Озарбайжон ҳукумати COVID-19 коронавирусининг тарқалишидан хавотирланиб, мамлакатдаги барча олийгоҳ ва мактабларни ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Azerbaycan24 хабар бермоқда.
Қайд этилишича, юқумли касалликларнинг олдини олиш, бу борадаги тегишли профилактика чораларининг самарадорлигини ошириш, мамлакатдаги барча таълим муассасаларида тиббий-профилактика, зарарсизлантириш ва бошқа профилактика ишларини олиб бориш мақсадида ўқув жараёнини 3 мартдан 9 мартгача тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, шу муносабат билан барча тадбирларни кейинга қолдиришга қарор қилинган.
«РБК»нинг ёзишича, 2 март ҳолатига кўра Озарбайжонда коронавирусдан 3 киши касалланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Хитойдан ташқари коронавирус қайд этилган давлатлар сони 64 тага етди. Умумий ҳисобда дунёда 90 370 киши коронавирусга чалинган бўлиб, уларнинг 80 174 нафари Хитойда. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335), Италия (2036) ва Эрон (1501) кетмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистондаги барча мактабларда коронавирусга қарши чоралар кучайтирилши хабар берилган эди.