Дунё пандемияга қарши курашда бирлашиши, келишмовчиликларни унутиши керак. Чунки бир нечта давлат вакцинациядан бош тортса, дунёда коллапс таҳдиди юзага келади. Бу ҳақда Россия давлат Думасининг Соғлиқни сақлаш қўмитаси аъзоси Борис Менделевич маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».

Фото: «РИА Новости»

Хабарда айтилишича, бундан аввал Россия президенти Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида бир қатор мамлакатларнинг коронавирусга қарши вакцинага эга бўлолмаслиги бутун дунё учун катта таҳдидга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирган.

«Агар бир нечта давлатлар COVID-19 тарқалишига қарши курашиш усули сифатида вакцинациядан бош тортса, у ҳолда оқибатларини тасаввурга сиғдириш қийин бўлган глобал коллапс, локдаунга олиб келиши мумкин. Шунинг учун барчамиз бирлашиб, келишмовчиликларни унутиб, пандемияга қарши курашда катта жамоа бўлиб, бирдек ҳаракат қилишимиз керак деб ўйлайман»,  — деган Менделевич.

Унинг таъкидлашича, коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлик ва одатий турмуш тарзи қанчалик нозик бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

«Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда вакцина бу — вақти келиб ҳаёт ва соғлиқ учун хавфсирамасдан мулоқот қилиш имконини берадиган ягона восита. Ҳа, бизнинг мамлакатда вакцинация ихтиёрий ва ҳар бир инсон эмланиш тўғрисида қарорни ўзи қабул қилади. Аммо мен шифокор сифатида эмланиш тарафдориман ва ўзим ҳам эмландим», — дея қўшимча қилган у.