Ўзбекистон бош прокурори ва ички ишлар вазири ҳокимларга коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус топшириқ берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 85 нафар ҳоким учун ташкил этилган машғулотларда маълум қилинди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 27 январь—6 февраль кунлари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Андижон, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳоким ўринбосарлари ва туман ҳокимларидан иборат 85 нафар тингловчи учун малака ошириш дарслари ташкил этилган.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари ва туман ҳокимларидан иборат 85 нафар мансабдор иштирок этган машғулотда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳамда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳокимларга коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус топшириқ берган.
— Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳокимларга машғулот ўтган бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, ИИВ вазири Пўлат Бобожонов ва Олий Суд раиси Козимжон Комилов коррупция муаммосига қарши муросасиз курашиш лозимлигини таъкидлаб, ҳар бир ҳоким ўз ҳудудидаги коррупцион ҳолатларга тўғридан-тўғри жавобгар бўлишини таъкидлади. Иллатга қарши биргаликда курашиш лозимлигини айтди, — дейди Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов. — Ана шу махсус топшириқдан келиб чиққан ҳолда бугун Деҳқонободда барча раҳбарлар иштирокида семинар ташкил этдик ва коррупция домига тушган мансабдорлар ҳақидаги видеорликни намойиш қилдик. Мақсадимиз туман раҳбарларини огоҳлантириш ва бу иллатга қарши муросасиз курашдан иборат эканлигини тушунтирдик.
Таъкидланишича, туман ҳокими раҳбарлигида ўтган йиғилишда Зоир Алиқулов тумандаги барча ташкилот раҳбарларини коррупция домига ботмасликка чақириб, туманда мазкур иллатга қарши курашиш учун махсус ишонч телефонлари ташкил этилганлигини, бу каби ҳолатлар ҳоким назоратида бўлишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида ўтган йиғилишда сўнгги икки йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 та жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилгани, бу жиноятларнинг 71 таси порахўрлик эканлиги таъкидлаб ўтилганди.
Изоҳ (0)