Тошкент шаҳар Яккасарой тумани, Глинка кўчасида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида мактаб ўқувчиси вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, йўлни пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган мактаб ўқувчиси катта тезликда келаётган «Жигули» автомобилидан қочишга уринган. Бироқ машина ўқувчини уриб юборган, зарба кучидан мактаб ўқувчиси бир неча метрга думалаб кетган.

Воқеа гувоҳлари зудлик билан болани касалхонага олиб борган, бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдамга қарамасдан, боланинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Қайд этилишича, ЙТҲ тумандаги 118-мактаб олдида юз берган. Ҳодиса жойида тезлик чеклови соатига 50 километрни ташкил қилади ҳамда бу ерда ўқувчилар йўлни кесиб ўтиши ва мактаб борлигини англатувчи белгилар ўрнатилган.

Айни пайтда ҳайдовчига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.