Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Perseverance марсоходи томонидан олинган суратларнинг бирида камалакни ёдга солувчи ноодатий табиат ҳодисасини пайқаб қолди, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Нашрнинг ёзишича, Марснинг атмосфераси ва тузилишининг ўзига хослиги сабаб у ерда камалак бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли ушбу ҳолат булутларда қотиб қолган муз кристалларининг аксланиши натижасида юзага келган бўлиши мумкин. Яна буни қор юзага келтирган бўлиши ҳам мумкин — йилнинг бу вақтида қор сайёранинг айрим ҳудудларида сақланиб қолган.

Forbes журналисти мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида NASA ходимларига мурожаат қилган. Космик агентлик муҳандиси Дейв Лаверининг айтишича, бу камалак бўлиши мумкин эмас, балки шунчаки линзаларнинг ўзига хослиги сабаб юзага келган объективнинг нотўғри кўрсатиши ҳисобланади. Бу каби ҳолатни смартфон камераси объективига қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушганда ҳам кузатиш мумкин.

Эълон қилинган суратда Ingenuity мини-вертолётини пайқаш мумкин, ҳозирда у 11 апрель куни амалга ошириладиган биринчи парвозига тайёрланмоқда. Келажакда ундан сайёрани тадқиқ этишда марсоходга ёрдамчи сифатида фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 31 июнь санасида NASA бортига Perseverance номли янги аппарат ўрнатилган Atlas V ракета-ташувчисини Канаверал саҳросидан учирган эди. 2021 йил 9 февралга ўтар кечаси Perseverance тадқиқот аппарати Марсга муваффақиятли қўнишни амалга оширди. Қўниш, тахминан, етти дақиқа давом этган. Бу вақт мобайнида барча операциялар автоматик режимда амалга оширилган.