Республикада мобил алоқани ривожлантириш, замонавий сервис хизматларни жорий этиш орқали интерактив давлат хизматлари ва электрон тижоратдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатда халқаро стандартларга мос мобил телефонлар ҳамда мобил алоқа модулига эга қурилмаларни кенг ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасидаги масаладир.
Бу борада истеъмолчилар учун сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорда контрафакт маҳсулотлар айланишига қарши тегишли чоралар кўриш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича ҳукумат доирасида тизимли тадбирлар белгиланган. 2019 йил ноябрь ойигача республикага олиб кирилган смартфонлар ва бошқа турдаги мобил қурилмалар аксарияти расмий равишда, яъни давлат чегарасидан ўрнатилган тартибда олиб кирилмаган. Бошқача қилиб айтганда, ушбу йўналишдаги бизнес, яширин иқтисодиётни бир йўналиши ҳисобланган. Эркин савдода бўлган мобил қурилмаларнинг деярли 87 фоизи давлат ҳудудига яширин равишда олиб кирилган. Тасаввур қилинг, бу бозорда қанча маблағ айланган?
Шу вақтда мобил алоқа компаниялари ўз абонентларининг сони ва унинг ўсиши тўғрисида мунтазам ахборот бериб келган, бироқ ушбу абонентлар қандай мобил қурилмалардан фойдаланаётгани ҳақида ҳеч ким савол бермаган. Ваҳоланки, ўша даврда республика ҳудудига расмий равишда йилига 50-60 мингта телефонлар олиб кирилган, холос.
Табий савол туғилади, аҳоли ишлатаётган мобил қурилмалар сифатига, техник кафолатига, хавфсизлигига, ичида жойлаштирилган дастурларга ким кафолат берган ? Ҳеч ким! Энг ачинарлиси, бундай ҳолат ҳеч кимни қизиқтирмаган ва муаммонинг ечими назардан четда қолган. Ҳозирги IT технологиялари ривожланиши даврида, соатбай ривожланиши десам ҳам хато бўлмайди, мобил қурилмаларни сифатига ва хавфсизлигига кафолат берадиган бозорни шакиллантириш вақти келди.
Мобил қурилмадан фойдаланиш ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётдаги эҳтиёжига айланиб келмоқда. Бу айниқса пандемия даврида ўз ўрнини кўрсатди. Инсон ўз электрон картмон хавфсизлигини кафолатланмаган мобил қурилмага қандай қилиб ишониб, топшириб қўйиши мумкин ? Лекин бундай муаммо юзага келиши мумкинлиги ҳозир иккинчи ўринда, биринчи ўринда эса қиммат телефонни арзонроқ сотиб олиш. Бундай носоғлом рақобатдан, албатта, республика ҳудудига ноқонуний равишда телефонларни олиб кираётган шахслар фойдаланади ва, албатта, бундай бозорни ўз-ўзидан, ҳеч ким бериб қўймайди. UzIMEI тизимини жорий қилиш негизида халқимизга сифати ва хавфсизлиги кафолатланган мобил қурилмалар етиб келиши мақсад қилиб қўйилган. Бунда қандай ютуқларга эришилмоқда?
1. Истеъмолчилар учун сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имконияти яратилди, сифати кафолатланган, халқаро талабларга жавоб берадиган маҳсулот кириб келмоқда. Халқаро GSM талаби бўйича стандартларга жавоб бермаган қурилмалар рўйхатдан ўтказилмаяпти.
2. Ички бозорда контрафакт маҳсулотлар айланиши чекланмоқда, телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда.
3. Мобил алоқа қурилмаларини ишлаб чиқарувчи йирик компанияларнинг ваколатхоналари очилмоқда. Улар кафолатланган соғлом рақобат муҳити бор бўлсагина ваколатхона очишади. Бугунги кунга қадар бундай соғлом муҳит бўлмаган.
4. Расмий олиб кирилган қурилмаларни савдо мажмуалари харидорларга муддатли тўлов ёки кредит асосида сотмоқда. Бундай хизмат норасмий олиб кирилган қурилмаларга кўрсатилмайди.
