Интернетда Хитой кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётган Toyota Camry седани кутилмаганда портлаб кетгани тасвирланган видео пайдо бўлди. Роликдан кўриш мумкинки, биринчи портлаш ягона ва, афтидан, энг кучлиси эмас: олов қуршовида қолган седан бироз вақтдан сўнг яна бир бор портлаган, бу сафар олов ва тутундан ҳатто қўзиқоринсимон булут пайдо бўлган. Шундан кейин автомобиль яна бир — сўнгги марта портлаган, деб хабар беради Motor.

Кадр: YouTube

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Camry ҳайдовчиси биринчи портлашдан сўнг автомобиль ичидан чиқишга муваффақ бўлгани сабаб унга ҳеч нарса қилмаган. Видео эълон қилинган YouTube’даги каналда қайд этилишича, машина табиий газда ҳаракатланаётган бўлган. Аммо Toyota Camry Classical’нинг бу каби версиялари Хитойда сотувга чиқарилмайди: уларга 2,0 ва 2,4 литрли анъанавий моторлар ўрнатилади.

Тахминларга кўра, газ баллонли қурилма Camry’га автомобиль эгаси томонидан ўрнатилган, хусусан, яхши ўрнатилмаган — бу юзага келган кўплаб портлашларга изоҳ бўла олади.

Reddit тармоғида бу ҳақида яна бир фикр тарқалди: фойдаланувчилардан бири кўнгилсиз ҳодисага мотор эмас, балки Camry юкхонасида олиб кетилаётган табиий газли баллон ёки пропан сабабчи бўлган деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ Илон Маск томонидан 11 июнь куни тақдим этилган янги Tesla Model S Plaid ҳаракат вақтида ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.