриб қолдим. Бу жуда осон экан. Шу тариқа мотоцикл бошқаришни аста-секин ўрганиб олдим.

Пицца ташувчи, балиқ тозаловчи, бренд раҳбари...

Олти ой давомида мотоцикл ҳайдаб, пицца етказиб бериш билан шуғулландим. Бу хизматим учун ҳафтасига 200 фунт стерлинг олардим. Аммо бу мен учун кам эди.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Пиццани ўз вақтида етказиб берсам-да, ҳар бир мижозга кулиб қарардим ва, албатта, узр сўрардим. Улар бу одатим учун менга 4 фунт қўшиб беришарди. Бошида бунга ажабланганман. Кейинроқ билсам, лондонликлар сифатли хизмат ва хушмуомалани жуда қадрларкан.

Бир соатда тўртта мижозга маҳсулот олиб борсам, олтмиш дақиқа ичида ўртача 16 фунт қўшимча пул топардим. Бу эса Англиядаги яшашим учун етарли эди. Дўкондан оладиган ҳафталик маошимни эса жамғариб борардим.

Ярим йил давомида пицца тайёрлашни ҳам ўргандим. Кейин дўконда менежер сифатида фаолият юрита бошладим. Ойлигим мени қониқтирадиган даражада эди. Бир йилдан сўнг Тошкентдан уч хонали уй харид қилдим. Бу ҳаётимдаги ўзим сотиб олган биринчи катта нарса эди.

Пицца дўконида икки йил менежер бўлиб ишлаганимдан кейин балиқ ресторанига ишга ўтдим. У ерда балиқ тозалашга, картошка тўғрашга қарашардим, балиқнинг ҳиди кучли бўларди, иши оғир эди. Лекин шароитлар ҳам шунга яраша бўлиб, раҳбарият уй, машина берганди, маоши ҳам яхши. Орадан вақт ўтиб ресторан фаолиятини тўхтатди.

Яна иш қидиришга киришдим ва уйланаётган эркаклар учун костюм-шим ижарага берувчи савдо дўконига менежер бўлиб ишга жойлашдим. Лондон яқинида, аниқроғи, Темза дарёси бўйида жойлашган Санбери туманидаги савдо офисида уч йилча ишладим. 2015 йилнинг октябрида мазкур дўконни сотиб олдим ва номини ўзгартириб, VivaldiPro бренди остида фаолият юритаяпмиз. Очиғини айтсам, кун келиб костюм-шим тикиш билан шуғулланаман деб сира ўйламагандим.

«Таниқли инсонлар оилавий мижозга айланган»

Таниш-билишларим дўконимизнинг тезда оммалашгани сири нимада эканини кўп сўрайди. Биз тайёр костюм-шимни мижозларга ижарага беришдан ташқари, буюртма асосида тикиб беришни ҳам йўлга қўйдик. Айнан мана шу хизмат орқали ном қозондик деб ўйлайман.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Эшик тақиллатиб келган ҳеч бир мижозга ҳеч қачон «йўқ» деган жавобни айтмаймиз. Мижоз келиб, мана бу нарсани қила оласанми деса, қўлимиздан келиш-келмаслигини ҳали билмасак ҳам, «ҳа» деган жавобни берамиз ва жамоамиз билан ҳамжиҳатликда унинг хоҳишидаги маҳсулотни тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Шу орқали аста-секин тажрибамизни ошириб бордик.

Фаолиятимиз давомида ҳеч қачон рекламага аҳамият бермаганмиз. Бир мижознинг ўз ортидан бир қанча мижозни олиб келиши — оғиздан оғизга ўтиш туфайли дўконимиз номи тез тарқалди. Мижозларимиз орасида таниқли инсонлар ҳам бор.

Масалан, собиқ футболчилар — Жон Терри, Стивен Жеррард, таниқли қўшиқчи Жеймс Артур, машҳур актёр Жейсон Стейтем каби кўплаб спортчилар, санъаткорлар ва сиёсатчиларга костюм тикиб берганмиз. Айримлари оилавий мижозга айланган.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Билсизми, мижозларимиз орасида таниқли инсонлар бўлса-да, аммо улардан ҳам анча машҳур кишиларни маҳсулотимизга жалб қилишни истайман ва шу йўлда ҳаракатдамиз. Ҳатто президентлар буюртма бериб, мижозларим қаторидан жой олишини мақсад қилганман.

