Россия сиёсий сабабларга кўра Шимолий Македонияга «Спутник V» вакцинасининг етказиб берилишини кечиктиряпти, деб ёзмоқда Bloomberg.
Маълумотларга кўра, етказиб беришнинг кечикиши Шимолий Македониянинг январь ойида сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишини қоралаган декларацияни имзолагани, март ойида эса Россия расмийларига қарши инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун санкциялар киритилишини қўллаб-қувватлагани билан боғлиқ.
Шимолий Македониянинг исми сир тутилган амалдори Bloomberg агентлигига хабар беришича, расмий равишда етказиб беришнинг кечикиши вакцинага бўлган юқори талаб ва дозаларнинг етишмаслиги билан изоҳланади.
Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси Шимолий Македонияга вакцинанинг етказиб берилиши шартномага мувофиқ амалга оширилаётганини маълум қилди ва бунинг сиёсат билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларни рад этди.
Маълумот учун, 23 апрель куни Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси келтирилди. Вакцинани етказиб беришда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси амалий кўмак берди. Мамлакатга олиб келинадиган «Спутник V» вакцинасининг ярмини тадбиркор Алишер Усмонов молиялаштирган.
Шунингдек, Сербия «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни бошлади. Хабарга кўра, вакцинани ишлаб чиқариш «Торлак» вакцина ва зардоблар вирусология институти негизида йўлга қўйилган. Заводнинг қуввати йилига 20 миллион дозагача вакцина ишлаб чиқаришга имкон беради.
Бундан ташқари, «Спутник V» яқин келажакда Эронда, яқин ойларда эса Италияда ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.
Россиянинг Гамалея марказида ишлаб чиқариладиган «Спутник V» вакцинаси айни пайтда 60 та мамлакатда рўйхатдан ўтказилган. Хусусан, «Спутник V» вакцинаси Венгрия, Ливан, Серб Республикаси, Жазоир, Аргентина, Беларусь, Боливия, БАА, Сербия, Фаластин, Парагвай, Покистон, Туркманистон ва Венесуэлада фойдаланиш учун тасдиқланган.
Изоҳ (0)