Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда илм-фан натижалари кимё саноати ва нефть-газ тармоқлари учун ҳам жуда зарурлиги таъкидланди. Қайд этилишича, Ўзбекистон кўп миқдорда кимёвий реагентлар, полимерлар ва бошқа маҳсулотларни импорт қилаётгани бу борадаги аҳволни яққол кўрсатади.

Шу муносабат билан, хорижий тажриба асосида нефть ва табиий газни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлайдиган марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. Кимё саноатига зарур реагентлар учун илмий институтларга буюртмалар бериш ва уларни ишлаб чиқаришга грант ажратиш муҳимлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Яна бир масала — бугунги кунда Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида 3 миллиард тоннага яқин техноген чиқиндилар йиғилиб қолган. Йилига уларнинг 20 миллион тоннаси қайта ишланса, 2 тонна олтин, 8 тонна кумуш, 10 минг тонна мис ҳамда волфрам, молибден каби нодир металлар олиш мумкин. Мутасаддиларга бу борада аниқ кўрсатмалар берилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев нефть-газ кимёси соҳасидаги лойиҳалар билан танишганди.