«Дарё» таҳририятига Шайхонтоҳур тумани Сойиб Хўжаев кўчасида истиқомат қилувчи Муборак Қосимова мурожаат қилиб, ревмо-артрит касаллигига чалинган онаси учун моддий ёрдам сўради.

Фото: «Дарё»

Онам, Насиба Худайқулова 1956 йил туғилган. 2003 йил ёзида оёғидан жароҳат олиб ногирон бўлиб қолди. Имкон борича даволатдик. 2007 йилгача бир амаллаб ишладилар, лекин кейин умуман ётиб қолдилар.

Шу пайтгача кўплаб касалхонларга олиб бордик. Шифокорлар онамга ревмо-артрит ташхисини қўйди. Уларнинг айтишича, иккала тиззада юмшоқ қатлам қуриб қолган, тиззада суюклик қолмаган.

2016 йили Ҳиндистондан келган ортопед профессор Анил Ароранинг қабулига борганимизда шифокор онамни рентген хулосаларини кўриб чиқди. Ҳамда онамнинг юриб кетиши учун иккала тиззага сунъий бўғим қўйиш кераклигини,  операцияга 8 минг доллар кетишини айтди.

Биз шу операцияни ўзимизда қилдирмоқчи бўлиб, трамотология институтига бордик. Афсуски, у ердаги мутахассислар ҳозирча фақат бир  оёғини, 6 ой ёки бир йилдан сўнг иккинчи оёғини операция қилишни, бироқ бу операция муваффақиятли чиқишига кафолат бера олмасликларини айтишди.

Ортопед Анил Арора эса иккала оёқни бир вақтда операция қилишини ва бу ишга 100 фоиз кафолат берган эди. Биз шу одамда операция қилдиришга қарор қилдик. Аммо... маблағ тарафдан қўлимиз анча калталик қилди.

Профессорни айтишича, операциядан кейинги даволаниш ва иккала оёқнинг ипини олиш ва бошқа муолажалар учун Ҳиндистонда икки ой бўлишга тўғри келар экан.

Онамлар фақатгина ётадилар, ҳатто ўтира олмайдилар. Чунки ўтириш учун тиззалари букилмайди, қотиб қолган.

Фото: «Дарё»

Оилавий аҳволимизга келсак, дадам пенсионерлар, мен 42-оилавий поликлиникада ярим ставкада рўйхатга олувчи (медрегистратор) бўлиб ишлайман. Укам эса ишсиз. Шунча йил йиғиб териб, қариндош-уруғлардан қарз олиб, 5 минг долларча пул жамғардик. Аммо операция учун 3 минг доллар ва йўл харажатлари учун пул керак.

Куни кеча Ҳиндистон элчихонасидан визамиз ҳам чиқди. Агар керакли пул йиғилса насиб қилса сентябрнинг бошида Ҳиндистонга учиб кетамиз. Яхши инсонларнинг ёрдамига жуда-жуда муҳтожман.

Биз барча саховатли юртдошларимиздан Насиба Худайқуловага имкон борича ёрдам беришларини сўраб қоламиз. 

Насиба Худайқуловага хайрия қилмоқчи бўлганлар учун керакли маълумотлар:

Пластик карта орқали:(Click, Payme)

Қизи Муборак Қосимова номига очилган

«Агробанк»: 8600 0417 9012 7436

Хориждан банкдан маблағ юбормоқчи бўлганлар учун қизининг паспорт маълумотлари:

Қосимова Муборак Илхамовна

Паспорт рақами: АА 2655016

Қизининг телефон рақами:

+998 90 978 56 33