Андижон вилоятида ўзбек халқи тарихини ўзида мужассам этган музей, тарихий обида ва ёдгорликлар, шунингдек, баҳаво ва хушманзара дам олиш масканлари ҳамда муқаддас зиёратгоҳлардан иборат 400 дан зиёд сайёҳлик объекти мавжуд. Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати Андижон вилоятидаги 7 та диққатга сазовор маскан ҳақида маълумот берди.
Мингтепа
Мингтепа — Андижон вилояти, Марҳамат туманининг шарқий қисмида, Андижон шаҳридан 38 километр узоқликда жойлашган. У милоддан аввалги V-ИВ ва милоднинг IV асрларида ҳукм сурган Довон давлатининг пойтахти бўлган Эрши шаҳри харобаларидир. Кейинчалик Мингтепа деб ном олган Эрши 70 шаҳардан ташкил топган бўлган. Қадимда бу савдо шаҳри орқали Буюк ипак йўли ўтган.
Хитой ёзма манбаларида тилга олинган мазкур пойтахт-шаҳар ўзининг ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ва самовий тулпорлари билан дунёга машҳур бўлиб, ўз даврида Хитой давлати билан рақобатлашган.
Имом ота
Зиёратгоҳ қадимдан ислом оламида муносиб ўрин тутган Имом Муҳаммад Ҳанафия номи билан аталиб келинган. Тадқиқотчилар Н.Абдулаҳадов, В.Азимовнинг «Олтиариқ зиёратгоҳлари», «Насибаномайи Муҳаммад Ҳанафия» китобларида келтиришича, ислом лашкарбошиси Ҳазрати Алининг ўғли Муҳаммад Ҳанафия Хуросонни забт этиб, аҳолининг исломга киришида хизматлари катта бўлганлиги учун «Хуросон ота», «Имом ота» номини олган, шунинг учун бу ўлкада Бобо Хуросон, Имом ота номлари билан боғлиқ диққатга сазовор жойлар мавжуд.
XVIII асрга оид зиёратхона-хонақоҳ XIX аср охирларида андижонлик Маҳмудалибой томонидан қайта тикланган. Ушбу объект 1982 йилда меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Хонобод сиҳатгоҳи
Хонобод – водийнинг гўзал табиатли, мусаффо ҳаволи, экотуризм учун қулай ҳудуди. Бу ерда ҳордиқ чиқариш билан бирга бетакрор табиат манзараларидан завқ олиш мумкин. Сиҳатгоҳ денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган иқлимий курорт ҳисобланади. Хонобод санаторийси ўзининг кислород билан тўйинган, ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ва қуйи нафас йўллари, асаб тизими, юрак қон-томир касалликларини даволашга ихтисослашган.
Хонобод сиҳатгоҳида, шунингдек, сурункали гастрит, холецистит, панкреатит, гастродуоденит, ошқозон ва 12 бармоқли ичакнинг яра касаллиги – чандиқланиш босқичида, сурункали пиелонефрит, сурункали ич қотиши, гинекологик ва урологик касалликлар, периферик асаб тизими касалликлари, суяк ва бўғим касалликларидан азият чекаётган беморлар даволанади. Сиҳатгоҳ ҳудуди 10,5 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ҳудуди қайрағоч, терак, эман, ёнғоқ, акация, каштан, арча, чинор ва бошқа дарахтлар билан бурканган.
Жоме меъморий мажмуаси
Жоме меъморий мажмуаси XIX аср охирида Муҳаммадалибой томонидан таниқли меъмор уста Исахон Муҳаммад Мусо ўғли лойиҳасига кўра Фарғона водийси меъморчилик мактаби миллий анъаналари асосида бунёд этилган. Мажмуанинг умумий майдони — 2 гектардан ортиқ. Мажмуа тўртбурчак шаклда қурилган бўлиб, унинг тўртта бурчагида гумбаз, ғарбий томонида хонақоҳ, минора ва 50 та хона бор.
