Туркияда Disney мультфильмларидаги ҳақиқий қасрлар бунёд қилинган шаҳар мавжуд. Ушбу шаҳардаги саройларни интернет орқали томоша қилганлар бу ҳақиқат эканига ишонмайди. Бироқ бу фотошоп дастурида қайта ишланган суратлар эмас, сеҳр-жоду ҳам эмас — шаҳар ҳақиқатан ҳам мавжуд ва Истанбулдан 200 километр узоқликда, тоғлар орасида жойлашган.
AdMe.ru нашри «Бурж ал-Бобос» деб номланувчи эртакмонанд шаҳар ҳақида қизиқарли маълумотлар тўплаган. Интернетдаги ҳайратланарли суратлар реал ҳаётдаги кўринишни тўлиқ ифодаси эмас экан.
Сеҳрли саройлар бу ердаги ўзига тўқ ёки бой алоҳида қатлам учун қурилмаган
2014 йилда қўшни мамлакатлардан келувчи бой туристлар ташрифи учун шаҳар қурилиши бошланди. 732 та Disney саройини ҳашаматли виллаларга айлантириш режалаштирилди. Қурилишга тахминан 200 миллион доллар ажратилди. Режалар оламшумул эди: уйлардан ташқари масжид, савдо маркази, сув ҳавзалари ва турк ҳаммомлари қурилиши режалаштирилганди.
Саройлар учун ниҳоятда катта майдон ажратилганига қарамай архитектор шаҳарда Европа коттежлар шаҳарчасини бунёд қилишни режа қилган. Эртакнамо виллалар зич жойлашган: уларнинг деразалари бир-бирига қараган. Лекин уйларнинг кўриниши деярли бир хил.
Интернетда лойиҳага турлича баҳо берилган
Ижтимоий тармоқларда кўпчилик фойдаланувчилар ушбу режани илиқ қаршилагани йўқ. Суратлар остидаги шарҳларда «Бурж ал-Бобос» лойиҳаси «аҳмоқлик», «хунук», «аянчли» ва ҳатто «қабристон» деб «эътироф» қилинган. Читтаслоу халқаро ҳаракати иштирокчиларига ҳам саройлар комплекси манзур келмаган.
Disney шаҳарчасининг қурилиши якунланмаган
2018 йилда қурилиш билан шуғулланган компания касодга учради ва ишлар тўхтаб, шаҳар ҳувиллаб қолди. У вақтда қасрларнинг 587 таси қуриб битказилган, бироқ ташқи кўриниши зўр бўлгани билан деворлар қарийб яланғоч эди. Лойиҳа ички безак ишлари бошланишидан аввал ёпилди. Сеҳрли виллаларнинг ички хона ва йўлаклари қандай бўлиши кутилганини фақат тасаввурда тахмин қилиш мумкин.
Эртакнинг давоми бўлиши мумкин
Қурувчилар лойиҳани қайта бошлаш ва якунлаш мумкинлигини тахмин қилмоқда. Қарзлардан қутилиш учун компания 100 та виллани сотиши лозим. Аммо амалда буни уддалаш мушкул вазифа: сарой олишни истаган одамларнинг аксарияти тиккан пулларини қайтаришга уринмоқда. «Бурж ал-Бобос» қачон битиб, фойдаланишга топширилиши номаълумлигича қолмоқда.
Изоҳ (0)