Таиландда оғирлиги 20 килограмм келадиган Годзилла лақабли эркак макака маймунлар учун мўлжалланган махсус «озиш лагери»га юборилди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: ViralPress

Таъкидланишича, Годзилла уч ёшда бўлиб, кичкиналигидан Бангкокдаги бозорда яшаб келади. Унинг олдинги хўжайинлари маймунни ташлаб кетган ва ҳайвонга Маноп исмли сотувчи қарай бошлаган.

Аёл Годзиллага яхши муносабатда бўлган, бироқ унинг оғирлигини назорат қила олмаган. Маймун зарарли егуликларни танлашга ва атрофдагилардан овқат олишга ўрганиб қолган. Шу сабабли у жуда тез семириб кетган — ҳозирда 20 килограмм.

Маноп макаканинг соғлиғидан хавотирга тушиб, уни маймунлар учун мўлжалланган махсус муассасага топширган. У ерда Годзилла жадвал бўйича овқатланади, гимнастика билан шуғулланади ва ёввойи табиатга қайтишга тайёрланади, чунки макакаларни уй ҳайвони сифатида сақлаш тақиқланган.

Аввалроқ Австралияда семиз лабрадор ташқарига чиқмоқчи бўлиб, эшикни синдириб юборгани ва интернет юлдузига айлангани тўғрисида хабар берилганди.