Кирилл алифбосидаги ё ҳарфи «туғилган» кун ҳар йил 29 ноябрда нишонланади. Ё кирилл алифбосининг энг охирги ишлаб чиқилган ҳарфларидан бири ҳисобланади. Ҳатто бугун ҳам Россияда унинг ишлатилишига қарши чиқувчилар бор. Блогер ва тилшунос Эльдар Асанов бу ҳарф ҳақида қизиқарли фактларни келтиради.
1) Ё ҳарфи битта эмас, иккита товушни ифодалайди, яъни у товуш бирикмасидир. Унинг фонетик транскрипцияси – йо. Бундай товуш бирикмалари илмий тилда йоталашган унлилар дейилади;
2) Йоталашган унлиларни ифодалайдиган ҳарфлар фақат кирилл алифбосида бор (е, ё, ю, я). Лекин булар ичидан ё жуда кеч пайдо бўлган, қадимда ишлатилмаган;
3) Бунинг сабаби – славян тилларида қадимда юмшоқ ундошлардан кейин о товуши келмаган. XII асрда шарқий славян тилларида (бугунги рус, украин ва беларус тиллари) шундай позициядаги э о товушига ўта бошлаган. Шундай қилиб, сўзлардаги йэ товушлари йо деб ўқила бошланган;
4) Бундай фонетик кўчиш фақат урғу тушадиган бўғинларда рўй берган. Шу боис бугун ҳам рус тилида ё товуши урғу тушган е ўрнида пайдо бўлади: ель – ёлка, звезда – звёзды;
5) Ё ҳарфи пайдо бўлгунига қадар бу товуш бирикмасини ифодалаш учун ио, iо ва ьо ҳарф бирикмаларидан фойдаланилган;
6) Россиянинг машҳур давлат арбоби, Екатерина II нинг дугонаси ва ислоҳотчи, княгиня Екатерина Дашкова 1783 йили алифбони ислоҳ қилишга қарор қилди. Ўша йилнинг 24 январида Екатерина II уни Санкт-Петербург фанлар академияси директори этиб тайинлади. 30 сентябрда у рус тилини ўрганувчи Россия академиясини ташкил этди;
7) 1783 йил 29 ноябрда Россия академияси йиғилиши бўлиб ўтди. Екатерина Дашкова академикларга мурожаат этиб, ёлка сўзи қандай ёзилишини сўради.
«Ҳозир йо товуши иккита ҳарф билан ёзилади, лекин уни битта ҳарф билан ҳам ёзса бўлади. Масалан, ё билан», – деди у;
8) Княгиня Дашкова нега айнан ё ҳарфини таклиф этгани бугунгача номаълум. Баъзи замондошларининг ёзишича, Дашкова бу ҳарфни Moët & Chandon виносининг номидан олган. Нима бўлганда ҳам, княгинянинг таклифи қабул қилинди ва шу кундан эътиборан баъзи зиёлилар бу ҳарфни ишлата бошлади;
9) Машҳур рус маърифатпарвари, тарихчи Николай Карамзиннинг саъй-ҳаракатлари билан ё ҳарфи кенг жорий этила бошланди;
10) Ё товуши сўзлашув тилида пайдо бўлганига ва Екатерина Дашкова давридан ёзувга ҳам кўчганига қарамай, зиёли русларнинг аксарияти узоқ вақт матнларда ё товушини ишлатмаган – бу адабий тилни бузиш ҳисобланган. Масалан, фанлар академиясини 1813–1841 йилларда бошқарган Александр Шишков ё ҳарфининг жорий этилишига тиш-тирноғи билан қарши эди;
«Ростдан ҳамма шундай гапиради, яъни э ҳарфини ё деб талаффуз қилади, лекин бу талаффуз халқона бўлиб, саводхонликка ва тил софлигига мос келмайди», – деган эди у;
11) Босма матнда ё ҳарфини ёзиш катта қийинчиликлар келтириб чиқарди. Шу боис кўп ноширлар китобларда уни ишлатмай келди;
12) 1917–1918 йилги имло ислоҳотида ё ҳарфини ишлатиш мажбурий эмас деб белгилаб қўйилди. Шунинг учун бугунги кунга қадар рус тилидаги кўпчилик китобларда, газеталарда, интернетда бу ҳарф ишлатилмайди. Болалар адабиёти бундан мустасно – улар тўғри талаффузни ўрганиши учун ё ҳарфини ишлатиш керак бўлади;
13) Русларнинг ўзи ҳам қаерда ё, қаерда е ишлатилиши масаласида жуда кўп адашади, шунинг учун Россия телеканалларида эшитилган талаффузни доим ҳам тўғри деб ўйламанг. Ёзувдаги чалкашлик, ё ҳарфининг бир мажбурий бўлиши, бир эркинлашиши, бир турдаги адабиётларда ишлатилиши, бир турдагиларида ишлатилмаслиги натижасида соҳаси тил бўлмаган кўпгина рус зиёлилари бугун ҳам ё ва е ҳарфларини чалкаштиради;
14) Масалан, шахмат бўйича жаҳон чемпиони, Алехинлар дворянлик оиласи вакили Александр Алехиннинг фамилияси деярли барча жойда Алёхин деб кўрсатилган. Бу Алехинни қаттиқ ғазаблантирган. Дежнёв, Чебишёв каби фамилиялар эса, аксинча, Дежнев, Чебишев деб ўқилган;
15) Чалкашликнинг энг машҳур намуналари СССР раҳбарларининг фамилияси билан боғлиқ. Хрушчёв ва Горбачёвнинг фамилиялари рус тилидаги адабиётларда Хрущев ва Горбачев деб ёзилгани учун америкаликлар бугунгача бу фамилияларни Khrushchev ва Gorbachev деб ёзади;
16) Яна бир мисол – совет даврида Москва метрополитени бекатларидан бири «Планёрная» деб номланган, лекин ёзувда ё доим тушириб қолдирилган. Бунинг натижасида халқ бекатни «Планерная» деб атай бошлаган ва ҳозир метрода ҳам бекат номи шундай эълон қилинади;
17) Бугун рус зиёлилари орасида бўлиниш бор: кимлардир ё ҳарфидан воз кечишни талаб қилади, кимлардир эса уни керакли ҳарф деб ҳисоблайди;
18) Аслида ё ҳарфи ўз моҳиятига кўра рус алифбосининг фонематик принципини бузади. Бу принципга кўра, битта фонема ҳар доим битта ҳарф билан ифодаланиши керак. Е товуши ё товушига кўчган ўзакларда (ель – ёлка) бу принцип бузилади;
19) Россия ёфикаторлар иттифоқи деган ташкилот бор. Ташкилот олдига қўйган мақсад рус тилини тўлиқ ёлаштириш, яъни ё ҳарфи ишлатилишини мажбурийлаштиришдир;
20) Ёфикаторлар ҳаракати анча кенг қулоч ёйган. Улар ҳарфга ёдгорликлар ўрнатиб келади. Шунингдек, Россиянинг бир нечта шаҳрида ё ҳарфи ибодатхоналари бор.
Изоҳ (0)