«Мижозлар хоҳишига қараб талаб қилади»

Тўғри, буюртма асосида костюм тикиш жуда қимматга тушади, аммо буни хоҳловчилар талайгина. Англияда кўплаб одамлар нархи қиммат бўлса-да, сифатли ва ўзига ёққан кийим кийишни истайди.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Шундай мижозлар борки, ўзи нима хоҳлаётганини айтиб, «Менга мана бу материалдан тайёрлаб берасан», дейди. Аксарият мижозлар «Костюмнинг астарида яқинларимнинг расми бўлиши керак», «Костюмнинг мана бу жойида у ёки бу нарса бўлсин», деб ўзларининг хоҳишларини айтади ва талаб қилади. Биз одатимизга кўра «йўқ» демаймиз ва айтганидек тикиб берамиз.

Улар буюртма асосида тикиш анча қимматга тушишини яхши билади ва шунинг учун костюмнинг нархи унчалик муҳим эмас. Мисол учун, тайёр костюм 350—400 фунт (400—550 доллар) бўлса, буюртма асосида тикиладиган маҳсулот нархи 2500—3000 фунтга (3500—4100 доллар) тушади.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Мижозлар истаганидек маҳсулот тайёрлаб беришимиз орқали ҳам бошқа дўконлардан ажралиб турамиз ва шу боис мижозлар сафи кенгайиб боряпти, назаримда.

«Лондонда вақт сизни кутиб турмайди»

Лондонда чумолидек ишламасангиз, сизга келаётган чиқимлар миқдори киримлардан ҳамиша кўп бўлади. Натижада сиз қарзга киришни ёки очликда яшашни бошлайсиз. Англияда вақтдан унумли фойдалана олмасангиз, кўп нарсани ютқазишингиз аниқ. Ўзбекистонда бир неча кунлар, ҳафталар давомида уддасидан чиқадиган ишингизни Лондонда бир неча соат ичида қилишингиз керак. Москва, Жакарта, Париж каби шаҳарлар сингари Лондонда ҳам вақт тез ўтиб кетади, вақт сизни кутиб турмайди.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Лондонда бир ойда ишлаб топган пулингизнинг кўп қисмини яшаш учун: ижара уй, телефон ва озиқ-овқатга сарфлайсиз. Жамоат транспорти, айниқса, метрода юриш анча қиммат. Автобусда юриш арзонроққа тушади.

«Қийинчиликларни енгиш учун ўзимда куч топа оламан»

Лондонга Тошкент фармацевтика институтида ўқиб юрган пайтимда: 4-курс бошида кетганман. Шу боис ушбу олий ўқув юртидаги ўқишимни охиригача етказмаганман. Бироқ Англияда меҳнат фаолиятимни олиб бориш билан бирга Вестминстер университетининг IELTS курси ҳамда Тижорий менежмент институтининг бизнес йўналишида таҳсил олдим. Асосий мақсадим инглиз тилини пухта ўрганиш эди, бунга эришдим.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Шу пайтга қадар фармацевтика соҳасида умуман ишлаганим йўқ ва ишламоқчи ҳам эмасман. Соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритмаётган бўлсам ҳам тадбиркорлик ортидан орзуларимга бирин-кетин эришяпман. Мақсадим — кам вақт сарфлаб, кўп даромад топиш ва чиройли турмуш кечириш. Агар бирор дорихона очсам, уни дори-дармон билан таъминлашга кўп вақт кетади.

