Дунёни яхшилаймиз деб ҳисоблайдиган шахслар доимо уни ёмон воқеаларга олиб келган, аммо диктаторларга ҳеч қачон ҳаётдан завқланиш ҳисси таниш бўлмаган.Нигерия шимолидаги Даура шаҳарчаси Африка қитъасида азалдан ислом тамаддунининг ўчоғи сифатида баҳолаб келинган. Африкалик кўплаб тарихчилар, этнографлар бутун Африка қитъасига ислом дини ёйилишида Нигерия шимолидаги исломни қабул қилган халқлар алоҳида тилга олинади. Ана шундай исломий шаҳарчада «Боко ҳарам» устидан ғалаба қозониш истагида бўлган, ўз олдига улкан мақсад ва ниятларни қўйган собиқ диктатор Муҳаммаду Бухорий ўзини янги демократ сифатида таништира бошлади ва сайловда ғолиб чиқди. 17 декабрь – унинг туғилган куни. У ҳақда «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев ҳикоя қилади.Эрих Мария Ремарк, олмон ёзувчиси
Муҳаммаду Бухорий 1942 йил декабрида Нигериядаги фулбе қабиласига мансуб Одам ва Зулайхо оиласида дунёга келди.
Муҳаммаду тўрт ёшга тўлганида отаси вафот этди. Бўлғуси президентнинг тарбияси билан онаси шуғуллана бошлади. Унинг болалиги қандай кечган ҳақида аниқ маълумот йўқ, ёки атайин йўқ қилинган.
Маълумотга кўра, Муҳаммаду Бухорий бошланғич таълимни Кацина шаҳридаги бошланғич мактабда олган. Аммо бу ҳақдаги маълумот тўғри эканини исботловчи далиллар йўқ. 2015 йилдаги президентлик сайловида ундан бошланғич таълим ҳақидаги маълумотни тақдим этиши сўралганида бўлғуси президент тақдим эта олмаганди.
Илк ҳарбий фаолияти
Бухорий 1961 йилда Нигериядаги Ҳарбий амалиётлар коллежига ўқишга қабул қилинди. 1964 йилнинг февраль ойида коллеж номи ва мақоми ўзгартирилиб, муассаса Нигерия мудофаа академияси деб номланди. 1962–1963 йилларда бўлғуси генерал Англиядаги зобитлар мактабида таълим олди.
Ўқишни тамомлагач, Муҳаммаду лейтенант зобитлик даражасини олди ва Нигериядаги Абеокута полкини бошқаришга юборилди.
Бухорий бир оз вақт Конгода БМТнинг тинчликпарвар кучлари – «мовий каскалари» сафида хизмат қилди, сўнг ҳарбий маҳоратини ошириш мақсадида яна Британияга йўл олди.
1966 йилнинг июль ойида 24 ёшга тўлмаган Бухорий генерал Агуи-Иронси ҳокимиятини қулатишда иштирок этди. Шу воқеадан сўнг унинг сиёсий карьераси аста-секинлик билан ўса бошлади. 1970 йилда у полковник мақомига сазовор бўлди ва дивизияни бошқариш имконига эга бўлди.
1973 йилда Ҳиндистонда зобитлар тайёрлаш курсларида ўқиди ва ватанига қайтиб келиб, президент Яқуб Дан-Юмма Говонни ҳокимиятдан четлатишда иштирок этди. Муҳаммаду Бухорий исёнда асосий куч бўлмаган эса-да, хизматлари учун Борно штати губернатори мақоми билан сийланди.
Исён натижасида ҳокимиятга Олусегуна Обасанжо келди. Бухорий унинг даврида президентнинг хос давраси аъзолари қаторига қўшилди. Унга нефть ва табиий захиралар федерал қўмитаси раҳбарлиги ишониб топширилди. Қизиқ жиҳат шуки, қўмита даврида давлат бойликлар талон-торож этилган бўлса-да, бу Муҳаммаду Бухорийнинг келажагига соя солмади.
1979 йилда ҳокимият ҳарбийлардан фуқаролик жамияти вакиллари қўлига ўтди. Муҳаммаду Бухорий ўз соҳаси бўлмиш ҳарбийлик билан шуғулланишга қарор қилди. 1980 йилда АҚШда ҳарбий амалиёт машқларида малака ошириб қайтгач, унга генераллик рутбаси топширилди.
1983 йилда Нигерия манфаатлар тўқнашуви натижасида Нигерия – Чад урушига аралашишга мажбур бўлди. Нефтьга эгалик қилиш ўша кезларда Нигерия ва Чаддаги қабилалар учун даромадга, таъсирга эга бўлиш истиқболидек кўринарди. Генерал Муҳаммаду Бухорий Нигерия президенти Шагари кўрсатмаларига зид равишда Нигерия ҳудудига бостириб кирган чадликларнинг таъзирини бериб қўйишни истади.
