2 февраль куни Тошкент шаҳридаги Интерпол миллий марказий бюросида ИИВ Тергов департаменти томонидан «Авто 60 ой» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, анжуманда ОАВ вакиллари, жабрланганлар ва «Авто 60 ой» МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировнинг онаси Малоҳат Зокирова ҳам қатнашган.
«Болам бу ишларни бошлаганида ёмон ниятда бўлмаган. Қариндош-уруғларимиз номига ҳеч қандай мол-мулк ўтказмаган. Отасизликда ўстирганман. Халққа фойдаси тегиши учун, халқ ҳожатини чиқариш учун тадбиркорликка қўл урган. Эҳсонлар қилган, меҳрибонлик уйларига хайриялар берган. Лекин бировнинг пулини еб кетиб, ўртага нимадир қўйган жойи йўқ.
Ўғлим фаолиятини энди бошлаганида, ишхонасида текширув бўлган. Алишер ‘опер’ бориб, текширув ўтказган. Ҳамма ҳужжатлари тўғрилигини исботлаб беришган. Шунда ҳам боламни қўйишмади барибир. Тергов давомида келганимда Фарҳод Эргашев ‘Ўғлингизни тўрт маротаба чақирганмиз, қулоқ солмаган’, деб бир неча марта айтди. Нима учун фирма 12 та вилоятда офисларини очиб, ишлари катталашиб кетгунга қадар бирор киши индамади. 5 ойдан бери қамоқ жазосида. Сизлардан ёрдам сўрайман, ҳеч кимни пулини еб кетмайди. Суддан соғ-омон чиқса, ҳамма пулларингни қайтаради», — дея жабрланувчилар ва Тергов департаменти расмийларига юзланди Малоҳат Зокирова.
Унинг айтишича, айни пайтда эҳтиёт чораси сифатида ҳисбда сақланаётган ўғли яқинлари номига хат ёзган. Мактубда терговчилар айбланувчи Жамшид Баҳодировдан қарийб 1 миллион доллар пул сўрагани баён этилган.
«Тергов жараёнида боламга нисбатан тазйиқлар бўлди. Ўғлимни менга ёзган хатида ёзилишича, 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси «Тоштурма»дан олиб келишган. Ўшанда тазйиқ ўтказишган. Терговга наркологиядан ҳам одам олиб келишган. Наркотик модда чектиришди, овқатимга солиб, мажбурлаб едиришди ва айбимга иқрорлик хатини ёздириб олишди, деб ёзди болам. Бу жараёнда Алишер «опер» ва Фарҳод Эргашев бўлган. Алишер «опер» ўғлимдан 900 минг доллар талаб қилган. «900 минг доллар берсанг, сени суддан чиқариб юборамиз. Пулни фалончи, фалончиларга берамиз», деган. Ўғлим шу гапларни 2—3 варақ хатида ўзидан ўзи ёзмаса керак. Лекин бу бўйича оддий текширув бўлди, тезда ёпилиб кетди. Биз оддий камбағал фуқаролар қолиб кетаверамиз. Straus House’дан ҳам 1 миллион доллар сўрашган экан. У бола ҳам бўлмаган гапни айтмаса керак.
Бу ҳолатлар бўйича ҳамма жойга мурожаат қилдим. Сизларга ҳам кўп маротаба хат ёздим. Ёзмаган жойим қолмади. Тергов департаменти текшириб, кўриб чиқяпти, деган жавобни олдим. Терговчи, «опер»ларга нисбатан нима чора кўрдиларингиз? Қани шуни айтинглар?», деди Зокирова.
Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев Малоҳат Зокирова саволларига шундай жавоб қайтарди: «Аввало, шуни айтиш керакки, Жамшид Баҳодиров тергов идорасига жиноят иши қўзғатилиб, вилоятлардаги офисларида тинтув ўтказилганидан кейин келтирилган. Шундан сўнг унга нисбатан гумонланувчи тариқасида чақирув қарори эълон қилиниб, сўроқ қилинган.
Жамшид Баҳодиров билан боғлиқ тергов ҳаракатлари икки, учта ҳимоячилар иштирокида ўтган. Қолаверса, ҳозир ҳар бир тергов хоналарида кузатув камералари мавжуд. Ўғлингиз вақтинча сақланаётган ҳисбхонада ҳам камералар ўрнатилган. Улар 24 соат тўхтовсиз ишлайди. Сизнинг мурожаатингиз бўйича хизмат текшируви ўтказилган ва ўз тасдиғини топмаганлиги боис қаноатлантириш рад қилинган.
Сиз ҳозир етказилган зарарнинг ҳаммаси қоплаб берилади, деб айтяпсиз. МЧЖ ҳисоб рақамидаги пуллар ва мол-мулклар 34 миллиард сўмни ташкил қиляпти. Одамлардан эса 57 миллиард сўм жалб қилинган. Қолган маблағлар қаерда?
Жамшид Баҳодировда 18 минг 818 нафар одамга худди шунча автомашина етказиб бериш мажбурияти бор. Шунча фуқародан 96 нафари транспорт воситаси олган холос. Қолганларга қайси пул маблағлари ҳисобидан автомашина қилиб беради? У фаолиятини 10 миллион сўм билан бошлаган. Устав фондини шакллантирмаган.
Эҳсон қилишдан олдин 18 минг нафардан ортиқ одам олдидаги мажбуриятини бажариши керак. Агар фаолиятида фойдага кирса, сўнгра хайриялар қилиши мумкин. Аммо шартнома бўйича мажбуриятини бажармай туриб, фуқаролардан олинган пулларни хайрияларга сарфлашга ҳаққи йўқ».