Наманган вилоятида 23 май куни етти нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Соғайганларнинг бари Наманган вилоятининг ўзидан (тўрт нафари Наманган шаҳридан, икки нафари Наманган туманидан, бир нафари Уйчи туманидан). Улар касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган эди.

Соғайганларнинг икки нафари эркак, беш нафари аёл, энг каттаси 80 ёшли онахон, энг кичиги 14 ёшда. Шундай қилиб, Наманган вилоятида коронавирусдан соғайганлар сони 240 нафарга етди, тўққиз нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда.

Ўзбекистон бўйича биргина 23 майнинг ўзида 40 нафар бемор коронавирусдан соғайди (аввалроқ Тошкент шаҳрида 33 киши соғайиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида хабар берилган эди), мамлакат бўйича соғайганлар сони 2532 нафарга етди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 23 май соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони жами 3089 нафарни ташкил этмоқда, 544 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда. Беморларнинг 13 нафари инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.