Маълумки, охирги пайтларда 9 май санасини қандай номлаш (Хотира ва қадлаш куними, Ғалаба куними?) борасида баҳслар келиб чиқмоқда. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши ва Улуғ ватан уруши тушунчалари атрофида ҳам муҳокамалар кетмоқда. Муқаддам «Дарё» экспертлар ва тарихчилар фикрларини ўрганиб, эълон қилган эди.

Улуғ ватан уруши атамасига қайтиш тарафдорларининг аргументларига биноан, бу тушунча Иккинчи жаҳон урушининг бир қисмини — 1941—1945 йиллардаги Совет–немис урушини акс эттиради, ўзбекистонликлар урушнинг шу босқичида иштирок этган. Аммо тарихий фактлар кўрсатиб турибдики, ўзбекистонликлар Иккинчи жаҳон урушининг бошқа эпизодларида ҳам қатнашган. Хусусан, илгарироқ Совет–япон урушида қатнашган ўзбекистонликлар ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон уруши воқеалари доирасида 1939 йил 30 ноябрида СССР Финляндия ҳудудига бостириб кирганди. Уруш якунлари бўйича совет томони Финляндияга ўз шартларини ўтказса ҳам, агрессияси учун Миллатлар лигасидан қувилди. Шунингдек, СССР кичкина Финляндияга қарши урушда улкан йўқотишларга учрагани бутун дунёга Қизил армиянинг ёмон тайёргарлигини кўрсатиб берди ва Учинчи Рейхнинг СССРга бостириб киришини тезлаштирди.

Совет–фин урушида қатнашган ҳарбийлар орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор. «Дарё» фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими Равшан Назаровнинг 1939—1940 йиллардаги Совет–фин урушида қатнашган ўзбекистонлик ҳарбийлар ҳақидаги мақоласини диққатингизга ҳавола этади.

Фото: Wikipedia

Артиллерия генерал-полковниги Парсегов М.А.

Менимча, тўртта урушда иштирок этган артиллерия генерал-полковниги, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Парсегов Михаил Артемевич (1899—1964) энг ёрқин намоянда бўлса керак. У арман миллатига мансуб бўлиб, Тоғли Қорабоғда туғилган ва 12 ёшдан бошлаб Туркистонда истиқомат қилган. Андижондаги пахта тозалаш заводида ишлаган. 1916—1917 йилларда Биринчи жаҳон урушида Кавказ фронтида артиллерия аскари сифатида қатнашган.

1918—1922 йилларда Туркистонда (Андижон, Наманган ва Фарғонада) хизмат ўтади ва батарея ҳамда артиллерия взводи командири этиб тайинланди. 1922 йилда Тошкентда артиллерия қўмондонлик курсларини, 1926 йилда эса жамоа таркибини такомиллаштириш курсларини тамомлади. 1936 йилда Ҳарбий академияни тугатди. Ўрта Осиё ҳарбий округида ҳамда Волгабўйи ва Байкалорти ҳарбий округларида хизмат ўтади. У артиллерия дивизиони ва артиллерия полкига қўмондонлик қилди ҳамда Ленинград ҳарбий округи артиллериясига бошлиқ ҳам бўлди.

1939—1940 йиллардаги Советфин урушида 7-қўшин артиллерияси бошлиғи лавозимида иштирок этиб, Липоло ва Тронсгунда жангларида ва «Маннергейм чизиғи»нинг ёриб ўтилишида қатнашди. 1940 йилнинг 21 мартида Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлди. 1940 йилнинг июнида эса Паргесовга артиллерия генерал-лейтенанти унвони берилди ва у Қизил армия артиллериясининг генерал-инспектори этиб тайинланди. Ўзининг Финляндия билан уруш якунларига кўра билдирилган танқидий нутқлари ва конструктив таклифлари орқали армия ичида катта машҳурликка эришди.

1941—1945 йилларда у жануби-ғарбий фронт артиллерияси бошлиғи лавозимида қатнашди. Киев остонасидаги жангларда, Москва ва Елец шаҳарлари остонасидаги жангларда иштирок этди. 1942 йилда Курс ва Воронеж остонасидаги жангларда 40-армияга қўмондонлик қилди. Яраланиб оёққа тургач, Узоқ Шарққа юборилди. 1945 йилда иккинчи Узоқ Шарқ фронти артиллерияси бошлиғи сифатида Япониянинг Квантун армиясининг яксон қилинишида, Харбин шаҳрининг ва бошқа шаҳарларнинг озод қилинишида иштирок этди.

