Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирусдан вафот этган тошкентлик шифокор Алишер Ураловнинг хонадонига 1 июль куни кўнгил сўраб борди. Бу ҳақда журналист Азиза Қурбонова Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.

Коронавирусдан вафот этган шифокор Алишер Уралов.

Фото: «Gazeta.uz»

«Шаҳноза Ҳасанова қўнғироқ қилиб, ҳозиргина хонадонига соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов келганини айтди. Вазир марҳум шифокорнинг оила аъзоларидан самимий кўнгил сўраб, бу шифокорлар жамоаси учун ҳам оғир жудолик бўлганини билдирган», — деб ёзади журналист. Таъкидланишича, Шаҳноза Ҳасанова соғлиқни сақлаш тизими унинг изтиробларини тўғри тушунгани учун миннатдор.

«Оила боқувчисини йўқотгани, Алишер Уралов хизмат фаолияти давомида коронавирус инфекциясига чалиниб вафот этгани инобатга олиниб, қонуний барча компенсациялар қопланиши маълум қилинган. Шунингдек, Шаҳноза Ҳасанова у билан ҳамдард бўлган, мурожаатига бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва блогерларга раҳмат айтди», — деб қўшимча қилинган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг Юқори Чирчиқ туманидаги карантин маркази (Ўртасарой)да хизмат кўрсатиш учун сафарбар этилган шифокори Алишер Уралов коронавирусга чалиниб вафот этгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу баёнотдан сўнг ОАВга интервью берган Шаҳноза Ҳасанова отаси 26 июнь куни вафот этганини, отасига лозим даражада эътибор кўрсатилмаганини маълум қилган эди.