Прокуратура органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Ўтказилаётган қабулларда фуқароларнинг бир неча йиллардан буён ўзининг ечимини топмаётган муаммо ва таклифларини жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 27 ноябрида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев томонидан Тошкент вилоятида сайёр қабул ўтказилиб, жами 33 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 10 таси суд масалалари, 12 таси прокуратура ва 3 таси ички ишлар органлари фаолиятларига ҳамда 8 таси бошқа масалаларга оид бўлди. Уларнинг 5 таси жойида ҳал этилиб, қаноатлантирилди.
Шунингдек, Пискент тумани «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг турмуш шароити ўрганилиб, фуқароларнинг суюлтирилган газ, электр энергияси, ички кўчалар таъмирланиши билан боғлик мурожаатлари жойида ҳал этилди. Шу маҳалладаги кам таъминланган оила вакиллари ҳолидан хабар олинди.
Ўрта Чирчиқ тумани, «Юқориову»л маҳалла фуқаролар йиғини, Янгикўприк кўчасининг 1200 метр ички йўлларига шағал ётқизиб берилиши таъминланди.
Қабулда олинган мурожаатларнинг қонуний ҳал этилиши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)