Уруш йилларида иккита «Қизил Байроқ» ордени билан ҳамда 2-даржали Суворов ордени билан тақдирланди. Парсегов саккизта жанговар орден, кўплаб медаллар — «Қаҳрамон Олтин Юлдузи», «Германия устидан ғалаба учун», «Япония устидан ғалаба учун» сингарилар кавалери ҳисобланади. Урушдан кейин Парсегов Бош штаб академияси қошидаги курсларни тамомлаб, Польшада Шимолий қўшин гуруҳлари артиллериясига, Узоқ Шарқ қўшинлари артиллериясига ва Беларусь ҳамда Ленинград ҳарбий округларида қўмондонлик қилди. 1958 йилда артиллерия генерал-лейтенанти бўлди, умрининг охиригача Ҳарбий артиллерия академияси факультети бошлиғи сифатида хизмат қилиб, 1964 йилда вафот этди ва Санкт-Петербургдаги Богословский қабристонига дафн этилди.

Авиация генерал-лейтенанти Канарев V.П.

Виктор Павлович Канарев (1907—1965) Қўқонда туғилган; Қўқон ва Фарғона шаҳарларида истиқомат қилиб, Фарғона вилояти ер бўлимида статист бўлиб ишлаган. 1927 йилда Фарғона шаҳар ҳарбий бўлими томонидан хизматга чақирилган. Авиация билим юртини тамомлаб, денгиз авиациясида хизмат қилган. Фин урушида Болтиқ флоти 105-авиабригадаси, 12-разведкачи эскадрилья командири бўлган. Қўмондонликни душман ҳақидаги муҳим разведка маълумотлари билан муваффақиятли таъминлагани учун «Қизил Байроқ» ордени билан тақдирланган.

Фото: Wikipedia

1941—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида Қора денгиз флоти таркибидаги ҳарбий ҳаво кучларида авиаполк командири, авиадивизия командири ўринбосари ва авиадивизия қўмондони сифатида қатнашиб, Кавказ, Қрим, Украина, Молдова, Руминия ва Болгариянинг озод этилишида қатнашди. 1944 йилнинг 16 майида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди, учта «Қизил Байроқ» ордени, 2-даражали «Ушаков» ордени, 1-даржали «Ватан уруши» ордени, «Қизил Юлдуз» ордени, ўз номидаги ханжар ҳамда медаллар билан («Одесса мудофааси учун», «Севастополь мудофааси учун», «Кавказ мудофааси учун» ва ҳоказо) тақдирланди.

Урушдан сўнг Тинч океани флоти ҳарбий ҳаво кучларига қўмондонлик қилди. Бош штаб академиясида кафедра раҳбари бўлди. 1961 йилдан эътиборан захирага олинди. 1965 йилда вафот этиб, Севастополда дафн қилинди.

Флот соҳил хизмати генерал майори Денисевич Н.Й.

Денисевич Николай Юлианович (1893—1965) Наманган шаҳрида туғилган ва Фарғона эркаклар гимназиясини тамомлаган. 1913 йилда ҳарбий билим юртини тамомлаб, Биринчи жаҳон урушида ва фуқаролар урушида иштирок этган. Фин урушининг фаол қатнашчиси. Соҳил кузатуви отряди командири сифатида Карелия бўғози орқали ҳужумга ўтаётган совет қўшинларининг қаноти ва ортини ёпиб турган.

1941—1945 йилларда генерал майор, Кронштадт мудофаа ҳудуди Луг сектори қўмондони этиб тайинланди. 1941—1944 йиллар давомида Ленинград мудофаасида қатнашди ва  1944—1945 йиллар давомида Болтиқбўйи ҳамда Шарқий Пруссиянинг озод қилинишида иштирок этди.

Урушдан кейин 1945—1947 йилларда Виборгдаги денгиз пиёдалари билим юртига раҳбарлик қилди. Ҳарбий денгиз академиясида кафедра бошлиғи (1947—1951) ва факультет бошлиғи (1951—1955) бўлган. 1955 йилдан эса захирага олинди. «Ленин» ордени билан бешта «Қизил Байроқ» ордени, номи ёзилган қурол, кўплаб медаллар («Ленинград мудофааси учун» ва ҳоказо) билан тақдирланди. 1965 йилда вафот этиб, Санкт-Петербургдаги Богословскя қабристонига дафн этилди.

Гвардия майори Серпер I.Л. 

Одессалик Серпер Иосиф Лазаревич (1911—2002) 1933—1935 йилларда Ўрта Осиё ҳарбий округида ҳарбий хизмат ўтаган, 1935—1939 йилларда Тошкентда яшаб ишлаган. 1939 йилдан эса яна армия сафида, Фин урушида қатнашди. Муҳандислик-сапёрлар взводи қўмондонига ёрдамчи этиб тайинланди. «Маннергейм чизиғи» истеҳкомларини ёриб ўтишда қатнашди. Кичик лейтенантлар курсини тамомлади.

