Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 22 декабрда ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига ўтказиладиган сайловлар ва уларга тайёргарлик жараёнлари ҳақида гапирди.
АКТ вазири, жумладан, ахборот технологияларини сайлов жараёнларида қўлланиши сайловнинг очиқлиги ва шаффоф ўтишини таъминлаётгани, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг асосий вазифаларидан бири бу «бир сайловчи — бир овоз» тамойилини тўлиқ, бехато амалга ошириш эканлиги, шунингдек, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 20 миллиондан ортиқ фуқаро киритилганини таъкидлади.
Вазир сайлов жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун синов тариқасида 60 та сайлов участкаларига 120 та видеокузатув камераси ўрнатилгани ва мазкур қурилмалар сайловлар жараёнини тўғридан-тўғри интернет жаҳон тармоғига узатилишини маълум қилди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов эса 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда озодликдан маҳрум этилган қарийб икки минг нафар шахс қонуний иштирок этиши мумкинлиги, хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар, уларнинг мурожаатларига асосан хориждаги сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилиши белгилангани, «Адлия сайловга чорлайди» ва «Адлия чорлови» акциялари ўтказилгани, шу билан бирга, сайловларнинг ҳар томонлама янгича руҳда, шаффоф ва ҳаққоний ўтиши, бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда сайлов қонунчилигига қатъий риоя этилишини таъминлаш бош вазифа эканлигини билдирди. Давлетов фуқароларни муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга чорлади.
Олий суд раиси Козимжон Комилов Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилиниши, сайловлар якунлангач ўн кун ичида ушбу қарор устидан Олий судга мурожаат қилиши мумкинлиги, шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўлиқ кафолатлангани ҳақида тушунтирди.
Изоҳ (0)