Мазкур воқеа Шагари исён натижасида президентлик мартабасидан кетишининг бошланиш нуқтаси бўлди. Амалдаги президент ҳокимиятдан четлатилишида Муҳаммаду Бухорий асосий ролни бажарган бўлса-да, у камтарлик билан хизматлари унчалик кўп эмаслигини айтишни хуш кўрарди.
Шагари ҳукуматдан кетишининг қатор сабаблари бор эди: у юритаётган сиёсат асосан ҳарбийлар орасида норозиликка сабаб бўлаётган эди. Ҳарбийлардан чиқмаган киши мамлакатда биринчи рақамли шахс сифатида буйруқ бераётгани мамлакатга жони ва қонини фидо қилган ҳарбийларга ёқмаётган бўлса, иккинчи тарафдан, ҳарбийлар амалдаги президентнинг Чад борасидаги сиёсатини маъқулламай келаётган эди. Улар назарида, президент Шагари мулойим супурги эди. Шагари ҳокимиятдан ағдарилди, Бухорий эса мамлакатнинг олий раҳбари бўлди.
Аҳолига Шагари халқ манфаатларидан кўра шахсий манфаатларига интилиб, коррупцияга йўл очиб бергани айтилди. Оломон коррупциячи сиёсатчи жазоланганидан мушакбозлик қилди.
Халқ ўзига муносиб раҳбарни сайлай олсагина ҳеч қандай исён, ҳарбий тўнтаришга ўрин қолмайди.Диктатор ўлди, яшасин диктаторМуҳаммаду Бухорий
Ҳокимият тепасига келган Бухорий мамлакатда конституция амал қилишини тўхтатди, парламентни тарқатиб юборди ва сиёсий партиялар фаолиятини тақиқлади. Натижада мамлакат 1960-йиллардаги ҳарбий тартибга қайтди. У мамлакатда куч билан тартиб ўрната бошлади. Тартибни куч билан сингдириш мақсадида инсон ҳуқулари бузила бошлади. Ҳарбийлар ҳаттоки автобус бекатларида халқни чипта олиш учун навбатга туришга ўргата бошлади. Ишга кечга қолган ходимлар жамоаси олдида қурбақасимон сакрашни ижро этиши керак эди.
Ҳукумат коррупцияга қарши кескин чоралар кўра бошлади, лекин бу чоралар наф бермади. Бухорийнинг иқтисодий ислоҳотлари иқтисодиёт қонунларидан узоқ ва буйруқбозликка асосланган бўлиб, Шагарининг сиёсатини такрорлар эди. Бухорий Халқаро валюта жамғармаси тавсияларига итоат этмас, итоат этган тақдирда миллий пул бирлигини девалвация қилишга тўғри келар эди.
Мамлакатда сиёсий партиялар, журналистлар, фуқаролик жамияти асослари таъқиб қилинди. Кимки амалдаги ҳукумат ҳақида салбий фикр билдирадиган бўлса, қамоққа ташланди ва сургун қилинди.
Аммо чуқур ўйланмаган иқтисодий ислоҳотлар натижасида Бухорий ҳокимияти 1985 йилда ҳарбийлар томонида ағдарилди. Навбатдаги исён бошида генерал Бабангиди турар эди. Натижада диктатор Муҳаммаду Бухорий кейинги уч йилни қамоқда ўтказишга мажбур бўлди.
Янги ҳокимият, янги имкониятлар
Давлат тўнтариши амалга ошиб, Нигерия халқи янги диктатор Сани Абача зуғуми остида қолди. Абача собиқ генералнинг ўтмишдаги хизматларини унутмаган кўринади, уни 1995 йилда Petroleum Trust Fund ташкилоти президенти этиб тайинлади. Бу ташкилот ҳукумат тарафидан Нигерияда инфратузилмани яхшилаш ва молиялаш мақсадида тузилди. Бухорий нигерияликларга сидқидилдан ва виждонан хизмат қилган бўлса-да, Сани Абача вафотидан сўнг уни лавозимидан олиб ташлашди.
Бу воқеадан сўнг Муҳаммаду Бохорий Нигерия аҳолиси орасида мутлоқ нуфузга эга сиёсатдон сифатида машҳур бўлди. Собиқ Нигерия раҳбари сифатида у янги ташкил этилган Давлат кенгаши аъзоси бўлди. 2003 йилдан бошлаб консерватив партия номзоди сифатида ҳокимият учун сайловда қатнаша бошлади.
Мусулмонлар барча мусулмонлар учун овоз бериши керак.Сиёсий номзод сифатида Бухорий ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўйган эди:Муҳаммаду Бухорий
- Нигериянинг барча штатларида шариат қонун қоидалари амал қилиши;
- Дини, миллати ва жинсидан қатъий назар барча тенг ҳуқуқли бўлиши.
