Бортида икки астронавт — Дуглас Хёрли ва Роберт Бенкен бўлган Crew Dragon кемаси Ерга қайтиш учун автоматик равишда Халқаро космик станция (ХКС)дан ажралди. NASA Crew Dragon’нинг қўниш жараёнини тўғридан-тўғри трансляция қилмоқда.

Фото: NASA

Космик кема Тошкент вақти билан соат 04:35 да станциядан ажралган. Crew Dragon’нинг Ерга етиб келишига 19 соат вақт кетади. Космик кема Атлантика океанининг Флорида қирғоқларига келиб қўниши керак. Бу 1975 йилдан буён Америка томонидан учирилган бошқариладиган космик кеманинг биринчи бор сувга қўниши ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан яратилган Crew Dragon космик кемаси 30 май куни Халқаро космик станция томон учирилган эди. 31 май куни эса Crew Dragon ХКСга муваффақиятли туташган.

SpaceX учун бу фазогир иштирокида космосга амалга оширилган илк парвоздир. Тарихда илк бор бундай жараён хусусий компания томонидан амалга оширилди. NASA агентлиги ва SpaceX компанияси Dragon космик юк кемасининг бошқариладиган версиясини яратиш учун 2014 йили қиймати 2,6 миллиард долларлик шартнома имзолаган эди. SpaceX бошқариладиган парвозларни 2017 йилдан бошлаши кутилган эди, бироқ Falcon элтувчи ракетасининг бир неча аварияларидан сўнг компаниянинг барча рухсатномаларни олиши бир неча бор ортга сурдирилган эди.