1941—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида муҳандис-сапёрлар қўшинида хизмат қилди. Взвод, рота ва батальон командири этиб тайинланди. Кавказ учун жангларда, Украина, Беларусь, Польша ва Шарқий Пруссиянинг озод қилинишида қатнашди. Мелитополь шаҳрининг озод қилинишида иштирок этди. 1943 йил 1 ноябрида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» бўлди. «Ленин» ордени, 1 ва 2-даражали «Ватан уруши» орденлари, «Қизил Байроқ» ордени ва медаллар билан («Жанговар хизматлари учун», «Кавказ мудофааси учун» ва ҳоказо) тақдирланди. 1946 йилдан захирага олинди. 2002 йилда вафот этиб, Сан-Францискода дафн этилди.

Гвардия катта лейтенанти Саидбеков А.

Амирали Саидбеков (1920—1945) Фарғона вилояти Сўх тумани, Топимозор қишлоғида таваллуд топган. 1939—1940 йилларда Фин урушида қатнашди. Бунинг учун 1940 йилда кичик лейтенантлар курсига юборилди. Фронтда 1941 йилнинг 22 июнидан взвод ва ротага қўмондонлик қилди. Москва мудофаасида, Беларусь, Украина, Чехословакия ва Польшанинг озод қилинишида қатнашди. Гвардия лейтенанти Саидбеков 1945 йилнинг 8 апрелида Польшадаги Рибник шаҳрида вафот этди ва ўша ерда дафн қилинди. «Ленин» ордени, «Александр Невский» ордени, «Қизил Байроқ» ордени, 1 ва 2-даражали «Ватан уруши» орденлари ва медаллар билан тақдирланди. 1945 йилнинг 29 июнида вафотидан сўнг «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони берилди.

Фото: Wikipedia

Танкчи ва меҳнат қаҳрамони Заманов М.Ф.

Заманов Махсут Фаизрахманович (1914—1988) — Бошқирдистоннинг Баймоқ тумани Исянбет қишлоғидан бўлган. 1931—1935 йилларда Қашқадарё вилояти, Яккабоғғалла совхозида трактор бригадасига бошчилик қилган.

Армияга чақирилгач, 1939—1940 йилларда Фин урушида танкчи сифатида қатнашди. 1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчиси. Урушдан кейин қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилди ва қўриқ ерларини ўзлаштириш борасидаги хизматлари учун «Меҳнат Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди (1957 йил). «Қаҳрамон Юлдузи», иккита «Ленин» ордени ҳамда кўплаб медаллар билан тақдирланди. Бошқирдистондаги Эски Сибай қишлоғида вафот этди ва ўша жойда кўмилди. Қишлоқдаги кўчалардан бирига унинг номи берилди.

Орден ва медаллар билан тақдирланганлар:

  • Фин урушидаги иштироки учун «Қизил Байроқ» ордени билан тақдирланганлар рўйхатида Ўзбекистондан чақирилган аскарлардан катта лейтенантлар I.Қулаҳматов, Аҳмед Мустафин, Борий Ҳакимов, кичик командирлар Шариф Зокиров, Саид Магатаев, Қизил Армия аскарлари М.Алмабеков, Р.Жумадилов, Муҳаммад Қозихонов, Г.Қурбонов, Г.Раҳмонов ва бошқалар;
  • «Қизил Юлдуз» ордени билан тақдирланган капитан Саид Нигматуллин, капитан Г.Й.Юсупов, катта лейтенант Ҳалим Шокиров, катта сиёсий раҳбар I.Қулаҳметов, кичик лейтенант Иброҳим Бекмуҳаммедов, Қизил Армия аскарлари З.Рамазонов, А.Раҳмонов, С.Ёқубов ва бошқалар;
  • «Жасорат» медали билан катта лейтенантлар Маҳмуд Булатов, А.Тўраев, лейтенант Алихон Тошматов, сиёсий раҳбар Муртазо Бараев, Ислом Юнусов, кичик командирлар Салоҳиддин Одилов, Боқи Саниязов, Собир Хайруллин, санитар йўриқчи Анвар Бахтиев, Қизил Армия аскарлари Маҳмуд Абдуллаев, Ниёзали Алибоев, Абдулҳай Олимов, Арслон Амиров, Пирим Аҳмедов, Давлат Мукашев, Ўроз Султонов, Ҳалим Ҳасаншин, Олим Ҳусниддинов, Шомуҳаммад Шоймардонов, Тоҳир Юсупов ва бошқалар;
  • «Жанговар хизматлари учун» медали билан 1-даражали ҳарбий техник А.Мансуров, 2-даражали ҳарбий техник Абдулла Ҳолиқов, кичик командирлар Мамад Насруллаев, Қизил Армия аскарлари I.Бобоев, Қараш Дусенов, Анвар Умаров ва бошқалар тақдирланган.

Умуман олганда, алоҳида қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик жангчиларнинг 1939—1940 йилларда бўлиб ўтган Фин урушидаги иштироки ҳарбий тарих соҳасида энг кам ўрганилган масалалардан бири ҳисобланади ва ҳарбий-тарихчилар олдида ушбу масалаларни кенг жамоатчилик учун ёритиб бериш борасидаги қилиниши керак бўлган ишлар ҳали бисёр.