5. Халқаро стандартларга мос мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларни маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш қўллаб-қувватланмоқда.
6. Тизимнинг жорий этилиши фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга замин яратади. Бу нафақат мобил қурилмаларни ўғрилаш билан боғлиқ жиноятларни камайтирмоқда, балки давлат ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаб берувчи чораларининг самарадорлигини оширди. Қолаверса, мазкур тизим бозордаги шаффофликни янада оширмоқда, сохта маҳсулотларни республика ҳудудига олиб келиш ҳажмини камайтирди.
Масалани тўлиқ ўрганмаслик, бир томонлама ёндашилган фикрларга ишониб, «ушбу тўловларни истеъмолчи тўлайди», деган нотўғри тушунчалар тарқалиши ва шаклланиши табиий ҳол. Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида» 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарорида аниқ қилиб ёзиб қўйилган, яъни мобил қурилмани импортёр республика ҳудудига олиб кирган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан бериладиган давлат божхона декларацияси асосида IMEI кодлари рўйхатдан ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 31 декабрь 2020 йил 828-сон «Ўзбекистонда фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори, тизим ишга туширилганидан сўнг фуқаро ва тадбиркорлардан, вазирлик ҳамда идоралардан келиб тушган мурожаат, таклифлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда тизимни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Энди мобил қурилмани IMEI кодини рўйхатга олиш учун ундириладиган тўловни чет давлатларники билан солиштирсак, бунга собиқ СНГ давлатларидан ва ривожланган давлатлардан бирини мисол қилиб кўрсатсак...
Озарбайжонда
IMEI рўйхатга олиш тизими 2013 йил май ойида ишлай бошлаган. Тизим контрабанда билан курашиш ва ўғирликлар сонини камайтиришга қаратилган.
Мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш нархлари қурилманинг бозор нархига қараб белгиланади ва қуйидаги тарифлар бўйича амалга оширилади:
- 100 АҚШ долларидан қиммат бўлмаган, расм, видеога олиш функциялари, шунингдек, интернет тармоғига уланиш имконияти бўлмаган қурилмалар учун рўйхатдан ўтказиш нархи – 20 манат (~12 АҚШ доллари);
- 100 АҚШ долларидан қиммат бўлмаган бошқа қурилмалар — 30 манат (~17 АҚШ доллари);
- 101 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларигача — 50 манат (~30 АҚШ доллари);
- 201 АҚШ долларидан 400 АҚШ долларигача — 60 манат (~35 АҚШ доллари);
- 401 АҚШ долларидан 700 АҚШ долларигача — 70 манат (~41 АҚШ доллари);
- 701 АҚШ долларидан 1000 АҚШ долларигача — 100 манат (~60 АҚШ доллари);
- 1001 АҚШ долларидан юқори – 150 манат (~88 АҚШ доллари).
2006—2010 йилларда Туркиянинг IMEI бошқарув тизимида 10,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча солиқ йиғилган. Телефонларни ўғирлаш ҳолатлари 95 фоизга камайган. Тизим оператори ахборот технологиялари комитети ҳисобланади. IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш учун жисмоний шахслар учун 1800 лира (190 АҚШ доллари) белгиланган.
Ўзбекистонда
- Импорт қилувчилардан – 49 000 сўм (4,66 АҚШ доллари);
- Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан –24 500 сўм (2,33 АҚШ доллари);
- жисмоний шахслардан (ўзи чет элдан олиб келса ёки жўнатма қабул қилса) – 49 000 сўм (4,66 АҚШ доллари), маҳаллий бозордан сотиб олинган мобил қурилмалар тўловини истеъмолчи тўламайди.