Хонақоҳ 1990—1993 йилларда тўлиқ таъмирдан чиққан. Мажмуа аввал диний таълим даргоҳи, кейинчалик бозор, уруш йилларида аҳоли турар жойи, сўнг омборхона, 1989—1995 йилларда диний ўқув мадрасаси, 1995—2016 йилларда эса Адабиёт ва санъат музейи сифатида фаолият кўрсатиб келган.
Аҳмадбекҳожи меҳмонхонаси
Алишер Навоий номидаги Андижон шаҳар маданият ва истироҳат боғининг шарқий томонида жойлашган ушбу меъморий обида 1905–1907 йилларда андижонлик йирик бой, пахта заводи эгаси Аҳмадбекҳожи Темурбек ўғли буюртмаси билан меҳмонхона ва иш юритиш жойи сифатида бунёд этилган. Қурилишда Ўзбекистон халқ меъмори, Республика Фанлар академиясининг фахрий аъзоси Юсуфали Мусаев (1869 – 1947), уста Тошхон, уста Яҳё ва уларнинг шогирдлари иштирок этишган. Меъморий ёдгорлик Ўзбекистон халқ рассоми, уста Саидмаҳмуд Норқўзиев томонидан халқ амалий безаги санъатининг сир наққошлик ва ганч ўймакорлиги турлари билан безатилган.
Меҳмонхонанинг пишиқ ғиштдан ҳашамдор қилиб урилган бир даҳлиз ва катта залдан иборат меҳроб ва токчали хонаси ўша даврга хос эклектика услубида ганчкорлик санъати билан безатилган. Меҳробсимон дераза атрофидаги безаклар ва хоналар шифтидаги нақшлар XIX аср охири Европа меъморчилиги руҳиятида, ички деворларидаги бошқа ўсимликсимон ганч ўймакорлиги безаклари миллий наққошлик руҳиятида бажарилган.
Иншоот Шўролар даврида саводсизликни тугатиш мактаби, қишлоқ совети ҳамда колхоз раислари тайёрлаш курси, Иккинчи жаҳон уруши йилларида болалар уйи ва мактаб вазифасини ўтаган. 1960–1970 йилларда механизаторлар ва шофёрлар тайёрлаш даргоҳи бўлиб хизмат қилди. Бино 1970–1974 йилларда таъмирланган.
Қалъа
Андижон шаҳридаги Дукчи Эшон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ушбу ёдгорлик Қалъа номи билан машҳур. У Чор Россияси ҳарбий қисми учун мудофаа қўрғони сифатида бунёд этилган. Қалъанинг 10 метрдан ортиқ баланд бўлган деворларидан Андижон шаҳрининг ҳар бир маҳалла, кўчалари кафтдек кўриниб турган ва шу жойдан туриб исёнларни бостириш имконияти бўлган. Унинг бир неча казарма бинолари, қурол-аслаҳа омборлари, ошхона, тўпхоналардан иборат мудофаа қўрғони бўлган. Қалъада чор Россияси армиясининг Туркистон асосий мунтазам ҳаракатдаги батальони 4-5-ротасига тегишли 250 дан зиёд аскари бўлган.
Қалъа 130 йил давомида жуда кўп тарихий воқеалар, жумладан, 1898 йил Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолонининг гувоҳи бўлган.
Арк ичи
Арк ичи ёдгорлигининг қурилган даври ҳақида аниқ тарихий маълумот сақланиб қолмаган. Шарқшунос олим М.Абдураҳмоновнинг XIV асрда яшаб ўтган олим Ҳамдаллоҳ Казвинийнинг «Нусрат ул-қулуб» асарига асосланиб берган маълумотига кўра, мадраса XIV асрда Ҳожар исмли шаҳар ҳукмдори томонидан қурдирилган.
Ёдгорлик Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо арки ўрамида бўлиб, кейинги 7-8 аср давомида бир неча бор таъмирланган.
Мадраса 27 ҳужра, 3 гумбазли дарсхона, талабаларга мўлжалланган кичкина ёпиқ ва айвонли намозгоҳдан ташкил топган.
Изоҳ (0)