Ўйлаб кўрсам, ҳозир онам тирик бўлганида, ҳаётнинг турли қийинчиликларига тайёр бўлмас эдим. Онангиз ёки отангиз вафот этса, ҳамма таъзия билдириб, сизга ҳамдардлик изҳор этади, аммо бу билан ҳеч нарса ўзгармайди. Онанинг ўрни барибир бошқа экан. Волидангиз ҳаёт бўлса, ҳар қандай синовли вазиятларда ёнингизда туриб, сизни қўллаб-қувватлайди.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Ҳаётим ёки карьерамда бирор қийинчиликка дуч келсам, уни енгиш ва амалга ошириш учун ўзимда доим куч топа оламан. «21 ёшимда уч хонали уй харид қилганман, нима учун бу ишни қила олмаслигим керак?», деган саволни кўп бераман. Мана шу фикр сабаб ўзимга нисбатан ишончим ортиб, олдинга интиламан.

«Спорт ҳаёт тарзимга айланган»

Лондонда кунни тўғри тақсимлаб, режали яшасангиз, кўп нарсага улгуришингиз мумкин. Масалан, ўзимнинг ҳам ҳар бир куним режа асосида ўтади ва белгиланган ишларимни ўз вақтида тез-тез бажаришга одатланганман. Эрталаб соат 08:00 дан кечки 20:00 гача телевизор кўрмайман. Доим зарарли нарсалардан узоқда бўлишга ҳаракат қиламан.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Спорт билан жиддий шуғулланганим учун у ҳаёт тарзимга айланиб бўлган. Ҳар куни бир ёки икки соат вақтим залда ўтади. Соғлиғимни ўйлаб, доим табиий маҳсулотлар истеъмол қиламан.

Охирги ярим йил ичида одамлардан «Сен бодибилдермисан?», «Диэтологмисан?», «Профессионал спортчимисан?», деган турли саволларни кўп эшитдим. Айрим танишларим мусобақаларда қатнашиб кўришимни маслаҳат берди ва менда қизиқиш пайдо бўлди. Аслида ҳеч қачон мусобақада иштирок этмагандим.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Бу сафар Тошкентга келишдан олдин бодибилдинг ва фитнес бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатига онлайн рўйхатдан ўтдим. Пойтахтга келгач, 80 килограм вазн тоифасида қатнашдим ва атлет-физик йўналиши (175 см) да бешликка кириб, тўртинчи ўринга лойиқ кўрилдим ва диплом билан тақдирландим.

«Саёҳат қилган одам камроқ хатога йўл қўяди»

Саёҳатларга чиқишни жуда яхши кўраман. Шу кунгача Франция, Италия, Россия, Бельгия, Швейцария, Греция каби ўттиздан ортиқ давлатда бўлдим. Сиз қанча кўп мамлакатларга борсангиз, қанча кўп миллат вакиллари билан мулоқот қилсангиз, шунчалар ҳақ ёки ноҳақлигингизни, тўғри ёки нотўғри йўлда эканингизни тушуниб етасиз ва камроқ хатога йўл қўясиз. Кўп саёҳат қилишимнинг битта сабаби ҳам шу.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Дунё кезган одам бу ҳаётда ҳеч ким эмаслигини англайди. Чунки сиз қанчалик таниқли ёки миллионер одам бўлманг, бошқа бир давлатда ҳеч ким эмассиз, сизни биров танимайди. Бу эса ҳамиша камтар, самимий бўлиб яшашингизга туртки беради.

«Ўзбекистонга қайтаман!»

Ўзбекистонда туғилиб, катта бўлдим, Лондонда эса ўзлигимни англадим. Англияда анча йилдан бери яшаётганим учун ўзимни эски қадрдон масканимда юргандек ва эркин ҳис қиламан. Одамзод қаерда қанча кўп муддат яшаса, ўша ерга қаттиқ боғланаркан.

Фото: Элбек Алиевнинг шахсий архивидан

Айни пайтда маълум муддат билан Тошкентдаман. Агар туғилган юртимда уч-тўрт ой юрсам, бу ерга ўрганиб қоламан. Чунки Лондондан шунча вақтга узоқлашаман. Лекин қачонлардир Ўзбекистонга, албатта, қайтиш ниятим бор. Вақти келиб, бу дунёдан кўз юмсам, Андижонда вафот этгим ва онамнинг олдида бўлгим келади. Лондонда жасади сарсон бўлган ўзбекистонликларни кўриб, қаттиқ таъсирланганим боис шу фикр миямда кўп айланади.

Миролим Исажонов суҳбатлашди