Тошкентда бир неча ташаббускор гуруҳлар томонидан Сирдарё вилоятида 1 май куни юз берган техноген офатдан зарар кўрган аҳолига хайрия ёрдам юклари ташкил этилмоқда. Вилоятда 1 май куни тонгда Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бирининг ёрилиб кетиши оқибатида сув тошқини юз берган; 2 май тонги ҳолатига кўра 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган, камида 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган. Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Сирдарё вилоятида бўлиб турибди; давлат раҳбари «шароит яхшиланмагунича бирорта раҳбар ҳеч қаерга кетмаслиги»ни таъкидлаган.

Сирдарёга биринчи галда нималар етказиш керак?

Сирдарё бўлиб турган масъуллар хайрия ташаббускорлари билан мулоқотда биринчи галда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик суви, гигиена воситалари, кийим-бош ва пойабзал зарурлигини маълум қилган.

«Ҳозиргина Гулистон билан гаплашдик, Меҳнат вазирлиги ва ҳокимлик манна бўтқаси жуда ҳам зарурлигини (ёш болалар жуда кўп), памперслар, бир марталик идиш-товоқ, ёғ, гўшт, гречиха, гуруч, макарон, ичимлик суви кераклигини билдирди; кийим-бош, пойабзал, совун ҳам керак — одамлар тонгда эвакуация қилинган, кўпчиликнинг на пойабзали, на устки кийими бор», — дейди расмийлар билан мулоқотда бўлган манба.

Тошкентда қаерда ёрдам тўпланмоқда?

Хусусан, Telegram’да ташкил этилган «Сирдарёга ёрдам» гуруҳи фаоллари Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонаси олдида йиғилиб, кўнгиллилардан хайрия ёрдамлари (озиқ-овқат, кийим-кечак, пул)ни қабул қилиб олмоқда. Ёрдам беришни истаганлар гуруҳ ташаббускори Бобир Мукадамов номига очилган пластик картага (8600 5304 2934 0725) пул маблағларини ўтказишлари мумкинлиги маълум қилинган.

Фото: Telegram / @sirdaryogayordam

Шунингдек, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти, «Islom.uz» портали, «Muslimaat.uz» ҳамда «Гранд Таълим» нодавлат таълим муассасаси томонидан ҳам хайрия штаби ташкил этилган. Штаб Ихлосиддин Урманов номига очилган пластик карта (8600 3329 4846 7836) орқали пул маблағларини қабул қилмоқда, шунингдек, ёрдам бериш истагидагилар озиқ-овқатлар (гуруч, ёғ, ун, тухум ва ҳ.к.), гигиеник воситалар (совун, туалет қоғоз, болалар тагликлари ва ҳ.к.), кўрпа-тўшаклар, чойшаблар, кийим-бошлар (эркаклар, аёллар, болалар учун), дори-дармонларни Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Сўгалли ота кўчаси, 5-уйга етказишлари мумкин.

Фото: Telegram / @sirdaryogayordam

Фаол блогер Ақида Хоним бошчилигидаги «Покиза инсонлар» гуруҳи 200 кишига озиқ-овқат етказиш ниятида эканлигини маълум қилган. Бу гуруҳ акциясига ҳисса қўшиш истагида бўлганлар +998 99 814-30-08 телефон рақами орқали боғланишлари, Акида Махирова номига очилган пластик картага (8600 0329 1871 4593) маблағ ўтказишлари мумкин. Шунингдек, «Севимли» телеканали қошида ҳам кийим-кечаклар тўпланмоқда, улар билан +998 90 347-87-00 телефон рақами орқали боғланиш мумкин.

Сирдарёга шахсий машинада бориш имкони йўқ. Ҳатто стикер билан ҳам

«Сирдарёга ёрдам» гуруҳида қолдирилган видео ва аудиохабарларга кўра, Hyatt Regency меҳмонхонаси олдида Сирдарёга хайрия ёрдами юкларини етказиш мақсадида тўпланган кўнгиллилар билан пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳарнинг бошқа масъуллари учрашган. Улар Сирдарё вилоятига шахсий автомобилларда, улар учун махсус рухсатнома стикери олинган бўлса ҳам, бориш имкони йўқлиги, ёрдам юклари фақат юк ташувчи машиналарда етказилиши мумкинлигини маълум қилган. Бу борада шаҳар расмийлари ёрдам юкларини Сирдарёга етказишда кўмак кўрсатилишини билдирган, айни вақтда фаолларнинг ўзи ҳам юк машинаси бор кўнгилларни ёрдамга чақирмоқда.

Сирдарёга бутун Ўзбекистон ёрдамга ошиқмоқда

Сирдарё вилояти аҳолисига нафақат Тошкент шаҳридан, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ҳам ёрдам юклари юборилмоқда. Аввалроқ Қашқадарё ва Андижон вилоятларидан ёрдам юклари Сирдарё вилоятига юборилгани ҳақида хабар берилган эди.

Хусусан, таъкидланишича, Андижон вилоятидан кўмак карвони орқали 12 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами, 35 мингта тиббий ниқоб, 10 минг дона бир марталик идиш ҳамда 145 мингдан ортиқ кийим-кечак, Қашқадарёдан эса 15 тонна ун, 1 тонна ёғ, 500 кг шакар, 500 кг гуруч, 500 кг макарон, 1,5 тонна димланган консерва гўшт маҳсулотлари, 1500 кг болалар пюреси, 750 кг қандолат маҳсулотлари юборилган.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоятининг техноген офатдан энг кўп жабр кўрган Сардоба тумани аҳолисига кўмаклашиш мақсадида Самарқанд вилояти депутатлари томонидан вилоят бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 5 миллиард сўм пул кўчириш ҳақида қарор қабул қилинган.