Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Қашқадарё вилояти туманларидаги бўлимлари раҳбарлигига агентлик суҳбатидан ўтган номзодлар тавсия қилинган бўлса-да, ташкилотнинг вилоят бошқармаси раҳбари Шоҳжаҳон Омонов айрим ҳудудларга бошқа, Тошкент тавсия этмаган ва умуман суҳбатда бўлмаган кадрларни тайинлаган, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи котибияти мудири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган Шоҳжаҳон Омонов 5 август куни Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев раҳбарлигида Zoom орқали ўтказилган йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари этиб тайинланган. Шундан сўнг бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқларини тайинлаш учун агентликнинг республикадаги масъуллари иштирокида 15 та шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан номзод қилиб кўрсатилган 45 нафар мутахассис билан суҳбат ўтказилган.

Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Сарвар Ашуров томонидан агентликнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Шоҳжаҳон Омоновга 19 август куни юборилган хатда: «Суҳбат натижаларига кўра, 1-иловадаги муносиб деб топилган номзодлар билан 2020 йил 19 августдан бошлаб белгиланган тартибда уч ой синов муддати билан меҳнат шартномалари тузишингиз ҳамда уларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича барча чораларни кўришингизни сўраймиз» дейилган. 1-иловада Шаҳрисабз шаҳри ва 10 та туманга бўлим бошлиғи сифатида тайинланиши тавсия этилган мутахассисларнинг исм-шарифи келтирилган эди.

Фото: «Дарё»

Жумладан, Деҳқонобод тумани ҳокими кўрсатган уч номзод орасидан Адҳам Қулмаматов агентлик суҳбатидан ўтиб, туман бўлими бошлиғи лавозимига тавсия этилган. Вилоят бошқармаси бошлиғи Шоҳжаҳон Омонов эса Адҳам Қулмаматовга бу ҳақда хабар бериб у билан меҳнат шартномаси тузиш ўрнига, унинг ўрнига бошқа номзод — Ойбек Нормуродовни «қўйган».

Фото: «Дарё»

Бундан ташқари, суҳбат  якунларига кўра агентликнинг Чироқчи туман бўлими бошлиқлигига тавсия қилинган Алишер Бекназаров ҳам эътибордан четда қолиб, вилоят бошқармаси туман ҳокимлигидан бошқа уч номзод сўраган. Бунга сабаб сифатида Бекназаров лавозимга ўтишни рад этгани кўрсатиб ўтилган.

«Мен суҳбат куни натижани деярли билиб бўлгандим. Боиси мен билан суҳбатга борган икки нафар номзод суҳбатдан қониқарли ўтмаганини айтганди. Мен билан суҳбат қилган агентлик вакили эса саволларга қониқарли жавоб берганимни билдириб, иш бошласам нималарга эътибор беришимни сўраганди. Хуллас, республикадан келган хатда ҳам ўзим кўрсатилганимни билгандим. Бироқ бу ҳақда менга на Шоҳжаҳон Омонов ва на бошқарманинг кадрлар бўлими хабар берди. Буларнинг жавобини кута-кута ҳафсалам пир бўлгач, ўзимнинг ишимни давом эттиряпман», — дейди агентликнинг Чироқчи туман бўлими бошлиқлигига тавсия қилинган Алишер Бекназаров.

Ғузор туманида ҳам шундай ҳолат кузатилган. Туман ҳокими томонидан кўрсатилган уч номзоднинг икки нафари агентлик масъуллари ўтказган суҳбатда қатнашган ва суҳбатдан Нодиржон Саидов ўтган. Бироқ агентликнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси республика ташкилоти тавсиясига зид ўлароқ Саидов билан шартнома имзоламаган — унга ҳатто суҳбатдан ўтгани ҳам айтилмаган. 18 сентябрь куни «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Нодиржон Саидов шу кунга қадар суҳбатдан ўтганидан бехабарлигини айтган.

Шоҳжаҳон Омонов «Дарё» мухбири билан суҳбатда бу ишлар ҳокимлар билан келишилган ҳолда қилинганини, бу ишларни қилиш учун ҳокимлардан тавсия хатлари олинганини бир неча бор такрорлади (бунда Омонов туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан Ёшлар ишлари агентлигига суҳбатдан ўтказиш учун кўрсатган уч кишилик номзодларни назарда тутган).

Унинг таъкидлашича, Чироқчи ва Ғузор туманларидан ташқари, Шаҳрисабз шаҳар бўлими бошлиқлигига тавсия этилган номзод ҳам лавозимга ўтишни рад этган, шу сабабдан уларнинг ўрнига номзод изланаётганини билдирган. Омоновнинг қўшимча қилишича, лавозимни рад этган номзодлар қарорлари ҳақида оғзаки тарзда билдирган (Чироқчи ва Ғузор бўлимлари бошлиқлигига тавсия этилган номзодларга эса улар суҳбатдан ўтганини ҳам билдирилмагани ҳақида юқорида ёзилди).

Ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида «Дарё» мухбири Ёшлар ишлари агентлиги билан боғланди. Агентликнинг кадрлар масаласи бўйича масъули Шомурод Сатторов ташкилотнинг ҳудудий бошқармаларга чиқарилган тавсия хати «юридик кучга эга эмас»лигини таъкидлади.

«Агентликнинг туман бўлими раҳбарларини лавозимига тайинлаш бошқарма бошлиғи ваколатига киради. Шундай бўлса-да, биз суҳбат асосида номзодларни саралаб, бошқармага хат чиқарганмиз. Аммо бу хатимиз юридик кучга эга эмас, фақат тавсиявий характерга эга. Қолаверса, ижтимоий адолат нуқтаи назаридан агентликнинг туман ва шаҳар бўлимларига Ёшлар иттифоқининг ҳудудий раҳбар кадрлари қўйилиши тўғри деб ўйлайман», — деди Сатторов

Фото: «Дарё»

Қизиқ, агар кимни қаерга раҳбар этиб тайинлаш вилоят бошқармаси бошлиғи ваколатидаги масала бўлса, шунча одамни овора қилиш — туман ва шаҳар ҳокимларидан туман бўлимлари бошлиқлигига номзод кўрсатишни сўраш, сўнг номзод қилиб кўрсатилган 30-40 кишини ишидан қолдириб, уларни суҳбатга чақириш, «юридик кучи йўқ» тавсия хатига кирадиган «раҳбарлар»ни танлаб берадиган масъулларни сафарбар қилишдан — шунча кўзбўямачиликдан нима наф?

Муаллиф:Отабек Қўлдошев