Шунга қарамай, собиқ диктатор 2007 йилдаги сайлов каби бу сайловда ҳам мағлубиятга учради. Энг хавотирлиси, 2007 йилдаги сайлов мамлакат тарихидаги энг сохта сайлов сифатида эътироф этилди.
Янги ғоя ва натижа
Муҳаммаду Бухорий Petroleum Trust Fund раҳбари лавозимида ишлар экан, халқнинг бир найрасига (найра – Нигерия пул бирлиги) хиёнат қилмаганини кўрсата олди. Бундан ташқари, президент Жонатан Гудлак коррупция машмашаларига аралашиб қолгани, «Боко ҳарам» гуруҳи фаоллашганига қарши чора кўра олмаётгани 2015 йилги сайловда ҳарбий соҳада тажрибали Муҳаммаду Бухорий сезиларли даражада юқори овоз тўплай олишига сабаб бўлди. Мағлубиятлар инсон тажриба ортиришига ёрдам беради дейишади. Бухорий ўзидан янги инсон ясай олди ва сиёсий номзодлигига доғ туширадиган ҳозирги ва келажакдаги амаллардан тийилишга ўрганди.
2015 йилги сайловда Муҳаммаду Бухорийнинг ғалабасини таъминлашга Еми Осинбажо салмоқли ҳисса қўшди. Унинг «Прогрессив ислоҳотлар учун конгресс» партияси Нигерия халқи учун янги ислоҳотлар йўл харитасини тақдим қилди. Муҳаммаду Бухорий бу дастурдан илҳомланибми ёки сиёсий пиар учунми, у муносиб рақиблигини тан олди. Сайловда Муҳаммаду Бухорий ғалаба қозонди ва Еми Осинбажо президентнинг ўринбосари лавозимига тайинланди. Муҳаммаду Бухорий давр ўзгарганини тушуниб етган эди.
«Боко ҳарам» муаммоси
Сайловда ғалаба қилган президент олдида мамлакатда ички тартибни сақлаш муаммоси турар, нигерияликлар ўғил-қизлари «Боко ҳарам» томонидан ўғирлаб кетилишидан норози, ҳукуматдан тинч аҳоли осуда ҳаёт кечиришини таъминлашни талаб қилар эди. Президент Бухорий «Боко ҳарам»ни қонундан ташқари деб эълон қилди ва унга қарши кескин чора кўришга ваъда берди. Бухорий «Боко ҳарам»га қарши чора кўриш унинг келажагига ҳам дахлдор эканини яхши англар эди.
2018 йилда «Боко ҳарам» томонидан Ёба вилоятида 118 ўқувчи қиз ўғирланиши Бухорий маъмуриятига катта зарба берди. Бу Бухорий маъмурияти мафкурасининг мағлубиятидан дарак эди. Бир ойдан сўнг ўқувчи қизлар озод этилган бўлса-да, ҳамон нигериялик тинч аҳоли «Боко ҳарам» зарбасидан халос бўлмаганлигини барча нигерияликлар англаб етди.
«Боко ҳарам»га қарши Нигерия ҳукумати сезиларли ютуқларга эришиб, уларни Камеруннинг Самбиса ўрмонларига чекинишга мажбур қилган бўлса-да, бу жўғрофий ҳудуд «Боко ҳарам»нинг асосий таянч базаси бўлиб қолмоқда. Демак, Бухорий ҳукумати «Боко ҳарам» муаммосидан тўла қутулмади.
Бугунги вазият
Мухолифат Бухорий «Боко ҳарам»га қарши натижага эришмади деб танқид қилаётган бўлса-да, амалдаги ҳукумат мамлакатдаги асосий муаммолардан бири бўлган коррупцияга қарши курашда сезиларли муваффақиятга эришди. Президент ҳузурида коррупцияга қарши кураш кенгаши коррупцион ҳолатларга дуч келган нигерияликларга моддий ёрдам бериши ҳақида дастур эълон қилди. Ҳукумат собиқ маъмуриятнинг бюджет харажати масаласида кенг миқёсда тергов ишларини амалга оширди ва улкан миқдорда камомад аниқлади.
Шунингдек, ҳукумат бюджет харажатини мувофиқлаштириш амалиётини бошлади. Бу эса Нигерия ҳукуматига 34 миллиард найра тежаб қолиш имконини берди. Давлат ташкилотларида «ўлик жонлар»га тўланадиган маошларни йўқотишга эришди.
Жаҳон банки Нигерия иқтисодиёти келгуси йилларда 3–4 фоиз ўсишини тахмин қилмоқда.
Бугун Нигерия ҳукумати олдида турган асосий масала «Боко ҳарам»га зарба бериш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш ва иқтисодиётни нефтга қарамликдан қутқариш бўлиб қолмоқда.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)