Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида банкдан катта миқдорда кредит олиб, уни ўз вақтида қайтармаган ва ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган фуқарога жиноий иш очилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Микрокредитбанк» АТБ бошқаруви ва Халқаро тараққиёт уюшмаси билан «Қишлоқ хўжалик корхоналарини қайта қўллаб-қувватлаш дастури» бўйича тузилган келишувга асосан, «Н.» МЧЖга чорвачиликни ривожлантириш, қорамол ҳамда ем-хашак маҳсулотларини сотиб олиш учун ажратилган 495 миллион сўм кредит маблағларига жамият раҳбари С.А. 50 бош қорамол харид қилган. Сўнгра ушбу қорамолларни 500 миллион сўм нақд пулга сотиб юбориб, сотувдан тушган маблағларни банк муассасасига топширмасдан ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.