Халқ депутатлари Андижон вилояти Хўжаобод тумани кенгашининг 9 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Зоҳиджон Аҳмадалиев туман ҳокими сифатида таништирилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири. Аввалроқ вилоятнинг Асака тумани ҳокими алмашгани ҳақида хабар берилган эди.
Сессияда 2019 йилдан буён туман ҳокими сифатида ишлаб келган Отабек Расулов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилгани, унинг ўрнига вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Аҳмадалиев Хўжаобод тумани ҳокими этиб тайинлангани маълум қилинган.
Зоҳиджон Аҳмадалиев 1974 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1996 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини, 2011 йилда эса Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
У вилоят ҳокимлиги, Олтинкўл, Шаҳрихон ва Андижон туманлари ҳокимликларида турли лавозимларда, 2015—2016 йилларда вилоят Иқтисодиёт бош бошқармасида, 2018—2019 йилларда вилоят Иқтисодиёт ва худудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.
Зоҳиджон Аҳмадалиев 2020 йил апрелидан буён вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.
Депутатлар билан келиша олмаган ҳоким
Август охирларида ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг бир гуруҳ депутатлари туман ҳокими Отабек Расуловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев ва қатор давлат идораларига мурожаат йўллагани маълум бўлган эди.Мурожаатда ҳокимнинг давлат мулкини талон-торож қилиш, ер сотиш, бюджет маблағларини ноўрин сарфлаш, кадрлар сиёсатидаги шошқалоқлик, тадбиркорларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётгани, маънавий-ахлоқий томондан ҳам «тескари ўрнак» бўлаётгани таъкидланган.
Шунингдек, мурожаатда ҳоким Отабек Расулов 2019 йилги парламент сайловлари вақтида депутатликка номзодлар рўйхати ОАВда эълон қилинишига бир кун қолганида, сиёсий партияларга тазйиқ ўтказиб, номзодлар рўйхатини ўзбошимчалик билан ўзгартиргани ҳам қайд этиб ўтилган.
Депутатлар ўз мурожаатида туман ҳокимининг ишини алоҳида ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузиб, гуруҳи ишига ўзлари ҳам жалб этилишини сўраган эди.