Бир неча ойдан бери «Севимли» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Зулейҳа» сериали ўзбек киноихлосмандларига манзур бўлди. Қуйида сериалда Зулейҳа ролини ижро этган актриса Ҳилал Алтинбилек ҳақидаги маълумотлар келтирилади.
Ёшлиги
Туркиянинг таниқли актрисаси Ҳилал Алтинбилек 1991 йил 21 январда Измирда туғилган. Унинг санъатга ва саҳнага бўлган қизиқиши болалигиданоқ намоён бўлган.
Ҳилал театрдаги фаолиятини мактабда ўқиб юрган кезларида бошлади. Актриса аввал замонавий драма гуруҳида Али Ҳайдардан таълим олди, кейинчалик 2009–2010 йилларда Муждат Гезен марказий санъат курсини тамомлади.
Карьераси
Ҳилал ўзининг ижодий фаолиятини «Қоронғи сувлар» номли сериалдан бошлади. Ушбу картина ҳаёт остонасида туган ёшлар ҳақида ҳикоя қилар эди. Картинада биргина воқеа ҳамма нарсанинг ўзгариб кетишига сабаб бўлади. Унга кўра, Эзги исмли қаҳрамон қаттиқ шикастланган ва хотираси йўқ ҳолда топилади. Аммо тез орада у ҳаммасини эслашга муваффақ бўлади. Ушбу сериалда Ҳилал Ирем образини ижро этган.
2013 йил Ҳилал «Қора гул» сериалида Ўзлем ролини ижро этди. Ушбу сериал уч боласи билан ёлғиз қолган аёл ҳаётидан ҳикоя қилади. Она ўзида куч топиб, эрини излаш учун бошқа шаҳарга кетади. Тасодифан у бир вақтлар эри совға қилгани каби қора атиргул шаклидаги тақинчоқ таққан аёл билан учрашиб қолади. Картинада севги учбурчаги, муносабатларининг ривожи ноодатий тарзда кўрсатиб берилади.
Актриса 2018 йил «Зулейҳа» сериалида бош ролни ижро этди. Сериал воқеалари ўтган асрнинг 70 йилларида содир бўлади. Ҳилал Алтинбилек ёш йигит – Демирга муҳаббат қўйган Зулейҳа образида намоён бўлади. Аммо йигит содир этган жиноят туфайли жуфтлик полициядан яширинишга уринади.
Улар фермадан иш топади, воқеалар давомида ферманинг эгаси ҳам Зулейҳани севиб қолади. Тақдир уларни қанчалик айиришга уринмасин, улар бунинг акси учун барча тўсиқларни енгиб ўтишга ҳаракат қилади. Маълумотларга кўра, картинанинг дастлабки воқеалариёқ сериал рейтингини биринчи ўринга кўтариб юборган.
Актрисанинг гўзаллиги ва истеъдоди томошабинларни ҳам, янги лойиҳаларга таклиф этадиган режиссёрларни ҳам бефарқ қолдирмайди.
Шахсий ҳаёти
Актриса суратга тушишдан ташқари бўш вақтларида спорт билан машғул бўлишни яхши кўради. У теннис билан шуғулланади.
«Қора гул» сериали суратга олиниши мобайнида актриса билан ўзидан икки ёш кичик актёр Мерт Язижиўғли ўртасида ишқий муносабатлар пайдо бўлди. Аммо уларнинг муҳаббати узоққа бормади.
Охирги вақтларда матбуотда Ҳилалнинг гоҳи Керем Алишик, гоҳида Угур Гунеш билан боғлиқ муносабатлар ҳақида шов-шувлар пайдо бўлди. Аммо Ҳилал ўз интервьюсида мунозарага сабаб бўлган икки эркак ҳам унинг дўстлари эканлиги ҳамда уларнинг муносабати дўстликдан бошқасига ўтмаслигини айтиб ўтди. Шунингдек, актриса 29 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳали оила қуриш борасида бир қарорга келмаган.
Изоҳ (0)