Mobi.uz компанияси eSim тизимини жорий қилишининг дастлабки кунлариданоқ, IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш имконияти мавжуд бўлган. Бугунги кунда мобил қурилмаларнинг eSim IMEI кодларини рўйхатга олиш хизмати ваколати Ўзбекистон почтаси, мобил алоқа компаниялари (бугунги кунда Ucell)га ҳам берилди.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинган мобил қурилмаларнинг eSim IMEI кодлари сотувга чиқаргунга қадар рўйхатдан ўтказилиши ва шундан сўнг истеъмолчига етиб боришини таъминланмоқда. Оддий сўз билан айтганда, истеъмолчи ҳеч қандай тўлов амалга оширмаяпти, SIM слотга ҳам eSim’га ҳам. Истеъмолчи мобил қурилмани республика ҳудудида сотиб олгандан сўнг, унинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш учун тўлов амалга оширилиши назарда тутилмаган.
eSim’да ҳам IMEI код мавжуд бўлганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида»ги низомда белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади (худди иккинчи сим картадек).
Агар мобил қурилманинг слотларининг IMEI кодлари рўйхатга олинмаган бўлса, ушбу қурилманинг IMEI (eSim) кодларини онлайн хизмат орқали рўйхатдан ўтказиш имконияти мавжуд. Агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI коди рўйхатга олинган бўлса, ушбу қурилманинг бошқа слоти IMEI (eSim) кодини рўйхатдан ўтказиш мобил қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилган ҳолда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилиши асосида амалга оширилиши белгиланган.
Сабаби, ҳанузгача айрим фуқароларнинг (асосан четга чиқиб келган) паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиб, республика ҳудудига ноқонуний (контрабанда) йўллар билан олиб кирилган мобил қурилмаларни онлайн равишда (расмий сайтдан, SMS ёки USSD код орқали) рўйхатдан ўтказишмоқда. Бундай тартибда ўтказишда, паспортнинг ҳақиқиқий эгаси ёки бегона шахс томонидан ҳаракат амалга оширилаётганлиги тизимга номаълум бўлади. Бироқ онлайн хизматини ҳам ўчириб бўлмайди. Бундай ҳолат юзага келиши фақатгина сохта тадбиркорларнинг виждонига ҳавола.
Жорий йилнинг 1-чорагида 200 мингдан зиёд фуқароларнинг паспортларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати тизим оператори томонидан аниқланиб, жабрланган фуқароларнинг номига ўзининг мобил қурилмалари рўйхатдан ўтказиб берилган, қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан эса Ички ишлар органлари тезкор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. eSim рўйхатдан ўтказишда ҳам бундай ҳолат юзага келмаслигини олдини олиш мақсадида тизим оператори офисида ва Ўзбекистон почтаси бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилиши таъминланиб келинмоқда. Бу, албатта, вақтинчалик чора, истеъмолчилардан келиб тушаётган таклифларни инобатга олган ҳолда тизим операторининг дастурий маҳсулини такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Жамоавий мурожаатлар порталидаги мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш ҳақидаги 2019 йил 14 декабрдаги 1249-с-п/19-сон жамоавий мурожаат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган ва 2020 йил 3 июнь ««Менинг фикрим» веб-порталига жойлаштирилган «мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш ҳақидаги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш тўғрисида»ги 312-IV сон қарори қабул қилинган ва қарорга асосан мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш бўйича жорий этилган тизимнинг:
- ишлатиладиган миллий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлиги даражасини оширишга;
- фуқаролар томонидан турли хил электрон хизматларни олиш учун хавфсиз платформани шакллантиришга;
- фуқаролар томонидан йўқотилган ёки ўғирлатиб қўйилган мобил қурилмалардан фойдаланишнинг олдини олишга;
- радиотехник ускуналарнинг импорт оқимини легаллаштириш ва уларни стандартлаштиришга кенг имкон яратиши эътиборга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан «Мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш ҳақида»ги электрон жамоавий мурожаат юзасидан тайёрланган маърузасида тақдим этилган таклиф ва камчиликларни инобатга олган ҳолда, мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш тавсия этилган. Бу борада тизим оператори томонидан ишлар олиб борилмоқда.
Call-centre: 1170
E-mail: info@uzimei.uz
Веб-сайт: https://uzimei.uz
YouTube: UzIMEI uz
Реклама ҳуқуқи асосида.