Пастдарғомда «1000 та жўжа боқиб, камбағалликдан қутулган йигит» маҳалла раисининг ўғли, туман прокурори эса шу «спектакл» муаллифларидан бири бўлиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бошчилигида Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғинида туман маҳалла ҳамда аҳоли вакиллари иштирокида 9 август куни бу масала бўйича учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик хабар берди.
Учрашувда «Kun.uz»да эълон қилинган «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсуновнинг маҳалладаги камбағал оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам намунаси сифатида ўз уйида боқилаётган 1000 дона жўжани ҳамда камбағал оила вакили сифатида ўз ўғли – Достон Тиркашевни кўрсатгани баён этилган мақолада кўтарилган масалалар ўрганилиб, муҳокама этилган.
Раҳмат Маматов бу ҳақида ўз фикрини билдириб, вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик қилган ҳар бир масъул ходимга нисбатан тегишли чора кўрилишини айтиб ўтди.
Учрашувда «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсунов ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Пастдарғом тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М. Санақуловага ўз фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун ҳайфсан интизомий жазо чораси берилган.
Аввалроқ Бош прокуратура «1000 та жўжа спектакли» бўйича муносабат билдирган эди.