Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда сўнгги вақтларда хорижий давлатлар фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани сабаб мамлакат фуқароларини огоҳликка чақирди, деб хабар беради агентлик матбуот хизмати.

Маълумотларга кўра, Россия ҳудудида бўлиб турган, хусусан, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий давлатлар фуқаролари ўртасида ёки улар иштирокида оммавий низоли вазиятлар сони ошган. Амур, Москва ва Свердловск вилоятлари, Доғистон, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида оммавий муштлашувлар юз бериб, ушбу ҳодисалар пайтида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидлар пайдо бўлган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қарши куч ишлатилган ва транспорт воситалари ҳаракати тўсиб қўйилган.

Агентликнинг маълум қилишича, оммавий муштлашувларда иштироки сабаб ҳибсга олинган хорижий давлат фуқаролари 15 кунга қамалган ва уларнинг Россия ҳудудига киришига тақиқ қўйилган. Агар ушбу фуқаролар 15 кунлик жазо муддатини ўтагач, мамлакат ҳудудидан мустақил равишда чиқиб кетмаса, улар мажбуран чиқариб юборилади.

Шунингдек, бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этган чет эл фуқаролари Россия қонунларига асосан бошқа кўринишда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Сўнгги йилларда чет элликлар орасида бўлиб ўтган энг йирик оммавий жанжаллардан бири 2021 йилнинг 12 июлидан 13 июлига ўтар кечаси Москва шаҳридаги «Кузминки» метро бекати ёнида юз берган. Унда 200 нафарга яқин фуқаролар қатнашган, улардан 45 нафари 15 кунга ҳибсга олинган. Ваколатли органлар томонидан можаронинг 103 нафар иштирокчисини депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, ушбу оммавий муштлашувда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этмаган.

Аввалроқ Санкт-Петербургда Чеченистон ва Тожикистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.